“Қорақалпоқ сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятида 2022 йил якуни ва 2023 йилда амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар билан оммавий ахборот воситалари ходимларини таништириш мақсадида сув иншоотлари ва лабораторияларда пресс-тур ва пресс конференция тадбирлари ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси учун ичимлик сув таъминотини яхшилаш борасида сўнги йиллари жуда катта амалий ишлар бажарилмоқда. Бугунги кунда аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш даражаси 70,5 % ни қурамоқда. Жорий йил Қорақалпоғистонда лойиҳа қиймати 211,8 миллиард сўм маблағ эвазига жами узунлиги 383,8 км ичимлик ва оқава сув тармоқлари, 24 та сув иншоотларида қурилиш таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 октябрь кунги «2022-2023 йилларда маҳаллалар инфраструктурасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ лойиҳа баҳоси 100,4 миллиард сўм маблағ ҳисобига 69 та лойиҳада жами 342,6 км ичимлик сув тармоқлари ва 17 та сув иншоотларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Шунингдек, лойиҳа доирасида 5473 хонадон сув тармоқларига уланиб, сув ҳисоблагичлар бепул ўрнатиб берилган. Бугунги кунга келиб 51,8 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилиб, 34 та қурилиш ишлари якунланган.
- Нукус шаҳри аҳолисини ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида 74,9 миллиард маблағ эвазига “Нукус” сув тозалаш иншоотини таъмирлашнинг иккинчи босқичи, яъни қуввати суткасига 65 минг м3 дан 95 минг м3 га етказиш лойиҳаси бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда, -дейди Нукус шаҳри сув тозалаш тармоғи бошлиғи Азамат Бектурдиев.
Пресс тур иштирокчилар иншоотлардаги қурилиш ишлари билан яқиндан танишиб чиқишди. Шунингдек бугунги кунда лабораторияларда олиб бораётган ишларнинг жараёнини томоша қилишди ва ўзлари қизиққан саволларга жавоблар олди. Ташкил этилган пресс-тур, пресс конференция билан якунланди.