Бугунги кунга Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (lex.uz) да 35 мингдан ортиқ қонунчилик ҳужжати мавжуд. Қонуности ҳужжатларнинг кўплиги қонунчиликдаги такрорланишларга, тафовут ва чалкашликларга сабаб бўлмоқда. Бу эса ўз навбатида ҳуқуқни қўллаш амалиётини мураккаблаштиради, улардан фойдаланишда ноқулайликлар келтириб чиқармоқда.
Шу каби муаммоларнинг долзарблигини инобатга олган ҳолда Адлия вазирлиги томонидан барча соҳаларда қонунчиликни тизимлаштириш орқали қонунчилик базасини қисқартириш ёки бошқа сўз билан айтганда кесиб ташлаш (“тартибга солувчи гильотина” усули орқали) ишлари самарали йўлга қўйилган.
Ўз аҳамиятини йўқотган ҳужжатларни бекор қилишнинг фуқаролар ва тадбиркорлар учун амалий аҳамияти қуйидагилардан иборат:
биринчидан, фуқаролар ва тадбиркорлар томонидан айнан қайси ҳужжатдан фойдаланса, тўғри бўлади деган саволга ечим топилади;
иккинчидан, ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишда ва ҳуқуқшунос хизматлари билан боғлиқ сарф-харажатлар қисқаришига хизмат қилади;
учинчидан, қонунчиликдаги такрорланишлар ва тафовутларнинг бартараф этилишига олиб келади.
Ҳозирда вазирлик томонидан қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштиришнинг иккинчи босқичи бошланган бўлиб, унда қонунчилик ҳужжатлари соҳалар кесимида бирлаштирилади.