“Аллоҳ томонидан берилгани–тақдир, инсон томонидан бажариладигани-тадбирдир, иккаласи қўшилиб–қадарни ташкил қилади”
Шайх Азизиддин Насафий,
”Зубдат ул-ҳақойиқ”дан
Заминимизда бу йил охирги 50 йилликдаги энг паст ҳарорат кузатилди. 10-15 январга қадар автоуловимдаги ҳарорат ўлчагич–термометр ҳаракат маҳали 23 даражагача совуқни кўрсатди. Бундай аномал паст ҳарорат 1969 йилда, беш яшарлик пайтимда кузатилган бўлиб, ноябрда ёққан қорнинг охирги зарралари апрел ўрталарига келиб эриган эди. Авваломбор, бугунги кунда истеъмолимизда энг кўп такрорланаётган аномал атамасига тавсиф берамиз.
Аномал (русчада ненормал) атамаси нормадан ташқари, яъни меъёрий бўлмаган маъноларини бериб, маҳаллий тилимизда қорасовуқ, замҳарир, қаҳратон совуқ маъноларига яқин.1982-84 йиллари совет Армиясининг ички қўшинлари таркибидаги маҳсус қўшинлар сафида сержант лавозимида хизмат қилганман. 1983 йилнинг 3 февралида Ёқутистоннинг Оймакон ҳудудига махсус вазифа билан борганимизда шаҳарнинг қоқ ўртасидаги симёғочдек улкан термометр -56 даража совуқни кўрсатган эди. Ўша йиллари биз конвой хизматида Шарқий Сибирнинг Иркутск, Хабаровск, Красноярск, Томск, Магадан, Чита, Владивосток ҳудудларида бўлардик, қишнинг 40-45 даража совуқлари бу ҳудудлар учун одатий ҳол эди.
Албатта, Аллоҳнинг ҳар бир неъмати ҳикматсиз бўлмайди, вақти-вақти билан жунбушга келиб турадиган замҳарирнинг зарарлари билан бир қаторда фойдали жиҳатлари ҳам бор. Зарарли жиҳатларига энергетик ва озиқ овқат кризислари, совуқ уриши, одамлар кайфиятида тушкунликлар, руҳий беқарорликлар пайдо бўлиши, иммун изимининг кескин заифлашиши бўлса, фойдали жиҳатларига зарарли ҳашаротлар, қурт-қумурсқалар, касалланган ва кексайган жониворларнинг, наботот оламининг нобуд бўлиши оқибатида табиатнинг тозаланиши киради. Табиий танланиш бу, ҳеч нарса қила олмайсиз! Аммо, табиий танланиш экан, деб тақдирга тан бериб, қўлни қовуштириб ўтиравериш муъминликдан эмас. Аллоҳ тақдирни яратгани билан бирга имкониятимизга тадбирни берди, демак бундан қорасовуқларда ўзимизни ва яқинларимизни имкон даражасида муҳофаза қилишимиз, иммун тизимимизни рағбатлантиришимиз керак.
Замонавий медицина ва халқ табобатида буларга қаратилган бир қатор тавсиялар бор:
-Поливитамин препаратларидан имкон даражасида етарли дозада қабул қилиш лозим. Дорихоналаримизда йиллар мобайнида синовдан ўтган ва кам асоратли, ножўя таъсирлардан холи ундевит, гендевит, ревит, олиговит, компливит, аскорбин кислота препаратлари мавжуд бўлиб, уларнинг самарадорлиги бугунги кунда оғиздан тупук сочиб реклама қилинаётган аксарият қимматбаҳо дори воситаларидан яхшироқдир.
-Ҳаракатчан бўлинг. Қанча кўп ҳаракат қилсак, мушакларимиз шунча кўп жоуль иссиқлик энергиясини ишлаб беради, булар эса ҳаётий муҳим ички аъзоларимизнинг меъёрда фаолият юритишини таъминлаб беради. Оймакон, Усолье-Сибирск, Ангарскдаги қорасовуқларда тинимсиз ҳаракатда бўлардик, бирпас тўхтадингми, томирларингда қон музлаб қолганини ҳис қиласан, киши.
