Шу топшириқ ва тавсиялардан келиб чиқиб, Қоракўл тумани тиббиёт бирлашмасида замон талабига жавоб берадиган гемодиализ бўлими ўз фаолиятини бошлади.
Куни кеча туман Тиббиёт бирлашмасининг Гемодиализ бўлими тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, фахрий шифокорлар ва улар шогирдлари иштирок этдилар.
Таъкидлаш жоизки, ички касалликлар бўлими биносининг биринчи қаватида очилган мазкур тиббиёт муассасаси тажрибали бинокор Худойқул Тангриев бошчилигидаги “Қоракўл Дониёр монтаж” МЧЖ жамоаси томонидан мукаммал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилган.
— Буйрак етишмовчилиги билан яшаётган беморлар ҳар уч кунда, баъзилари эса ҳар куни ёки ҳафтада бир марта гемодиализ муолажаларини олишлари керак, – дейди Қоракўл тумани Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Элёр Олтиев. — Янгидан қуриб ишга туширилган бўлимимиз эса Германия давлатидан олиб келинган, умумий қиймати 180 минг еврога тенг бўлган олтита замонавий гемодиализ асбоб-ускуналари ва 390 миллион сўмлик сув тозалаб фильтрлаш қурилмаси билан жиҳозланди. Беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини кенгайтириш мақсадида йил якунига қадар яна 4 дона қўшимча аппарат олиб келиниши кўзда тутилган.

Мазкур замонавий мажмуа географик нуқтаи назардан қулай ҳудудда жойлашгани билан аҳамиятли. Аниқроғи, шу кунда Жондор туманидан 19 нафар, Қоракўлдан 18 нафар, Олот туманида истиқомат қилаётган 5 нафар тиббий муолажага муҳтож беморга сифатли тиббий хизмат кўрсатишни бошлади. Ҳолбуки, буйрак етишмовчилиги билан оғриган фуқаролар шу кунгача муолажа ёки оддий дори-дармон учун ҳам вилоят марказига қатнашга мажбур эдилар. Эндиликда эҳтиёжманд аҳоли вакиллари оворагарчилигига барҳам берилиб, улар вақти ҳамда нақди тежалаётгани беморлар учун ҳам айни муддао.
— Кесар кесиш йўли билан ўтган оғир туғруқдан кейин белим ва оёқ қўлимда оғриқ кун сайин кучайиб бориб, қон босимим кўтарилиб, бир неча кунда яна касалхонага ётишга мажбур бўлдим, – дейди қўшни Қашқадарё вилоятидан Қоракўлга келин бўлиб тушган Шахноза Қўлдошева. — Менда буйрак қон етишмовчилиги сабабли шундай хавф-хатар юзага келганини кейин билдим. Гемодиализ аппарати орқали даво мулажасини тайинлашгани фойда бериб, эртасигаёқ ўзимга келдим, оғриқ ва шишлар йўқолди. Мени ҳаётга қайтарган малакали шифокорлардан бир умрга миннатдорман.
Гемодиализ бўлимининг ишга туширилгани туфайли махсус тайёргарликдан ўтказилган ўнга яқин олий ва танлов асосида сараланган ўндан ортиқ ҳамшира иш билан таъминланди.