Мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбанов ушбу муассасанинг барпо этилиши Қуролли Кучлар тизимида ўзига хос янгилик экани, ҳарбийларнинг жанговар тайёргарлигини янада оширишга улкан ҳисса қўшишини таъкидлади.

Марказда ҳарбий хизматчилар учун қулай инфратузилма, аъло даражада янгиланган ўқув-моддий база ва барча ижтимоий-маиший шароитлар яратилган. Тадбир давомида ҳарбий хизматчиларнинг реал вазиятга яқинлаштирилган кўргазмали ўқув машқлари ва тоғда ҳаракатланишда зарур бўладиган техникалар намойиши ўтказилди. Шу орқали ҳарбий хизматчиларнинг амалий машғулотлар давомида орттирган билим ва кўникмалари синовдан ўтказилди.

Тоғ шароитидаги жанговар ҳаракатларга тайёрланиш ҳарбий хизматчидан дала шароитидаги ўқув машғулотларидан кўра, юқори билим ва пухта кўникма талаб қилади. Айниқса, тоғ шароити мерганлар (снайперлар) учун қулайдир.

Улкан тошлар, катта қоялар бағрида ўтказилган кўргазмали машғулотлар давомида жанговар бўлинмаларни алоқа билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Тўғри, тоғ рельефининг ўзгариши, ўтиш қийин бўлган тўсиқларнинг мавжудлиги, йўллар сони чегараланганлиги алоқани ташкиллаштиришда бироз қийинчилик туғдиради. Бундан ташқари, радио тўлқинлар тоғ шароитида ишлаши жуда оғир. Шунинг учун радиостанцияларни ёйиш жойини тўғри танлаш ҳарбий алоқачилардан катта билим ва кўникмани талаб этади.

Қувонарлиси, машғулот иштирокчилари бу мураккаб вазифаларни аъло даражада уддалашди! Кўргазмали машғулотлар якунланар экан, таклиф этилган меҳмонлар фойдаланишга топширилган марказда ҳарбийларга яратилган шарт-шароитлардан мамнун эканликларини баён этишди. Ҳарбий хизматчиларнинг машғулот давомидаги эпчиллиги, билим ва маҳоратига таҳсин айтишди.

Чингиз РАИМБEРДИЕВ,

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти