“Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши лозим” – деб номланган йўналишда бир қатор амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланган. Шу билан бирга, сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида адолат ўрнатиш бўйича кўп иш қилинганлиги, шу билан бирга, одил судловни таъминлаш бўйича ҳали ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар борлиги таъкидланди.
Мазкур масалаларнинг ижроси сифатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармон ўн тўртта банддан иборат бўлиб, унда “Янги Ўзбекистон — янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этиш талабларидан келиб чиқилди.
2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида одил судловни таъминлашнинг қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, Фармоннинг тўртинчи бандида, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилиб, суднинг мустақиллиги ва судьялар дахлсизлигини таъминлашни кучайтириш бўйича қуйидаги чоралар белгилаб берилди.
Яна бир муҳим жиҳат, мазкур ҳужжатга асосан, эндиликда одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича Ихтисослашган прокурорлар корпуси ташкил этилмоқда.
Ихтисослашган прокурорлар корпуси Бош прокуратуранинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларининг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўйича тегишли бўлим ва тармоқлари, туман (шаҳар) прокурорларининг мазкур йўналишлар бўйича тегишли ўринбосари ва ёрдамчиларидан иборат бўлади.
Ихтисослашган прокурорлар корпусининг асосий вазифалари “Прокуратура тўғрисида”ги қонун ҳамда процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда судларда ишларни кўришда прокурор ваколатини таъминлаш, суд процессининг бошқа иштирокчилари билан тенг ҳуқуқлардан фойдаланган ҳолда одил судлов фаолиятининг самарали амалга оширилишига кўмаклашишдан иборат. Шунингдек, жиноят ишлари бўйича судларда давлат айбловини фақат қонунга асосланиб, холисликни сақлаган ҳолда сифатли қўллаб-қувватлаш ҳамда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишига эришиш ва суд амалиётидан келиб чиққан ҳолда суриштирув ва тергов органлари ходимларининг амалий кўникмалари ҳамда малакасини ошириш ишларига кўмаклашиш.
Хулоса сифатида айтиш керакки, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқук ва эркинликларини таъминлаш учун муҳим аҳамият касб этиб, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фукароларимизнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратиб бермоқда.
Хуршида АБЗАЛОВА,
юридик фанлари доктори