Ёш математикларнинг ушбу беллашувида республикамизнинг барча умумтаълим мактаблари, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган ҳамда хусусий мактабларнинг 5-6-7-синф, 8-9-синф ва 10-11-синф, академик лицейларнинг 1-2-курс ўқувчилари катта қизиқиш билан фаол иштирок этдилар. Умумий ҳисобда республиканинг 14 та маъмурий ҳудудидаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган ҳамда хусусий мактаблар ўқувчиларидан жами 350 нафарга яқин номзод республика босқичида иштирок этди.

Республика босқичига қадар туман-шаҳар босқичларида 60 минг нафарга яқин ва ҳудудий (вилоят) босқичида 6100 нафар ўқувчи Давлат тест маркази томонидан махсус тузилган тест синовларида иштирок этди. Тест натижаларига мувофиқ, ҳар бир ҳудуддан (14 та маъмурий ҳудуд) учта гуруҳ бўйича энг юқори 5 талик ўриндан жой олган 15 нафардан, жами 220 нафар ўқувчи-номзод Қўқон шаҳрига республика босқичига етиб келди. Шунингдек, академик лицей ўқувчиларидан 61 нафар, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблардан 53 нафар ўқувчилар олимпиадада иштирок этишди.

13-14 март кунлари бўлиб ўтган олимпиаданинг очилиш тадбири тантанали ўтди. Очилиш тадбиридан сўнг олимпиада мусобақасининг биринчи босқичи – ёзма иш топшириқларига старт берилди. 14 март куни олимпиада мусобақасининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди. Иштирокчилар бир хил шароит ва имкониятларда, кузатув-назорат камералари остида тест топшириқларини бажардилар.

Ушбу олимпиаданинг фарқли жиҳатларидан бири – иштирокчиларга берилган ҳар бир топшириқ ва масаланинг энг тўғри ва замонавий ечиш усуллари ҳам тақдим этилди. Ҳар бир иштирокчига қайси топшириқда қандай хатоликларга йўл қўйганларини билиб олиш имконияти ҳам яратилди. Бу ўз навбатида, барча синов жараёнларининг янада шаффоф ва очиқ-ошкоралик руҳида ўтиши, иштирокчи-номзодлар ва уларнинг яқинларида олимпиада натижаларига шубҳа уйғонмаслигига хизмат қилди. Ота-оналар, математика фани ўқитувчилари учун видеокузатув воситалари орқали имтиҳонлар жараёнини кузатиш имконияти тақдим қилинди. Марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакилларига ҳам олимпиаданинг барча босқичларини бевосита кузатиш ва ахборотларни кенг оммага етказиб бориш имконияти яратиб берилди.

Ўқувчи-номзодлар, уларга ҳамроҳлик қилиб келган ота-оналар, устозлар ва барча меҳмонлар учун Қўқон шаҳридаги тарихий-маданий обидалар, хусусан Қўқон маданияти ва тарихи музейи жойлашган Худоёрхон Ўрда саройига мазмунли саёҳат ташкил этилди.

Олимпиада кунлари маданий кўнгилочар дастурлар, Қўқон университети талабаларининг математикага оид саҳна кўринишлари, санъаткорларнинг чиқишлари ва кечки сайр билан мазмунли ўтди.

Ғолибларни тантанали тақдирлаш тадбири Қўқон шаҳар мусиқали драма театрида Тошкент шаҳаридан ташриф буюрган турли вазирликлар, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, республиканинг 14 та маъмурий ҳудудидан ташриф буюрган ота-оналар, меҳмонлар иштирокида кўтаринки руҳда ташкил этилди.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров, Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Қўқон Университети ректори Шерзод Мустафакулов, шунингдек эл ардоғидаги санъаткорлар Ўзбекистон халқ артистлари Ёдгор Садиев, Ёқуб Аҳмедов, Эркин Комилов ва Гавҳар Зокировалар олимпиада ғолибларига совринларни тақдим этишди.

Ҳакамлар ҳайъати хулосаларига кўра, “Қўқон Олимпиадаси”да 5-6-7 синфлар ўқувчилари ўртасида биринчи ўринни олган Тошкент шаҳридаги Муҳаммад Aл-Хоразмий мактаби ўқувчиси Асилбек Суннатов “Nexia” автомашинаси билан тақдирланди. 8-9-синфлар ўқувчилари ўртасида 1-ўринни эгаллаган Бухоро вилоятидаги Халқаро математика мактаби ўқувчиси Анварбек Раҳматов “Nexia” ва 10-11 синфлар ўртасида Хоразм вилояти, Хива шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Сарвар Сопорбоев “Cobalt” автомобиллари совриндори деб топилди.

Барча гуруҳлар, яъни биринчи гуруҳ – 5-6-7-синфлар, иккинчи гуруҳ – 8-9-синфлар ва учинчи гуруҳ – 10-11-синфлар бўйича 2 ва 3-ўринни қўлга киритган ғолибларга қимматбаҳо совғалар ҳадя этилди.

Шунингдек, барча гуруҳлар бўйича биринчи 10 талик рўйхатдан жой олган номзодларга Қўқон университетида грант асосида ўқишга қабул қилиш бўйича Инвестицион ваучер тақдим этилди.

“Қоракўл зиё” нодавлат ўқув муассасаси томонидан гуруҳлар бўйича энг юқори баллни қўлга киритган ўн нафар ўқувчи-номзодга математика ва бошқа фанлардан қўшимча билим олиш бўйича бир йиллик бепул ўқиш Сертификати топширилди.

Иштирокчиларнинг ҳар бирига Олимпиадада қатнашганлиги учун сертификатлар тақдим қилинди.

Ушбу олимпиада талантли ёшларни қидириб топиш, уларнинг иқтидорини жамият ривожи йўлида сафарбар этиш, инвестицион мотивация асосида ёш математикларнинг селекциясини амалга ошириш, математик билимларини синовдан ўтказиш, нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олишларига кўмаклашиш ва шу асосда техник тараққиётнинг жадаллашишига замин яратишга хизмат қилди.

Ёшларнинг билимга, илмга бўлган қизиқишларини янада оширишга қаратилган “Қўқон олимпиадаси” ҳар жиҳатдан уюшқоқлик билан юқори савияда ташкил этилди. Келгусида ушбу олимпиада ёш математиклар интиқиб кутадиган ақлий беллашувлардан бирига айланиши, шубҳасиз.