-Қон суюлтирувчи препаратлардан мунтазам қабул қилинг! Ўта иссиқ ҳам, аномал совуқ ҳам қоннинг кескин қуюқлашишига сабаб бўлади, қилтомирларда қон айланмай қолиши ҳисобига инсультлар, инфарктлар кўпайди, қўл оёқларни совуқ уради. Буларга кардиомагнил, аспирин кардио, тромбопол, тромбоасс каби таркибида аспирин сақловчи препаратлар киради. Албатта, дозасига қараб тўқ қоринга кўп суюқлик билан қабул қилиш лозим. Меъда-ичак яраларида, жигарнинг сурункали касалликларда, қон кетишига мойил одамларга мумкин эмас.
-Мизожи (темпераменти) иссиқ овқатларни ( қўй гўшти, курка гўшти,қази )асал,новвот, дуккакли ( мош, нўхат кўпроқ истеъмол қилинг, мизожи совуқ (эчки гўшти, балиқни айрим турлари) чалоп, айрон кабиларни ёзга саратонга қолдиринг. Мизожи иссиқ кийимлар( жунли, терили, тивитли) кийинг , синтетик ва ипак кийим кечакларнинг темпераменти совуқ бўлиб қахратонда касалликлар келтириб чиқаради. Пахта-муътадил мизожли бўлиб ҳар қандай фаслда кийса бўладиган идеал матодир.
-Пиёз ва саримсоқни кўпроқ истеъмол қилинг, албатта хом ҳолида. Ҳидидан қўрқманг, сизга саломатлик зарурми ёки одамларни гапи… Қолаверса, жамоат жойларига чиқишдан, мулоқотдан аввал бир чимдим зира чайнаб юборсангиз, нохуш ҳиддан ва атрофдагиларнинг совуқ назаридан халос бўласиз.
-Имкон даражасида ўзингиз ва яқинларингизни чиниқтиринг ва нисбатан пастроқ хароратга бардошли қилиб тарбияланг. Отам раҳматлик ўзлари намуна бўлиб ўн нафар болани тизза бўйи қорда ялангоёқ чопишга олиб чиқарди, бошида бироз жунжикиб турсак-да, қорда югургандан кейин оёқлар қизиб кетар, ўн-йигирма дақиқалик бу тадбирдан кейин сандалга кириб, ширчой ичиб ётишнинг гашти бўлакча эди. Ана шуларнинг ижобий таъсири бўлса керакки, тўнғич опа ва акаларимнинг ёшлари етмишга етса ҳам бирор жиддий касалланмасдан яшаб келмоқда.
Бугунги кун гигиенаси меъёрий хона ҳароратини 21-22 даража қилиб белгилаган. Фикри ожизимча бу анчайин катта кўрсаткич, менимча 17-18 даража комфорт учун етарли деб ўйлайман. Баланд ҳароратда кўп ўтирганда юрак уриши, нафас олиши тезлашади, моддалар алмашинуви кучайиши ҳисобига кексайиш жараёнлари тезлашади. Мен мана 40 йилдирки, ишхонам, қабулхонам ва ижодхонамдаги ҳароратни ўртача 12-14 даража қилиб ишлайман, ўзимни хотиржам ва шинам сезаман. Аммо, ундан паст, яъни 8-12 даражада ҳам бемалол совуққотмасдан, жунжикмасдан ишлайман. Йиллар мобайнида шунга мослашганман. Бир эшон бобом неваралари тез-тез шамоллашидан шикоят қилиб бир кўриб беришимни илтимос қилди. Кўп қаватли уйда турар экан, ичкарига кириб бўғилиб қолишимга сал қолди, батареялардан ташқари электр иситгичлар ёқилган, боз яна газ пориллаб ёниб турибди, ҳарорат нақ ўттиз… Албатта, бундай болалар пархонадан совуқ кўчага чиқани заҳоти шамоллайди-да!
-Мурчли, қалампирли чойлар ичинг. Бундай чойлар қилтомирлардаги тиқинларни ювиш билан бирга қонни яхши суюлтиради. Мен ҳар йили 10 кг қизил аччиқ қалампирни, 3 кг саримсоққа аралаштириб чўян мясорубкадан ўтказаман, 200 мл 70% сирка кислотаси, 10 та 0,5 гр аспирин, 500 гр шакар,50 гр ОШ тузи қўшиб банкаларга жойлайман. Ҳар гал овқатга қўшиб оилавий истеъмол қилганимизга баданни ичдан қизиганини ҳис қиламиз. Мен огонёк-оловча деб номлаган бу аралашма бахтлилик гормонлари-эндорфинларни ишлаб чиқаришини кўпайтириш билан бирга қон айланишида бебаҳо воситадир. Камчатка, Чукотка, Оймакон, Ухта каби совуқ ўлкаларда одамлар ичидан қиздириш учун ҳар гал таомланишда алкогол истеъмол қилишганини кўрдим, бу албатта ичдан қиздиради. Аммо сурункали алкоголизмга олиб келгани боис бу ўлкаларда одамларнинг ўртача умри 40-55 ёшни ташкил қилади.
-Ҳар ҳафта, жилла қурса ўн кунда бир марта саунага тушишга одатланинг. Сауна қон томирларни кескин кенгайтиради, ички аъзолар фаолиятини рағбатлантиради, токсинларни тери орқали чиқариб юбориш ҳисобига ёшартиради, иммун тизимини кучайтиради, кайфиятни кўтаради. Мен қирқ йилдирки, шуни ўзимга одат қилганман.
-Донишманд бобокалонларимизнинг ҳайратангиз ихтироларидан фойдаланинг. Сандал (танча), маҳси –калиш ана шундай арзон ва самарали ихтиролардир. Биз ўн нафар бола ана шу сандалдан фойдаланиб, бирор марта оғир хасталанмасдан, шамолламасдан улғайганмиз. Отамиз, онамиз билан ўн икки нафар одам сандалга оёқ тиқиб ухлардик, ака –укалар бир-биримизни оёқлар билан чимчилаб ҳазиллашар эдик. Буюк Ибн Сино "Оёқларни иссиқ, бошингизни совуқ тутинг” деб бежиз таълим бермаган. Касалликларнинг аксарияти ( простатитлар, ревматизмлар, бачадон тухумдонлар ,қовуқ яллиғланиши, буйраклар фаолиятининг издан чиқиши оёқларнинг сурункали совқотишидан келиб чиқишини ар-Розий, Гиппократ, Ибн Сино, ҳаким Юсуфий, Воситхон ибн Зоҳидхон Шошийлар таъкидлаганлар, замонавий медицина буларни тасдиқлайди. Оёқларни совуқдан асрашда маҳси-калишдан ўтадиган самарали восита ҳали ишлаб чиқилмаган, қиёматгача ихтиро қилинмаса ҳам керак. Мен тийрамоҳдан кўкламгача ундан самарали фойдаланаман. Ичи табиий жунли, ҳақиқий теридан тикилган маҳси албатта қимматроқ бўлади, аммо антибиотиклар ундан ҳам қиммат, шу боис саломатлик учун иқтисод қилманг.
Бундай маҳси оёқларимизни кислород билан таъминланишига халақит бермаган ҳолда иссиқликни яхши сақлайди, резина калиш эса намликдан асрайди, иккаласини уйғунлашиши жуда идеал ҳисобланади. Нархи арзон, материали шубҳали маҳсилар (бугун истеъмол бозорларимиз уларга тўлиб-тошган) на фақат совуқдан сақлайди, табиий бўлмаганлиги учун оёқнинг бир қатор касалликларини келтириб чиқаради. Мен буларни беморларимда кўп кузатганман.
-Ичкиликбозлик, кашандалик, баднафслик, ҳасадгўйлик, дангасалик, эринчоқлик каби зарарли ва Холиғимизга ёқмайдиган одатлардан воз кечинг, турмушимиз сифати, умримиз узунлиги ва иммун тизимимизнинг муҳофаза кучи уларга бевосита боғлиқ. Имкон бўлса спорт ва бадантарбия билан мунтазам шуғулланинг (мен ҳар куни камида бир соатимни спортга бағишлайман). Силвестр Сталлоне “Энг ёмон кўрган жойим-спорт зали, аммо саломатлигим ва қоматимни идеал сақлаш учун ҳар куни икки соат ана шу ёқимсиз жойда шуғулланишга мажбурман” деган эди. Ҳақиқатан ҳам иссиққина ва юмшоққина тўшакда чўзилиб, кибру-ҳаво билан телевизор кўриш ҳаммага ҳам ёқади, алаканинг итидек югуриш ва терлаш эса кўпчилик учун жуда оғир вазифадир.
-Қишқи депрессия-тушкунликни олдини олиш учун сариқ, қизил, яшил каби қўзғатувчи, жунбушга келтирувчи ёрқин ранглардан кўпроқ фойдаланинг.
-Орани бузувчи совуқ ва ботил гапларни айтишдан, эзмаликдан қочинг, ўзи шундоқ ҳам аёз бўлиб турганида аччиқ ва совуқ суҳбат иммун тизимини расво қилади. Кўпроқ табассум қилинг, табассум ва хушкайфият улашинг, эҳсон қилинг. Аҳли илмларимиздан бири (афсус, исми шарифи ёдимдан кўтарилибди, Абдуллоҳ қори бўлса керак) интернет тармоғида “Закотингизни рамазонгача кутмасдан бугунги синовли кунларда муҳтожларга тарқатинг” деган жуда таъсирли ва ўринли маъруза қилди, Аллоҳ рози бўлсин ундан! Мен ҳам кутиб ўтирмай кеча йиллик закотимни ҳисоблаб, бир неча муҳтож оилаларнинг тўловларига ёрдам бердим.
-Ширинмия (чучукмия-солодка) илдизининг дамламаси иммун тизимини рағбатлантирибгина қолмасдан, аллергияни даволашда ҳам беқиёс восита ҳисобланади, ични юмшатиб ўт ҳайдайди. Мизожи-иссиқ –қуруқ. 1989-95 йилларда устозим профессор Бекназаров Жуманазар ака билан “Сунъий буйрак “ бўлимида унинг самарадорлигини исботловчи кўплаб тадқиқотлар ўтказиб илмий мақоллар чоп этганмиз. Преднизолон, дексаметазонга ўтириб қолган беморларни ҳам гормондан чиқаришда ундан самарали фойдаланганмиз.
Муҳтарам юртдошлар, ҳадиси шарифларда “ Инсон ўзига лозим кўрган нарсаларни бошқаларга лозим кўрмагунча ҳақиқий муъмин бўла олмайди”-дейилади. Мен ҳам синовли бу саналарда ўзим мунтазам бажарадиган ва ўзимга лозим кўрган нарсаларни Сиз азизларга ҳам лозим кўрдим, Аллоҳ ҳаммамизнинг саломатлигимизни бенуқсон қилсин!Фасллар келинчаги-кўкламгача бор-йўғи 43 кун қолди. Устози комил Абдулла Орипов битганларидек “Қишдан омон чиқа олган ғунчага боқиб қувонадиган” илоҳий кунлар тобора яқиндир.
Алижон Зоҳидий,
Республика Соғлиқни Сақлаш аълочиси,
Тошкент тиббиёт академияси умумий болалар хирургия доценти.