Қоҳирадаги «Айн Шамс» университети профессори Магида Махлуф томонидан араб тилига таржима қилинган Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб «Бобурнома» асарининг электрон нусхаси Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасига тақдим этилди.

Асар  таржимасини топшириш маросимида таржимон Магида Махлуф  иштирок этди ва «Бобурнома»ни араб тилига ўгириш ғояси ҳақида сўзлаб берди.

Таржимоннинг айтишича, Бобур юртидаги кутубхоналар, университет ва араб тилида мутоала қилишни истаган ўзбекистонликлар учун қулай имконият яратиш мақсадида ушбу таржимани ўзбек халқига совға қилишга рози бўлган.

«Ўзбек халқининг буюк фарзанди Заҳириддин Муҳаммад Бобур қолдирган нодир мерос тўғрисида бутун дунё кўпроқ билиши учун ўз ҳиссамни қўшиш  мен учун шараф», деди таржимон.

«Бобурнома» асари профессор Магида Махлуф томонидан араб тилига таржима қилинган ва 2014 йилда  Қоҳирадаги «Араб уфқлари» ноширлик-уйида чоп этилган.

Китоб таржимаси Миср жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотиб, кўплаб ўқувчилар қалбидан ўрин олган.