Марказ қурилиши ва жиҳозланиши учун вилоят ҳокимлиги томонидан бир миллиард сўм маблағ ажратилиб, эски бино қайта таъмирланди ва жиҳозланди. 2,5 миллиард сўмга Европа давлатларидан рақамли бошқарувдаги ўқув комплекслари, Россиядан ўқув лабораторияси ва тренажёрлар олиб келинди.  Бу ерда ўқувчилар назарий билимлар билан бирга, махсус тренажёрларда маҳорат ошириб, «устоз–шогирд» анъанаси асосида бевосита ишлаб чиқариш шароитида касбий малака оширадилар.

— Ҳозирча бешта йўналиш бўйича 50 нафар ўқувчи ҳунар ўрганяпти, — дейди заводнинг персонални бошқариш ва кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи Маъруфжон Алиев. — Илғор таълим дастурлари ёрдамида таҳсил олган ёшларга 3-разрядли мутахассис сертификати берилади. Албатта, уларнинг малакаси ва билими ҳам шунга яраша бўлади. Бу орқали ички меҳнат бозори ва хорижий компанияларда бемалол ишлаб кета оладиган кадрлар тайёрлашга эришамиз.

Инновацион марказ бошқа касб-ҳунар мактаблари, Бандлик бошқармаси, Фарғона политехника институти каби қатор ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорлик шартномалари асосида ҳам иш олиб боради.

Расулжон КАМОЛОВ,

«Янги Ўзбекстон» мухбир.