Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида илм толиблари қадами узилмайдиган, таълим-тарбия, илм-фаннинг замонавий ютуқлари қизғин давраларда муҳокама этиладиган, ёшларнинг қувноқ садолари доимо жаранглаб турадиган бир табаррук гўша бор. Бу – Қоракўл халқаро математика мактаби.
Гарчи шу кунларда таълимда ёзги таътил кунлари бўлса-да, бу даргоҳда иш қайнайди. Ўқувчилар устозларнинг “этагини маҳкам тутиб”, улардан илм-фан сирларини янада чуқурроқ ўрганишга ошиқади. Бир гуруҳ ёшлар она тили ва хорижий тиллар бўйича махсус сертификат олиш учун таҳсилни давом эттирмоқда. Яна бир гуруҳи йил бўйи олган билимини амалий тажриба билан бойитиш, ахборот технологиялари имкониятидан фойдаланиб жаҳоннинг илғор мамлакатлари тажрибаси билан танишиш ниятида мактабдаги компьютер синфидан бери келмайди Устозлар ҳам шогирдлар интилишини ҳамиша қўллаб-қувватлайди, уларни янги-янги мақсадларга руҳлантиради.
Табиийки, жамоанинг жипсликда, бир мақсадни кўзлаб қилаётган меҳнати ўз маҳсулини бермай қолмайди. Ҳар йили мазкур мактаб битирувчиларининг аксарияти олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинади. Яна бир муҳим жиҳат мазкур мактаб ўқувчиларининг халқаро ва республика фан олимпиадаларида эришаётган ютуғидир. Охирги 3 йилда шу мактаб ўқувчилари орасидан 10 нафар йигит-қиз халқаро, 25 нафари республика фан олимпиадалари ғолиб ва совриндори бўлди. Уч ўқувчи давлат мукофоти билан тақдирланди. Ўтган ўқув йилида мактаб битирувчиларининг барчаси олий ўқув юртига ўқишга кирди. Жорий йилда ҳам улардан катта натижалар кутилмоқда.
Қоракўлда мазкур мактаб билан ёнма-ён жойлашган яна бир замонавий маърифат даргоҳи бор. Бу – Бухоро давлат университети ҳузуридаги Қоракўл академик лицейи. Мазкур лицейда фидойи муаллимларнинг меҳнати туфайли иқтидорли ўқувчилар дунёнинг ривожланган давлатларида ўтказилаётган кўплаб фан олимпиадаларида ғолиб ва совриндор бўлаётгани, нуфузли дипломларни қўлга киритаётгани алоҳида эътирофга лойиқ. Ҳозирга қадар лицейнинг 3 минг 114 нафар битирувчиси республика олий ўқув юртларида, 56 нафари эса хорижий давлатлар университетларида таҳсил олган.
“Қоракўлча таълим” усулига асос солган муаллим
Мамлакатимиз таълим тизимида ўз ўрнига эга бўлган ушбу замонавий таълим даргоҳларининг ташкил топиши ва ривожланишида фидойи муаллим, “Буюк хизматлари учун” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари совриндори, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси, марҳум Тўхтамурод Жумаевнинг хизматлари беқиёс бўлди. Тўхтамурод Жумаев ҳаётининг 50 йилдан зиёдини ёшлар таълим-тарбиясига, мукаммал билим олишига сарфлади. 1993 йилдан то ҳозирги кунга қадар устоз-ўқитувчи ташаббуси билан очилган таълим муассасасининг 69 нафар ўқувчиси халқаро фан олимпиадаларида медаллар шодасини қўлга киритди. Хусусан, охирги 4 йил давомида Жумаев асос солган математика мактаби ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларидан юртимизга 20 та олтин, 9 та кумуш ва 9 та бронза медаль тақдим этди. Ўтган 30 йил давомида ўқувчиларнинг олий таълим муассасасига кириш рейтинги доимо юқори бўлиб келмоқда.
