Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18-19 март кунлари Тошкент вилоятига ташрифи давомида ҳудуд раҳбарлари зиммасига қатор вазифа ва топшириқлар юклатилди. Жумладан, сектор раҳбарларининг фаолият самарадорлигини ошириш, “фуқаробай”, “маҳаллабай” ва “секторбай” тизимда самарали ишлаш, амалга оширилган ишлар ҳисобдорлигини юритиш, бу борада Наманган тажрибасидан кенг фойдаланиш масаласи кўтарилганди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ушбу топшириқлар ижросини самарали ташкил қилиш борасида вилоятдаги барча туман ва шаҳар прокурорлари, ички ишлар органлари ва солиқ инспекциялари раҳбарлари учун ўқув семинар ташкил этилди.
Тадбирда вилоятдаги барча сектор раҳбарлари фаолиятини баҳолаш мезони, “маҳаллабай” “фуқаробай” ва “секторбай” ишлаш тизими, кунлик, ҳафталик, ойлик аниқ режалар тузиш ва уни амалга ошириш механизмлари, ишда самарадорликка эришишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида сўз борди.
Семинарда сектор раҳбарлари ўз фаолиятида аҳамият бериши лозим бўлган омиллар, хусусан, иш аввалида аниқ режа ва мақсад қўя билиш, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”даги оилаларни ва фуқароларни чинакамига рўйхатдан чиқариш чораларини кўриш, бу борада Наманган тажрибасини кенг қўллаш каби масалалар хусусида сўз борди. Эндиликда сектор раҳбарлари фаолияти 13 та аниқ индикатор асосида мунтазам баҳоланиши ва ушбу рейтингларни аҳоли вакиллари тўғридан-тўғри кузатиб бориши мумкинлиги қайд этилди.
Шунингдек, барча сектор раҳбарлари фаолиятида ортиқча қоғозбозликни чекловчи, маълумотлар ва ҳисоботлар электрон шаклланувчи тизим йўлга қўйилгани айтилди. Бундан ташқари, сектор раҳбарлари ўзларининг малакаларини онлайн тарзда ошириб боришлари учун Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ilm.argos.uz платформаси ишга туширилгани маълум қилинди. Эндиликда барча зарур маълумотлар билан ҳам матн, ҳам видеодарсликлар кўринишида танишиш мумкин. Энг муҳими, платформадан телефон, планшет ёки интернетга уланган компьютер орқали фойдаланиш имконияти яратилган.
Тадбирда “Ёшлар дафтари”га киритилган ва уюшмаган ёшлар билан ишлаш бўйича долзарб жиҳатларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири