Икки кун давомида мутахассислар шахсий томорқа хўжаликларда қорамолларни парваришлаш, санитария-гигиена қоидалари асосида сут ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сақлаш технологиялари, сут етиштиришнинг иқтисодий самарадорлигини оширишга доир семинарлар ташкил этишди.
Бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда аҳоли хонадонларида чорвачиликни ривожлантириш орқали хотин-қизлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг арзон, сифатли гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган талаб-эҳтиёжини қондиришга эришиш муҳим аҳамиятга эга.
Семинарда иштирокчиларга аҳоли хонадон эгаларига қорамолчилик тармоғи бўйича билим ва кўникмага эга бўлишига хизмат қиладиган қорамолларни озиқлантириш, парваришлаш ҳамда сутни қайта ишлаш бўйича ишлаб чиқилган тавсиянома тақдим этилди.
— Ҳудудларда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, сифатли сут ва сут маҳсулотларини уй шароитида тайёрлашда бу каби жонли мулоқотлар яхши самара беради, — дейди “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси раиси А. Аҳмеджонова. — Чунки уларда иштирокчилар қорамолларнинг насл ва маҳсулдорлик имкониятларини оширишга эътибор бериш, айниқса, сут маҳсулотларини уй шароитида қайта ишлаш юзасидан билим ва кўникмага эга бўладилар.
Семинарда Бухоро вилояти шароитига мос қорамол зотлари, уларнинг маҳсулдорлик кўрсаткичлари хориждан келтирилган қорамолларни маҳаллий шароитга мослаштиришга оид муҳим жиҳатлар, маҳаллий ва хориждан келтирилган наслли сигирларнинг маҳсулдорлигини ошириш масалалари атрофлича кўриб чикилди.
Амалий конструктив аҳамиятга эга мазкур семинар муҳокамасида юқоридаги каби жиҳатлар атрофлича ўрганилиб, маҳсулдорликни ошириш, чорвадорлар имкониятларини кенгайтириш ҳисобидан қўшимча ишчи ўринларини ташкил этишга доир қатор тавсиялар ишлаб чиқилди.
Семинарда хотин-қизларга уй шароитида сутни қайта ишлашда зарур бўладиган жиҳозлар ишлатилиши хақида билим улашилди. Таъкидлаш керакки, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) “Марказий Осиё давлатларининг чўллар бўйича ташаббуси (CADI) – Марказий Осиёда мўътадил чўлларни сақлаш ва барқарор фойдаланиш” лойиҳаси тарафидан сутни қайта ишлайдиган ускуналар маҳаллий аҳолига шу йилнинг июнь ойида тарқатилиши режалаштирилган.
Германия ҳукумати томонидан молиялаштирилган CADI лойиҳаси 2016 йилдан буён Грайфсвальд университети, Майкл Зукков жамғармаси ва ФАО томонидан Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда амалга оширилмоқда.