Бу ҳақда Қозоғистоннинг “Zakon” порталига таяниб, “Дунё” АА хабар берди.
Тошкент шаҳрида уч давлат сув-энергетика идоралари раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган музокаралар якунида уч томонлама баённома имзоланди. Унда яқин икки ой учун Тўқтоғул сув омборидан сув чиқариш ҳажмлари ва режимлари бўйича келишилган тартиблар мустаҳкамлаб қўйилди. Тадбирда уч мамлакатнинг энергетика ва сув хўжалиги соҳаларига масъул вазирлик ва идоралари вакиллари иштирок этди.
Томонлар вегетация даврида жанубий ҳудудларни етарли ҳажмда сув билан таъминлаш асосий масала эканини таъкидлади. Уларнинг фикрича, мазкур баённоманинг имзоланиши суғориш мавсуми бошида барқарор сув таъминотини таъминлаш ҳамда Қозоғистон ва Ўзбекистон фермерлари учун хавф-хатарларни камайтириш имконини беради.
Шунингдек, идоралар раҳбарларининг навбатдаги учрашуви июнь ойи ўрталарида Бишкек шаҳрида бўлиб ўтиши маълум қилинди. Унда июль–сентябрь ойлари учун сув етказиб бериш жадваллари ва ҳажмларини келишиб олиш режалаштирилган.
Хабар қилинишича, мазкур келишувдан олдин мавсумлараро мувофиқлаштириш ишлари амалга оширилган. Унинг доирасида Қозоғистон Қирғизистонга электр энергияси етказиб берган бўлиб, бу Тўқтоғул сув омборидаги сув захираларини қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сақлаб қолиш имконини берган.