Мартабали меҳмонлар даставвал Зомин туманидаги Дуоба маҳалласига бориб, унда аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Зомин шаҳридан 25 километр олисда жойлашган ушбу масканда 25 минг нафардан ортиқ турли миллат вакиллари истиқомат қилади. Аҳолининг асосий машғулоти деҳқончилик ва чорвачиликдан иборат. Кейинги пайтларда эса, Дуобада оилавий туризм ривож топаётир. Бунга эса маҳалланинг баланд тоғлар этагида, арчазорлар қўйнида жойлашгани асосий сабаб бўлмоқда.
Қардош халқлар вакилларида бу ерда ташкил этилган оилавий меҳмон уйлари, уларда мавжуд шарт-шароит катта таассурот қолдирди. Маҳаллий тадбиркорлар учун яратилган имконият ва имтиёзлар, шу ерда очилган ва ўнлаб хотин-қизларни доимий иш билан таъминлаган янги тикув цехи ҳам меҳмонлар эътиборини ўзига тортди.
Жорий йилда Зомин туманининг “Пшағор” қишлоқ фуқаролар йиғинида “Обод қишлоқ” дастури доирасида кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Хорижлик меҳмонлар ана шу ҳудудга бўлиб, бу ерда қисқа муддат ичида якунига етказилган мисли кўрилмаган даражадаги янгилик ва ўзгаришларга гувоҳ бўлишди. Шу ернинг ўзида меҳмонлар шарафига тантанали тадбир ташкил этилди. Байналмилал дўстликни улуғловчи турли тилларда янграган куй-қўшиқлар, жозибадор рақслар ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.
Элчилар Жиззах бўйлаб саёҳати давомида вилоят марказининг диққатга сазовор жойлари билан танишиш имкониятига ҳам эга бўлишди. Улар атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов, мумтоз шоирлар Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним ҳайкаллари пойига гуллар қўйдилар.
Худойберди КАРИМОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири