Туман Давлат хизматлари маркази ходимлари энди марказга ташриф буюрувчиларга бетакрор архитектура дизайнга эга янги ва замонавий бинонинг кенг, ёруғ ва шинам хоналарида барча қулай шароитларда хизмат кўрсатади.
Бинонинг очилиш маросимига бағишланган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов, Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи М.Абдижалиев, туман ҳокими У.Утамбетов, адлия бўлими вакиллари, давлат ва жамоатчилик ташкилотлари ходимлари, меҳнат фахрийлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Марказда зал бўйлаб жойлаштирилган белгилар давлат хизматларидан фойдаланиш учун кетма-кетликда йўналтиради. Электрон навбат олиш учун «QMATIC» ва инфокиоск ишлаб турибди. Талонни олиб кутиш залидаги шинам ўриндиқларга жойлашишингиз мумкин. Мониторлар орқали эса навбатингиз келгани ҳақида хабардор қилиб, қайси қабул ойнасига ўтиш кераклиги кўрсатилади.

Янада қулайлик яратиш мақсадида марказда болалар майдончаси, давлат божларини тўлаш учун махсус касса ва бошқалар ишлаб турибди. Ташриф буюрувчилар бепул Wi-Fi дан фойдаланиш имконига эга.
Имконияти чекланган фуқароларга ҳам бир қанча қулайликлар яратилган. Умуман олганда, ҳар бир фуқарога алоҳида эътибор берилган бўлиб, жамиятнинг барча қатлами манфаатлари ҳисобга олинган. Бу ерда 10 та қабул ойналари орқали 160 тан ортиқ давлат хизматларини олиш мумкин.
Қораўзак туманида 52 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ўтган 2020 йил давомида жисмоний ва юридик шахсларга 21 мингдан зиёд давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, жорий йил давомида 20 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. Бу ўз навбатида Давлат хизматлари марказларига бўлган эҳтиёжнинг ошганидан далолат беради.
Шунингдек, марказ биносида туман Халқ қабулхонаси, Бош вазир қабулхонаси ва ФҲДЁ бўлими жойлашган.

Марказнинг янги биносининг очилишининг илк кунида тумандаги намунали ва ёш оилаларнинг бири Халмуратовлар оиласи қонуний никоҳдан ўтди.
Давлат хизматлари марказларида яратилган бундай шароитлар фуқароларнинг вақтини тежаш билан бир навбатда, давлат хизматларидан тез ва қулай фойдаланиш имкониятини беради.
Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси