Делегация аъзолари иштирокида бино бўйлаб экскурсия ташкил этилди. Шунингдек, Ҳунармандлар маркази фаолияти билан яқиндан танишилди.
Бундан ташқари, вакилларимиз Қозоғистон Парламенти Мажлиси Раиси ўринбосари Б.Кесебаева, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги туризм бўйича фахрий элчиси Л.Аханова ва Олма-ота шаҳар ишбилармон аёллар кенгаши раиси ўринбосари А.Эралиева билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Учрашувларда икки мамлакат парламентлари палаталарининг тегишли қўмиталари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ахборот алмашиш, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда туркий давлатлар муаммоларини биргаликда ҳал этиш йўлларини излаш каби масалалар муҳокама қилинди.
Томонлар савдо-иқтисодий, тиббий, туризм, илмий, маданий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида урғу берди.
Бундан ташқари, вакилларимиз Қозоғистон ишбилармон аёллар уюшмаси аъзолари билан ҳам учрашди.
Учрашув давомида ҳар икки мамлакатда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ва кенгайтиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди, бу борада мунтазам фикр ҳамда илғор тажрибалар алмашишга, жорий йил иккинчи ярмида Ўзбекистон ва Қозоғистон тадбиркор аёллари бизнес-форумини ўтказишга келишиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.