Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларининг тезкор ҳаракатлари натижасида Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси ҳудудида содир бўлиши мумкин бўлган йирик ёнғиннинг олди олинди, дея хабар беради ФВВ ахборот хизмати.

Таъкидланишича, Чотқол давлат биосфера қўриқхонасининг Майдонтол бўлими ҳудудида 8 июль куни кечаси кичик ёнғин содир бўлган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ўрмон ёнғинларини бартараф этиш махсус отряди зудлик билан воқеа жойига етиб борди.

Қисқа вақт ичида ФВВ ходимларининг тезкор ва малакали ҳаракатлари натижасида ёнғин ўчирилди ва шу орқали ўрмоннинг катта ҳудудига тарқалиши мумкин бўлган ёнғиннинг олди олинди.

"Жараёнга Мудофаа вазирлиги, шунингдек, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирликларининг куч ва воситалари ҳам жалб этилди. Ёнғинни бартараф этиш жараёни Фавқулодда вазиятлар вазири A.Қўлдошев томонидан назоратга олинди", дейилади хабарда.