Қарорга кўра, Қорақалпоғистон Республикасини барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
2026 йил якунига қадар:
- ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 8,1 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 8 фоизга ошириш;
- ишсизлик даражасини 4,2 фоизгача, камбағаллик даражасини 3,2 фоизгача пасайтириш, Нукус шаҳри, Қўнғирот ва Чимбой туманлари ҳамда 109 та маҳаллани ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш;
2030 йилга қадар:
- ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 102,4 трлн сўмга, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини 28,9 трлн сўмга етказиш ҳамда саноат ва хизматлар соҳасида жами 7,2 млрд АҚШ доллари эквивалентидаги лойиҳаларни амалга ошириш;
- экспорт ҳажмини 900 млн АҚШ долларига етказиш.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг Экология ва Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими тугатилади.
Вазирлар Кенгаши Раисининг яйловлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш, чорва озуқа базасини мустаҳкамлаш ва чорвачиликни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими киритилади.
Қарорга кўра, Қўнғирот, Чимбой, Беруний, Бўзатов ва Қонликўл туманларида чорва озуқасини етиштириш, сақлаш, қадоқлаш қувватларини ишга тушириш ва аҳолига етказиб бериш тизими йўлга қўйилади.
2026 йил якунига қадар Беруний туманида йиллик қуввати 36 минг тонна бўлган чорва ва балиқ озуқасини ишлаб чиқаришга мўлжалланган замонавий Агромажмуа лойиҳаси ишга туширилади.
2026 – 2028 йилларда Қорақалпоғистон Республикасида 10 минг гектар ер майдонларида чорва озуқаси етиштириш чоралари кўрилади.
Нукус шаҳрида тирбандликларни камайтириш мақсадида Нукус шаҳри ва Тахиатош туманини боғловчи 2,2 км автомобиль йўли, 1 та кўприк ҳамда “D 234 (4Р176)” Нукус – Чимбой – Тахтакўпир автомобиль йўлининг 4 км қисмида янгидан йўл ўтказгич қурилади.
Амударё туманида 6 та маҳалла фуқаролар йиғинига 107,1 км ичимлик сув тармоғини янгидан қуриш, умумфойдаланишдаги автомобиль йўлларининг 110,5 км қисмини, 1 та насос станциясини ҳамда туман марказидаги мавжуд локал оқова сув тозалаш иншооти реконструкция қилинади.
Шуманай туманида умумфойдаланишдаги “D 235 (4P177)” автомобиль йўлининг 31 км қисми реконструкция қилинади.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 апрелдан маъмурий бошқарув жиҳатдан Нукус шаҳри таркибига кирувчи “Қаратау” ва “Бестобе” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисига давлат мактабгача таълим ташкилотларида бола таъминоти учун ота-оналар тўловига 50 фоиз камайтирувчи коэффициентлар қўлланилади.
Шунингдек, майдони 5 минг квадрат метрдан юқори бўлган савдо комплекслари ва меҳмонхона (жойлаштириш воситалари) хизматлари бўйича мазкур ҳудудда фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорларга 2027 йил 1 январдан 2040 йил 1 январга қадар ер солиғи ва мол-мулк солиғи ставкалари 90 фоизга камайтирилган ҳолда қўлланилади.
2028 йил 1 январга қадар:
- Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жойлашган тижорат банкларининг балансида бўлган мол-мулк объектлари бозор нархида қайта баҳоланиб, 10 йил давомида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри реализация қилинади;
- реализация қилинган мол-мулк объектлари бўйича тузилган олди-сотди шартномаларига мувофиқ тўловлар 6 ой ичида тўлиқ тўланганда шартнома қийматининг 25 фоизига тенг миқдорда чегирмалар берилади.