Улар эртага забардаст қўлларида чинакам юрт байроғини тутишини ўйлаганда эса беихтиёр кўзга севинч ёшлари қалқийди. Негаки, биз эртамиз, келажагимиз бугун байроқ тутган мана шу қўлларда эканига ишониб яшаймиз.
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 312-давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбияланаётган 195 нафар болажонларнинг ота-онаси ҳам ана шу эзгу ниятлар билан уларни шу масканга етаклаб келаётгани аниқ. Бу ердаги меҳрибон тарбиячилар болалар тарбиясига бугунги замон талабларидан келиб чиқиб ёндашишга ҳаракат қилмоқда. Зеро, мактабгача таълим бутун бошли таълим тизимининг пойдевори экан, уни мустаҳкам бунёд этиш, таълимнинг кейинги босқичига қадам қўяётган жажжи эртамиз эгаларининг дунёқарашини ҳар томонлама бойитиш олдимизда турган долзарб вазифалардан. Айниқса, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масаласи, аввало, уларни давлатимиз рамзлари, турли байрамларимизга нисбатан ҳурмат ҳиссида ўстиришни тақозо қилади.
Ана шуни инобатга олган ҳолда мазкур таълим ташкилотида ҳам биронта байрам, қутлуғ саналар эътибордан четда қолмайди. Айниқса, сиёсий тадбирларни нишонлашга жиддий ёндашилади. Хусусан, Конституциямиз қабул қилинганлигининг 28 йиллиги арафасида бўлиб ўтган тантанали тадбирга ҳам алоҳида тайёргарлик кўрилгани, тарбиячиларнинг болалар билан астойдил иш олиб боргани бунинг далолатидир. Ўзбек ва рус тилларидаги саҳна кўринишларида болалар Конституция қандай ҳужжат экани, унинг моддаларида нималар акс этганини мурғак тасаввурлари доирасида англашга муваффақ бўлдилар, десак хато бўлмайди. Айниқса, Бош қонунимизнинг I бўлимига даҳлдор моддаларни улар тилидан эшитиш ўзгача завқ берди кишига. Моддаларга ҳамоҳанг байроқ, герб, ўзбек тили, Тошкент ҳақида янграган шеърлар, Ватан ҳақидаги қўшиқлар ва рақслар кечага янада файз улашди. Рамзий Конституция китоби томонидан берилган саволлар болажонларнинг ҳуқуқий билимлари нечоғлик эканини кўрсатди.

— Болаларимиз учун спорт, рақс, рус, инглиз тили тўгараклари ташкил этилган бўлиб, мазкур тўгараклар фаолиятидан ота-оналар ҳам миннатдор, — дейди таълим ташкилоти раҳбари Шоҳсанам Аширбоева. — Турли тўгаракларда болажонлар қўшимча билим олиш баробарида ўтказиладиган тадбирларга ҳам ўз-ўзидан тайёрланиб борадилар. Давлатимиз байроғи қабул қилинган кунга бағишлаб ўтказилган тантанали тадбирдан сўнг, конституциямизнинг 28 йиллиги муносабати билан яна бир катта бадиий кечага тайёргарлик бошлаган эдик. Л.Басариева, Д.Тўлаева каби тарбиячиларимизнинг фидойилиги билан тарбияланувчиларимиз бугун фаоллик кўрсатишди. Кўриб турганингиздек, улар ғоят кўтаринки кайфиятда иштирок этишди. Албатта, бу каби тадбирлар келажагимиз ворисларини ватанга садоқат руҳида тарбиялашимизда муҳим омил бўлади.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири