Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизматининг маълумотига кўра, ҳудудларда тузилган кенгашлар зиммасига  коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат ва бошқа дастурларнинг амалга оширилишини ташкил этиш, тегишли ҳудудда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлигини таъминлаш вазифалари юкланмоқда. Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш ҳам улар фаолиятининг устувор йўналиши этиб белгиланди.

Бундан ташқари, ҳудудий кенгашлар коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, чек қўйиш, оқибатлари ҳамда имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар самарадорлиги оширилишини таъминлаш, коррупциянинг ҳолати ва тенденциялари тўғрисидаги ахборотни йиғиш ҳамда таҳлил этиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан мониторингни амалга оширишга масъул ҳисобланади. Ушбу соҳадаги мавжуд ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларнинг самарадорлигини баҳолаш учун тегишли ҳудудда қилинган ишлар ижроси ҳақида Миллий кенгаш ишчи органига ахборот тақдим этиб боради. Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, ушбу соҳадаги ишларни яхшилаш юзасидан таклифлар тайёрлаш ва Миллий кенгашга киритиш  ҳам  уларнинг муҳим вазифалари сирасига киради.