Мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани ва одамларни ташвишга солаётган жиддий муаммоларни аниқлашнинг бутунлай янгича тизими жорий этилгани аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, халқимизнинг давлат идораларига ишончини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 9 январда қабул қилинган “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим қадам бўлди. Қарорда 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жами 28 турдаги ҳужжатларни фуқаролардан талаб қилиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан эса уларнинг берилишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Шунингдек, мазкур қарор билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ишламаётган бир қатор функциялари бекор қилинган. Жумладан, турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсатнома бериш функцияси ҳокимликлардан туман (шаҳар) қурилиш бўлимларига ўтказилди. Шунингдек, ҳокимликларнинг бозор фаолиятини тўхтатиб туриш бўйича қарор қабул қилиш каби ваколатлари бекор қилиниши белгиланган.
Табиийки, бундай муҳим чора-тадбирлар давлат хизматларидан фойдаланишда аҳолига ва тадбиркорларга катта қулайлик яратмоқда, фуқароларнинг қонун билан ҳимояланган ҳуқуқлари муҳофазасини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, коррупция ҳолатларининг олдини олиш имконини бераётир. Бироқ баъзи давлат органлари ва ташкилотларида эскирган бюрократик усулларда иш юритиш давом этаётгани, хусусан, замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланмаслик ортиқча оворагарчилик ва аҳолининг эътирозига сабаб бўлаётгани бу борадаги ҳуқуқий-ташкилий ишларни изчил давом эттиришни тақозо этмоқда.
Президентимиз томонидан жорий йил 28 сентябрда имзоланган “Бюрократик тўсиқлар янада қисқартирилиши ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойиллари жорий қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ана шундай долзарб муаммолар ечими йўлида яна бир муҳим қадам бўлди.
— Мазкур қонун асосида 6 та қонун ва 3 та кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда, — дейди Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Фурқат Тожиев. — Хусусан, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартишларга кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан технологик, ўрмон-мелиорация, агротехник, гидротехник, санитария-техник тадбирларни келишишни назарда тутадиган функция ва ваколатлар чиқариб ташланмоқда. Натижада сув ва сув объектларидан фойдаланиш соҳасида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини эркин юритиш учун ортиқча бюрократик тўсиқ олиб ташланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартириш билан ҳокимларнинг маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган қарорлар қабул қилиш ва маъмурий жавобгарликка сабаб бўладиган айрим қоидаларни белгилаш, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишга кўра, ҳокимларнинг атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг йўл қўйиладиган нормативларини бузиш билан боғлиқ бўлган фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш масаласида қарор қабул қилиш ваколатлари тугатилди.
Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимликларнинг ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни чорвачилик эҳтиёжлари учун тайёрлашга рухсатнома бериш, ўрмонларнинг ҳолатига зарар етказилган ҳолларда ташкилотлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш бўйича қарор қабул қилиш ваколатлари ҳам бекор қилинди.
Мазкур нормаларнинг амалиётга татбиқ этилиши маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида иш ҳажмининг камайишига, уларнинг бевосита ўзларига тегишли бўлган функционал вазифаларни бажаришига имкон яратади. Шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотларининг ўзларига тегишли функциялари билан янада самарали шуғулланишини таъминлашга хизмат қилади.
Илгари транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчиларнинг машинаси жарима майдончасида ушлаб туриларди. Эндиликда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қодекснинг 291-моддасига транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартибига ўзгартиш киритилмоқда. Шунга асосан, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар транспорт воситаларини бошқарганда, уларнинг автотранспорт воситаларини ушлаб туриш тартиби бекор қилинади ва фуқароларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилади. Бу эса фуқароларга нисбатан жазо базасини қисқартирган ҳолда коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Янги қонун билан Меҳнат кодексининг тегишли моддаларига ҳам ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, кодекснинг 80-моддасидан ишга кираётган шахсдан талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхатидан турар жойдан маълумотнома чиқариб ташланмоқда. Натижада фуқаролар томонидан меҳнат шартномаларини тузишда ортиқча бюрократик тўсиқларга, сансалорликларга чек қўйилади.
Қолаверса, Уй-жой кодексининг 111-моддасида мулкдор, ижарага олувчи, уй-жой қуриш ёки уй-жой кооперативи аъзосининг турар жойни алмаштириш тўғрисидаги аризасига илова қилиши лозим бўлган ҳужжатлардан турар жойда яшаётган шахслар кўрсатилган ҳолда яшаш жойидан маълумотнома талаб қилиши бекор қилинмоқда.
Шунингдек, ушбу кодекснинг 117-моддасидан фуқаролар томонидан сақлаш гувоҳномаси (бронь) бериш тўғрисидаги аризага илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар таснифидан ҳам яшаш жойидан маълумотнома чиқариб ташланмоқда. Натижада турар жойларни алмаштириш ва сақлаш гувоҳномаси (бронь) беришда фуқаролардан яшаш жойидан маълумотнома талаб этилмайди.
“Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасида дастлабки тарзда васий ёки ҳомий тайинлаш васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахс томонидан аризасига илова қилинадиган ҳужжатлардан яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан олинадиган маълумотнома чиқариб ташланмоқда. Бунинг натижасида васий ва ҳомий бўлиш истагини билдирган фуқароларга қўлайлик яратилади.
“Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат тўғрисида”ги қонундан назорат остидаги шахснинг қаердалиги аниқланмаган тақдирда ички ишлар органи назорат остидаги шахснинг турар жойи ва етиб келмаслик сабабларини аниқлаш бўйича кўрилган чоралар ҳақидаги ҳужжатлардан фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи томонидан бериладиган маълумотнома бекор қилинмоқда. Натижада ички ишлар органларининг иш юритувини соддалаштиришга имкон яратилади.
Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.