Ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар билан бевосита мулоқот жараёнида юзага келаётган муаммоли масалалар батафсил ўрганилди, уларнинг ҳар бирини ҳал қилиш бўйича механизмлар ишлаб чиқилди.
Ишбилармонлар асосан молиявий ресурсларни ажратиш, илгари берилган кредитлар бўйича тўлов муддатларини узайтириш, ер участкалари, бўш бино ва иншоотлар ажратиш, тегишли лицензия ва рухсатномалар олиш, инфратузилмавий коммуникацияларга уланиш ҳамда қўшилган қиймат солиғини қайтариш механизмлари билан боғлиқ масалаларни кўтардилар.
Ҳар бир мурожаат вазирликлар, идоралар ва тижорат банклари раҳбарларини жалб этган ҳолда алоҳида кўриб чиқилди. Масъул раҳбарларга аниқланган муаммоларни зудлик билан ҳал қилиш ҳамда тадбиркорларга самарали амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан топшириқлар берилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Ушбу кўрсатмаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва ташқи савдони мониторинг қилиш инспекцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан биргаликда амалга оширилади.