Замонавий таълимнинг барча муҳим шарт-шароитларига эга бўлган 720 ўринли мактаб-мажмуа қурилишига Инвестиция дастури доирасида 45 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланган.

– Фаолиятига 10 йилдан ошиқ вақт ўтган бўлсада, шу пайтга қадар шахсий ўқув биномиз йўқ эди, — дейди мактаб директори, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби Темур Рўзиев. — Президентимиз топшириғига кўра, бизга янги мактаб қуриб берилди. Бу ерда ўқиш учун барча шарт-шароитлар муҳайё. Синф хоналари жаҳон андозаларига мос жиҳозланган. Янги бинода 320 ўринли ётоқхонадан ташқари, кутубхона, музей, фаоллар зали ва 50 ўринли меҳмонхона ҳам мавжуд.

164-ихтисослаштирилган лицей, Қоракўл туманидаги 1-ихтисослаштирилган мактаб-интернати, Бухоро давлат университети қошидаги 3-академик лицей каби шаклларда фаолият юритган маскан 2009 йилда 52-сонли «Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби» кўринишида ташкил этилган. Бухоро вилояти ҳокимининг буйруғи билан 2014 йил 1 сентябрдан вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги 1-сон «Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати»га айлантирилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 августдаги «Бухоро вилояти Қоракўл туманида «Халқаро математика мактаби»ни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори билан Халқаро математика мактаби сифатида қайта ташкил этилди.

Халқаро математика мактабида ўқувчилар 3 та – техника (математика-физика), иқтисодиёт (математика-инглиз тили) ҳамда табиий (кимё-биология) фанлари бўйича билим олади. Мактабга ўқувчилар 7-синфдан қабул қилинади. Талабгор ўқувчи икки маротаба имтиҳон топширади. Биринчи босқичдан муваффақиятли ўтган ўқувчи иккинчи синовга ҳозирлик кўради. Ҳар икки жараён ҳам ўқувчиларнинг ота-­оналари ёки яқинлари иштирокида ўтади ва талабгорлар олган баҳо шу куннинг ўзидаёқ эълон қилинади. Бу эса, табиийки, қобилиятли, зукко, билимга чанқоқ ёшларни саралаб олишга имкон беради. Келажакда шу ернинг ўзида олий таълим муассасасини ташкил этиш ва замонавий кластер усулида кадрлар тайёрлаш режалаштириляпти.

Мактабнинг очилиш маросимида таълим маскани бунёдкорларига «Шарқ плюс» корхонаси раҳбарияти ва жамоасига алоҳида эҳтиром кўрсатилди.

Шундан сўнг жорий йилда ўтказилган республика ва халқаро фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган бухоролик ўқувчилар, уларнинг ўқитувчилари ва мактаб директорлари муносиб тақдирланди, деб хабар беради Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Маълумот учун, Халқаро математика мактабини 2019—2020 ўқув йилида битирган 48 нафар ўқувчининг барчаси олий таълим муассасаларига талабаликка тавсия этилди. Мактаб ўқувчилари халқаро олимпиадаларда 4 та олтин, 7 та кумуш, 5 та бронза медалларни қўлга киритишди. Нафосат Жўрабекова, Севара Остонова каби иқтидорли ўқувчилар Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси бўлишган бўлса, Дониёр Исмоилов, Анварбек Раҳматов каби истеъдодли ёшлар «Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланди.

Жорий йил 8-12 январь кунлари Қозоғистон Республикасининг Олма-ота шаҳрида масофавий тарзда математика, физика ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанларидан 17-Халқаро Жаутиков олимпиадаси ташкил этилди. 21 давлатдан 146 та жамоа таркибида жами 1 006 нафар иштирокчи қатнашган ушбу олимпиадада 14 нафар ўзбекистонлик ўқувчи муносиб иштирок этиб, 1 та олтин, 2 та кумуш ҳамда 11 та бронза медали қўлга киритди. Энг қувонарлиси шундаки, ғолиб ва совриндорлардан 4 нафари айнан қоракўллик ўқувчилардир. 12-17 март кунлари ўтказилган VI Халқаро Кавказ математика олимпиадаси ҳам қоракўллик ўқувчилар учун омадли келди. Жумладан, Олимжон Олимов кумуш медалга, Дониёр Исмоилов бронза медалга сазовор бўлди. 14-24 июль кунлари эса Россия Федерацияси томонидан ташкил этилган Халқаро олимпиадада Олимжон Олимов бронза медалига, Дониёр Исмоилов имтиёзли дипломга эга чиқди.