Шу муносабат билан бугун вилоятдаги маҳаллаларда истиқомат килаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари ҳамда васийликда бўлган, ногирон ва етим болалардан 140 нафари йиғилди. Улар учун тўкин дастурхон ёзилди. Албатта, болалар бундай ғамхўрликдан кўнгиллари кўтарилиб, шод бўлишди.
Шинам масканда ташкил этилган байрамона тадбирда эстрада юлдузлари ҳам иштирок этишди. Куй-қўшиқлар остида болажонлар рақсга тушишди. Хонандалар билан бирга ўзлари ҳам қўшиқ куйлашди.
Тадбирнинг энг ёдда қоларли жиҳати, болажонлар бир ой аввал Қорбобога совға сўраб хат ёзишганди. Масалан, Умида Абдуҳакимова Қорбободан юмшоқ ва чиройли диван сўраган эди. Унга диван совға қилинди. Барча болаларга совғалар топширилди. Уларга турли хил уй жиҳозлари ҳам берилди. Хусусан, шкаф, диван, қимматбаҳо буюмлар, велосипедлар, китоб жавонлари, шунингдек, турли хил ўйинчоқлар, китоб, дафтар, ширинликлар тортиқ қилинди.
Тадбир сўнгида болажонлар ташкилотчилар ва ҳомийларга миннатдорчилик билдиришди.