«Осиё» маҳалласи туман марказидан 35 километр узоқликда жойлашган. Шу вақтга қадар маҳалла аҳлининг маҳалладаги кўримсизгина, зарур жиҳозлар ҳам етарли бўлмаган поликлиникага қатнашига ёки узоқ йўл босиб туман марказига боришига тўғри келарди.
Энди эса маҳаллада 50 қатновга мўлжалланган, замонавий тиббий хизматлар кўрсатиш учун барча имкониятлар яратилган маскани бунёд этилди.
Тиббиёт масканининг қурилиш-таъмирлаш ишларига 500 миллион сўм маблағ сарфланди. Бу ердаги бунёдкорлик ишларини «Галаосиё ихтисослашган қурилиш» корхонаси бунёдкорлари амалга оширди. Шунингдек, 19 нафар тиббий ва ишчи ходимлар фаолият кўрсатаётган муассаса замонавий тиббий анжомлар билан жиҳозланди. Натижада 670 та оилада истиқомат қилаётган 2 минг 702 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги яхшиланадиган бўлди.
Туман марказидан 20 километр узоқликдаги «Мироб» ОШП ҳам замон талабларига мос ҳолда қурилди ва жиҳозланди. Ҳозирги кунгача миробликларга 1989 йил эски лойиҳа асосида қурилган амбулатория сифатида фаолият олиб борган бинода тиббий хизмат кўрсатиб келинган.
«Мироб» ОШП «Шукуржон она» МЧЖ қурувчилари томонидан қисқа фурсатда замон талабларига мос равишда бунёд этилди. Қурилиш-таъмирлаш ишларига 640 миллион сўм маблағ сарфланди. Натижада муассасанинг ҳудуддаги 569 та оила, 2 103 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ошди.
Янги муассасада гинеколог врачлар бириктирилган. У ерда қабулга уйдан чиқмай белгиланиш имкони мавжуд бўлиб, таҳлиллар узоғи билан 1 соатда аниқланади, ижтимоий дорихоналар бор.
Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни ташкил этиш борасида туман тиббиёт бирлашмаси қўшимча бинолар қуриш, мавжудларини мукаммал таъмирлаш бўйича зарур чора-тадбирларни давом эттиряпти, деб хабар беради Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.