Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи, генерал-майор Рустам Джураев раислигида Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда ижтимоий тармоқлар, мессенджерлар ва YouTube платформасида хавфли ҳайдовчилик, ноқонуний кўча пойгалари, дрифт ва “шашка” каби ҳаракатлар акс этган видеолар кенг тарқатилаётгани таъкидланди. Қайд этилишича, бу каби материаллар айрим ёшлар орасида қоидабузарликни оммалаштиришга хизмат қилмоқда.
Шу муносабат билан интернет тармоғи доимий мониторинг қилиниши, қоидабузарлик акс этган видеоларни жойлаштираётган шахслар аниқланиши ва уларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши белгиланди. Шунингдек, қўпол қоидабузарликларни “пиар” қилган аккаунтларни блоклаш чоралари кўрилади.
Департамент бошлиғи томонидан авариялар сонини камайтириш, оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, стационар ва мобиль постлар самарадорлигини ошириш, блогерлар ва қўпол қоидабузар ҳайдовчилар билан профилактик ишларни фаоллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Тунги рейд тадбирларини кучайтириш, йўл безорилиги учун жазо муқаррарлигини таъминлаш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш ва ходимларнинг шахсий масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Жорий йилнинг 26 февраль куни бошланган оператив-профилактик рейд тадбирлари доирасида 3 март ҳолатига қадар 107 та видеолавҳа аниқланди. Ушбу ҳолатлар юзасидан 66 нафар ҳайдовчига нисбатан баённомалар расмийлаштирилиб, 62 та транспорт воситаси жарима майдонига жойлаштирилди.
Шунингдек, ЙПХ ва ППХ ходимлари ҳамкорлигида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни ноқонуний сақлаш билан боғлиқ 23 та, ўткир жисмларни олиб юриш билан боғлиқ 262 та ҳолат аниқланди.
Тадбирлар давомида жами 5 919 та қўпол қоидабузарлик қайд этилди. Асосий турлар: пойга — 4 та, бўйсунмаслик — 70 та, ноқонуний тонировка — 116 та, ноқонуний сирена ва маёқчалар — 61 та, давлат рақамисиз бошқариш — 34 та.
Ҳуқуқбузарлар орасида 54 нафар вояга етмаган шахс аниқланган.
Бундан ташқари, устахоналарда ўтказилган ўрганишлар давомида тюнинг хизмати кўрсатувчи 68 нафар ташкилот раҳбари ва 79 нафар ходим сўровдан ўтказилиб, 100 нафар автосервис раҳбари билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Ижтимоий тармоқларда пойга ва йўл безорилигини тарғиб қилувчи аккаунтлар фаолиятига чек қўйиш чоралари кўрилмоқда. Рейд тадбирлари республика бўйлаб давом этмоқда.