Тўхтамурод Жумаевнинг “Ўқувчилар билимидаги бўшлиқларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш усуллари”, “Замонавий дарсни ташкил этиш йўллари”, “Мактабда ички назоратни ташкил қилиш” сингари ўқув-методик қўлланмалари республика миқёсида оммалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари 2020 йил 30 сентябрь куни Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида фидойи муаллим Тўхтамурод Жумаевнинг замонавий таълим тизими ривожига қўшган ҳиссаси, Қоракўл мактабида бугун таълим тизимида эришилаётган натижаларни алоҳида эътироф этиб, бу илғор тажрибани мамлакатимиз бўйлаб кенг тарғиб қилиш, ҳар бир туманда камида биттадан мана шундай мактаб яратиш ташаббусини илгари сурди. Бу ғояни рўёбга чиқариш учун бугун Қоракўлга юртимизнинг турли ҳудудларидан тажриба ўрганиш ва таълим тизимидаги янгиликларни оммалаштириш учун ташриф буюрувчиларнинг қадами узилмаётир.
Янги ўқув йилига ҳозирлик қизғин
Бугунги кунда Қоракўл халқаро математика мактабида 460 нафар йигит-қиз жаҳон андозалари даражасида таълим олмоқда. Уларга 52 нафар малакали педагог таълим-тарбия беради. Мазкур мактаб жамоаси таълим сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида юртимиздаги қатор олий ўқув юртлари, академик лицей ва бошқа таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилмоқда.
– Замонавий таълим тизимида ёшларнинг билим ва салоҳиятини ошириш учун ўқувчиларни мустақил фикрлашга ўргатиш, ўз устида ишлаш кўникмасини ривожлантириш, доимий изланишга ундаш, ахборот технологияларидан фойдаланиш салоҳиятини ошириш ўқитувчилар зиммасига катта масъулият юклайди, – дейди Қоракўл халқаро математика мактаби директори ўринбосари Ғайрат Қуллиев. – Малакали педагогларимиз зиммасида турган бу масъулиятни яхши англайди ва ўз устида тинимсиз изланади. Республикамизда ва тараққий этган хорижий мамлакатларда шаклланган илғор тажрибаларни узлуксиз ўрганиб боряпмиз. Жумладан, ўқувчиларнинг билимини баҳолаш бўйича халқаро дастурларда иштирок этяпмиз. Бундан мақсад таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш, ёшларга халқаро андозалар бўйича замоний таълим бериш, билим ва иқтидорини рўёбга чиқаришга кўмаклашишдир.
Қоракўл туманида таълим тизимида тўпланган бу илғор тажрибалар нафақат давлат таълим муассасалари, балки хусусий таълим ривожига ҳам ижобий таъсир этмоқда. Маълумотларга кўра, туманда йигирмадан зиёд ўқув курси ҳам фаолият юритмоқда. Таълим тизимидаги бундай ютуқлар туфайли аниқ фанлар қаторида бошқа йўналишлар ҳам ривожланяпти. Бу даргоҳларда таълим олаётган ёшлар дилига эзгу ниятларни тугиб, маррани баланд олган ҳолда юксак чўққиларга талпинаётир. Ёшларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, бунга ишонч ҳосил қиласиз. Қувонарлиси, бугунги ёшларимиз нафақат мамлакатимиздаги, балк дунёда етакчи ўринда турадиган хорижий университет ва институтлар талабаси бўлишга интилади. Шу мақсадда ажратилаётган грант ва бошқа имтиёзлардан унумли фойдаланаётган ёшлар сафи кенгайиб бораётир.
– Ахборот технологиялари бўйича етук мутахассис бўлмоқчиман, – дейди Қоракўл халқаро математика мактаби ўқувчиси Нодирбек Бешимов. – АҚШнинг Гарвард университида шу йўналишда ўқиш ниятидаман. Зеро, келажакда бу соҳа жамиятнинг барча йўналишларида устуворлик касб этади. Шу мақсадда аниқ фанлар қаторида гуманитар фанлар ва хорижий тилларни чуқур ўрганяпман. Ниятим – малакали мутахассис бўлиб, юртимиз ривожига муносиб улуш қўшиш.
Бугун Қоракўлда ана шундай эзгу ниятларни дилига тугиб, ўқиб-изланаётган ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг интилиш ва иқтидорини юзага чиқариш учун эса давлатимиз томонидан имкониятлар йил сайин кенгайтирилмоқда. Жумладан, Қоракўл халқаро математика мактаби янги ўқув йилини янги, замонавий бинода бошлайди. Шу мақсадда аввалги Қоракўл саноат ва транспорт коллежи биноси тубдан реконструкция қилиниб, ўқув-услубий воситалар билан жиҳозланмоқда. Шу билан бирга, янги ўқув йилига ҳам ҳозирданоқ қизғин тараддуд кўрилаётир.
Баҳор ХИДИРОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири