Ҳудудларга тарғибот сафарларига борганимда ёшлар билан учрашувларда бир хил савол кўп такрорланади: «Устоз, интернетда бир киши динда бундай дейилган дейди, бошқаси қонунда бошқача ёзилган дейди. Қайси бирига ишонайлик?”-деб мурожаат қилишади.
Бу савол менга оддий туюлмайди. Чунки бугун кўп йигит-қизларимиз жавобни китобдан эмас, телефондан излайди. Бир дақиқалик видео, текширилмаган «фатво», кимдир ёзган ҳиссиётли пост минглаб одамнинг фикрини белгилаб қўймоқда.
Чорак асрдан ортиқ давлат ва ҳуқуқ тарихи, сиёсий-ҳуқуқий таълимотлар тарихидан сабоқ бериб келаман. Буюк ватандошимиз Бурҳониддин Марғиноний меросини ўрганиб, унга бағишлаб китоб ҳам ёзганман. Шу тажрибамдан келиб чиқиб, ёшларимизга очиқ айтмоқчиман: Конституциямиз билан Қуръони карим ва «Ҳидоя» асари ўртасида зиддият изламай, билим олиш керак. Шунда ҳаммаси ойдин бўлади. Инсон қадри, илм, яхшилик, ота-она ва устозга ҳурмат, оила ва вафо, шукроналик — буларнинг барчаси ҳам Бош қомусимизда, ҳам ислом таълимотида бир мазмунда мустаҳкамланган. Фарқи эса фақат йўлда яъни, қонун давлат кафолати ва жавобгарлик орқали ҳимоя қилади, имон эса виждон орқали тарбиялайди. Шу боис, ҳар бир фикрни қонйний яъни ҳуқуқий асосига эътибор берсак, энг аввал 2023 йил 30 апрелда умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциянинг 1-моддаси Ўзбекистонни суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат деб белгиланганини кўрамиз. Дунёвийлик давлат бирор динни мажбурий қилмаслиги, диний ташкилотлар давлатдан ажратилгани ва ҳар кимга виждон эркинлиги кафолатланганини англатади. Бу динни инкор этиш эмас, балки ҳар бир фуқаронинг эътиқодини давлат томонидан ҳимоя қилишдир. Мен Тошкент Ислом университетида 10 йилдан ортиқ “Ислом ҳуқуқи”, давлат ва ҳуқуқ тарихи, “Сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлар тарихи” фанларидан талабаларга дарс ўтган эдим. 1999 йилдан бошлаб то 2011-2012 йилларгача мазкур университетда ўзбек ва рус гуруҳларда дарсга кирганимдан ҳамиша фахрланаман. Шогирдларим менинг энг катта бойликларимдир. Шу учун мазкур қиёсий таҳлилда ислом ҳуқуқи манбаларига ҳам ҳавола қилаяпман. Чунончи Қуръони каримнинг Бақарасурасининг 256-оятида шундай тамойил бор яъни, “Динда мажбурлаш йўқ”, яъни эътиқод зўрлик билан эмас, онгли танлов билан бўлади. Демак, Конституция ва Қуръон бу ерда бир нуқтада учрашади. Шунингдек, Конституция муқаддимасида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият экани эълон қилинган. Қуръонда эса: “Биз Одам болаларини азиз ва мукаррам қилдик” дейилади Исро сурасининг 70-оятида. Бир инсоннинг ҳаётини сақлаш бутун инсониятни сақлашга тенг экани Моида сурасининг 32-оятида таъкидланади. Демак, инсон ва унинг ҳаёти, шаъни, улуғланганининг ҳуқуқий ва амалий ифодасидир. Шу учун ҳам, мен ҳамиша илм олиш – энг катта бугунги куннинг яратган имконияти, шароитларини қувонч билан гапираман. Ёшларимиз учун илм эшиклари очиқ... Президент мактаблари, Темурбеклар мактаби, ижод ва қанчалаб янги замонавий таълим муассасалари, ўрта ва ОТМда ҳам ислоҳотлар даври.Ким учун ? Барча ёшлагилар учун имкониятлар эшиги очиқ. Ҳатто жазо ўташ муассасаларида ҳам кутубхоналар ва илм олиш учун шароитлар яратилмоқда. Бу борада яна ҳуқуқий асосга юзлансак, Бош Қонунимиз, Конституциянинг 50–53-моддалари таълим олиш ҳуқуқини, умумий ўрта таълимнинг бепуллигини ва педагог мақомининг ҳимоясини кафолатлайди. Қуръоннинг илк нозил бўлган сўзи эса, эътибор беринг “Ўқи!” яъни, Алақ сурасининг 1–5 оятларида илм ва ўқимоқлик қадри қуйидагича келтирилганки, “Ўқинг!”деган буйруқ билан бошлаб, инсон зотини ўқиш, ёзиш ва илм-маърифат эгаллашга чақирган. Зумар сурасининг 9 –оятида эса, “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладими?” деганларида ҳам, ҳадисда ҳам илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарз экани айтилганини барча яхши билади. Демак, давлат учун таълим — ҳуқуқ ва кафолат, оддий инсон учун эса — бурчдир. Бу бурча ва ҳуқуқимизни дастлаб оиладан ўрганмиз. Оналар қанчалик маърифатли бўлишса, фарзандларига илмни ўргатишда биринчи муаллим-устоздирлар. Маърифатли оналар юртимизда барча даврда бўлгани учун ҳам 2 бор Ренессанс, Уйғониш даврини дунёга берган халқмиз. Ота ва онани ҳурмат қилган фарзанд ўз оиласидан инсонпарвар бўлиб етишади. Бундай униб ўсиб келаётган ёшлар албатта ота-онасига, ватанга ғамхўр бўлиб ўсишади. Бу борада, Конституциянинг 77-моддаси ота-оналарни фарзандларини вояга етгунига қадар боқиш, тарбиялаш ва таълим олишига ғамхўрлик қилишга мажбурлигини белгилаган. 80-моддага кўра эса вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ота-онаси ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурлиги қайд этилган. Бу норма Исро сурасининг 23–24-оятлари билан ҳамоҳанг: ота-онага «уф» дема, уларга кибр қилма, улар учун раҳмат тила,-дейилган.
Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» асарида фарзанднинг муҳтож ота-онани боқиш (нафақа) мажбурияти алоҳида ҳукм сифатида баён қилинган. Эътиборлиси, бу мажбурият ота-она бошқа динда бўлса ҳам сақланади. Марғинонийнинг шогирди Бурҳониддин Зарнужий эса, “Таълим ал-мутаъаллим” асарида устозни ҳурматлаш илмнинг шарти эканини ёзган.
Халқимиз устозни қанчалик улуғлаганини тарихимизнинг ўзи кўрсатиб турибди. Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасида Соҳибқирон Амир Темур ўз пири ва устози Мир Сайид Барака билан бир сағанада дафн этилган. Ривоятларга кўра, буюк ҳукмдор ўзини устозининг пойида дафн этишни васият қилган. Дунёни титратган саркарда ҳам устоз олдида бош эгишни шараф деб билган.
Яқинда тарғибот сафари билан Хивада бўлдим. Ичан қалъадаги Паҳлавон Маҳмуд мажмуаси олдида халқ дарёдек оқиб келади: оддий деҳқондан тортиб хорижлик сайёҳгача. Хиваликлар уни “Ҳазрати Паҳлавон Пир” деб атайди — паҳлавонлар ва ҳунармандларнинг пири, яъни устози. Паҳлавон Маҳмуд (1247–1326) шоир, енгилмас паҳлавон ва моҳир пўстиндўз уста бўлган. Васиятига кўра ўзи ишлаган устахонасида дафн этилган. Асрлар ўтса ҳам халқ уни унутмади. Бу — илм, ҳунар ва мардлик устозига бўлган ҳурматнинг тирик далили. Бугун ҳам айни шу қадрият керак. Ўқитувчисига ҳурматсизлик қилган, уни видеога олиб тармоқка жойлаган ёш аввало ўзини камситади. Аждодларимиз устоз пойида бош қўйган бўлса, биз ҳеч бўлмаса унинг шаънини ҳимоя қилишимиз керак. Конституциямиз ҳам педагог шаъни ва қадр-қимматини давлат ҳимоясига олган. Биз инсон дастлабки тарбияни оиладан олишини бир неча бор таъкидладимки, шу боис, энди оила мавзусининг ҳуқуқий асосларини таҳлил этмоқчиман. Асосий манба бўлмиш Конституциянинг XIV боби “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланган ва оилани давлат ҳимоясига олади, 78-моддада анъанавий оилавий қадриятларни ҳурмат қилиш эътироф этилган. Никоҳ эркак ва аёлнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади. Қуръоннинг Румсурасининг 21-оятида эр-хотин ўртасига “муҳаббат ва раҳмат”, яъни, Аллоҳ таоло инсонларга сокинлик ва ҳамдам топишлари учун ўзларидан жуфтлар яратгани ҳамда ораларига севги, меҳр-муҳаббат ва марҳамат солиб қўйгани Унинг буюк оят-белгиларидан эканлиги баён этилади. Бунда чиндан ҳам тафаккур қиладиган кишилар учун ибратлар солингани айтилади. Демак, аҳдга вафо қилиш яъни, Моида сураси, 1-оятида келтирилганидек, “ Аҳдномаларга вафо қилинг! ” дейилгани, “Ҳидоя”да никоҳ ақд (шартнома) сифатида кўрилади: у томонларнинг ижоб ва қабули ҳамда гувоҳлар иштирокида тузилади. Имом Абу Ҳанифа мазҳабига кўра вояга етган, ақли расо аёлнинг ўз розилиги билан тузган никоҳи ҳақиқийдир. Бу — розилик тамойилининг саккиз юз йилдан ортиқ олдинги мантиқий - ҳуқуқий ифодасидир. Ана шундай қадриятларимизни билмоқ барчамиз учун аҳамиятлидир. Бугун бизнинг ёшларни кимдир ўзича турли ғоялар билан адаштирмоқчи бўлса, биз ўзимизнинг ҳуқуқий ва маънавий қадриятларимиз орқали ёшларимизни маърифатга чорлашимиз зарур. Токи, инсонийлик, виждон ва яхшилик ҳам ўзининг маънавий-маърифий ва ҳуқуқий асосига эгалигини унутмайлик. Жумладан, Қуръоннинг Наҳл сураси 90 - оятида “Аллоҳ адолат, эзгулик (иҳсон) ва қариндошларга ёрдам беришни буюради” дейилган. Бугун бу қадрият 2019 йилдаги “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида” ги Қонунга кўра, хайрия ва “Меҳр” тизимлари, маҳалладаги ҳашар анъанаси орқали ҳуқуқий шаклга келган. Ат-Термизий Ҳадисларида “Сизларнинг энг яхшиларингиз — аҳлига яхши бўлганларингиз” дейилган. Буларнинг барчаси яхшиликнинг маънавий асоси бўлиб, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида айнан мазкур эзгу ишлар инсон қадрини, шаънини улуғламоқда. Яна бир тамойилга алоҳида эътибор қаратмоқчиман. Ҳуқуқшунос, педагог сифатида халқимизнинг энг катта бойлиги, ризқу баракаси ҳамиша ҳалол меҳнатдан топилганини қайд этмоқчиман. Бухоро заминида, Когонда туғилиб ўсганман. Болалигимдан қулоғимда Баҳовуддин Нақшбанд ҳазратларининг «Дил ба ёру даст ба кор» — «Кўнгил Аллоҳда, қўл меҳнатда» ҳикмати айланади. Бу тўрт сўзда бутун бир ҳаёт фалсафаси бор: имон инсонни дунёдан узмайди, аксинча меҳнатга ундайди.
Қуръоннинг Нажм сураси 39-оятида келтирилишача, яъни Шайх Алоуддин Мансур таржимасига қарасак, “Инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни, ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас“ яъни, қисқароқ айтганда “Инсон учун фақат ўзи интилган нарсагина бордир” дейилган. Имом Бухорий ҳадисларида “Ҳеч ким ўз қўл меҳнати билан топганидан яхшироқ таом емагани, берувчи қўл олувчи қўлдан афзал экани айтилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасиинсоннинг муносиб меҳнат қилиш, касб танлаш, хавфсиз ва қулай шароитларда ишлаш ҳамда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқларини кафолатлайди.Шундай экан, унутмайликки, ҳалол меҳнат уч томонлама фойда беради:
Биринчидан, бу барака яъни, тер тўкиб топилган ноннинг қадри бошқа, у уйга тинчлик ва хотиржамлик олиб киради.
Иккинчидан, рағбатланиш келтиради, яъни, ҳар бир фуқаро интилиши ва меҳнати билан орзусига етиши мумкинлигини ҳис қилса, жамиятда ишонч ортади.
Учинчиси, ибратдир. Фарзанд ота-онасининг сўзидан кўра хатти-ҳаракатидан кўпроқ ўрганади. Тонгда ишга отланган ота, дастурхонни ҳалол нон билан безаган онанинг меҳнати ҳар бир инсон учун энг яхши тарбия дарсидир.Зеро, бугун давлатимиз камбағалликни қисқартиришни устувор вазифа қилиб қўйган. Маҳаллаларда касбга ўқитиш, имтиёзли кредит, ер ва иш ўрни берилмоқда. Лекин давлат фақат имконият бера олади. Уни ризқга айлантириш инсоннинг ўз қўлида. «Кимдир ёрдам берар» деган боқимандалик кайфияти на манфаат, на барака келтиради.
Нақшбанд таълимоти айнан шу кайфиятга қарши маънавий даводир. Кўнгли пок, қўли меҳнатда бўлган инсон ўзини ҳам, оиласини ҳам, маҳалласини ҳам тебратади. Паҳлавон Маҳмуд ҳам аслида меҳнаткаш уста бўлгани, устахонасида мангу қолгани бежиз эмас: улуғлик меҳнатдан бошланади.Демак, бугун тиббиёт соҳасида, таълим соҳасида барча соҳалардаги ислоҳотлар инсон учун эканлигини амалда кўрмоқдамиз. Уни янада ривожлантириш ўз қўлимизда. Инклюзив таълим, ногиронлар учун имкониятлар бераётган янги Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида оиалаларга, маҳаллаларга роса эътибор қаратмоқда. Бунга шукроналик ярашади. Бу ҳақда ҳам манбаларга таянадиган бўлсак, Қуръоннинг Иброҳимсураси 7-оятида “Агар шукр қилсангиз, албатта зиёда қиламан” дейилган. Абу Довуд, Термизий ҳадисларида эса “Одамларга шукр қилмаган Аллоҳга шукр қилмайди” дейилади. Ҳуқуқий тилда шукроналик — тинчлик, ҳуқуқ ва имкониятларни қадрлаш, қонунга итоат, бурчларни адо этиш ва бошқаларнинг ҳуқуқини ҳурмат қилишдир. Конституция ҳуқуқ билан бирга бурчни ҳам белгилайди: ҳуқуқдан фойдаланиб, бурчни унутиш — ношукрликнинг ҳуқуқий шаклидир. Яъни, Конституциявий бурч бу Конституцияда белгиланган ва шахс бажариши шарт бўлган ҳуқуқий мажбуриятдир. Ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари унинг жамият ва давлат олдидаги масъулияти билан узвийдир. Фуқаролар ўз ҳуқуқларидан фойдаланиш билан бирга бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиши ва Конституцияда белгиланган бурчларни бажариши шартдир.
Шундай экан, бугунги глобалашшув шароитида барчамиз бир ҳақиқатни яхши билишимиз керак. Дунёда виртуал олам кучайсоқда. Сунъий интеллект, рақамлаштириш, ижтимоий тармоқ, хабар ва маълумотлар олами уммондир. Шундай экан, ҳар бир хабар ортида инсон тақдири, шаъни, жамият хавфсизлиги масаласи борлигини англаган ҳолда кўр-кўрона ижтимой тармоқлардаги хабарларга зргашмаслик ерак. Бу ҳақда Қуръондаги Ҳужурот сураси, 6-оятнинг ўзбек тилидаги маънолар таржимасида келтирилишича, “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”.-дейилган. Шунингдек, Имом Муслим ривоятидаги машҳур ҳадисда “Кишининг ёлғончи бўлиши учун эшитган ҳар бир нарсасини гапиравериши кифоя қилади” яъни бу ахборот маданиятининг энг муҳим қоидасини ифодалайди. Қонунчилигимиз ҳам ёлғон ахборот тарқатиш, туҳмат ва адоватга ундаш учун жавобгарлик белгилайди. Демак, «репост» тугмасини босишдан олдин уч савол: манба ким? Далил борми? Бу хабар кимгадир зиён етказмайдими? Агар ҳуқуқий асослари билан таҳлил этадиган бўлсак: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202²-моддасигакўра, шахснинг қадр-қиммати камситилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни (жумладан, интернет ва ижтимоий тармоқларда) тарқатиш БҲМнинг 50 баравари, жамоат тартиби ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатиш эса БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригачажаримага сабаб бўлади.
Ушбу ҳаракат маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такрор содир этилса, Жиноят кодексининг 244⁶-моддаси билан янада йирик жарималар, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилгача озодликни чеклашжазоси тайинланади. Ҳатто, туҳмат яъни била туриб ёлғон уйдирма тарқатса, МЖтКнинг 40-моддасига биноан, бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш БҲМнинг 20 бараваридан 60 бараваригача жарима билан жазоланади. Такроран содир этилганда ёки интернет, ОАВ орқали тарқатилганда Жиноят кодексининг 139-моддаси қўлланилиб, жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ёки оғирлаштирувчи ҳолатларда озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазо берилади. Шундай экан, юқоридаги таҳлилларнинг хулосаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳуқуқий асоси, деган фикримни яна бир бор таъкидлайман. Мен талабаларимга ҳар доим бир гапни такрорлайман: қонун инсонни ташқаридан ҳимоя қилади, имон эса ичкаридан тарбиялайди. Бирисиз иккинчиси тўлиқ бўлмайди. Қонунни билмаган киши ўз ҳуқуқини ҳимоя қила олмайди. Виждони уйғоқ бўлмаган киши эса қонунни ҳам айланиб ўтишга йўл излайди.
Конституциямиз дунёвий давлатни белгилаб, ҳар бир инсоннинг эътиқодини ҳимоя қилади. Динимиз эса қонунга итоат этишни, жамиятга фойдали бўлишни буюради. Шу маънода Бош қомусимиз ва аждодларимиз мероси — бир қушнинг икки қаноти. Бир қанотни кесиб, учиб бўлмайди.
Азиз ота-оналар, фарзандларингиз телефонда нимани ўқиётганига бефарқ бўлманг. Азиз ёшлар, ҳар бир хабарни тарқатишдан олдин уч марта ўйланг: манба ким, далил борми, бу сўз кимгадир зиён етказмайдими?
Марғиноний, Бухорий, Мотуридий ватанида туғилган авлод учун ҳуқуқий маданият ва маърифий ислом — Янги Ўзбекистоннинг икки мустаҳкам таянчидир. Уларни асраш ҳам, бойитиш ҳам ўз қўлимизда.
Фирюза МУҲИТДИНОВА,
Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлар доктори