Ўзбекистон Бизнесни Ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон Экспортчилари уюшмалари, Қозоғистондаги ҳамкор ташкилот — “Береке Азиа Гроуп” АЖ билан амалга ошираётган мазкур лойиҳага кўра, савдо уйида юртимизда ишлаб чиқарилган ва етиштирилган маҳсулотлар ўрин олади. 1 йил давомида тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган ушбу лойиҳанинг тантанали очилиш маросими 7 сентябрь куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтди, деб ёзади уюшмалар матбуот хизмати.
Унда, Ўзбекистон экспортчилари ҳамда Ўзбекистон бизнесни ривожлантириш уюшмалари раҳбарлари бошчилигидаги ўзбек делегацияси, шунингдек, ҳамкор давлат тегишли ташкилоти вакиллари ва 100 га яқин қозоқ импортёрлари иштирок этди. Тантанали маросимдан сўнг икки давлат вакиллари ўртасида расмий тарзда 20 га яқин шартномалар имзоланди.
Ҳозирча Савдо уйидан 50 дан ортиқ маҳаллий тадбиркорларимизнинг 400 га яқин турдаги тўқимачилик, қурилиш материаллари, қандолат, қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олган. Савдо уйининг расмий очилиш маросимидан олдин у ерга махсулот жойлаган 6 та ўзбек компанияси олди-сотди шартномасини имзолашга улгурган.
Доимий фаолият олиб борувчи мазкур “шоурум”нинг майдони 1000 кв.м бўлиб, тенг ярми кўргазмага, қолган қисми омборхона учун ажратилган. Дастлабки ҳисоб-китобга кўра, савдо уйи ҳудуддида ҳар бир тадбиркорга маҳсулот намойиши учун 6 кв.м.дан бепул жой ажратилмоқда. Яна 30 га яқин тадбиркорлар учун майдон ҳозирлаш ишлари давом этмоқда. Келгусида Қозоғистонга катта хажмда товар экспорт қилган маҳаллий тадбиркорлар учун яна 100 кв.м. жой ажратилиб, ўз брендлари учун махсус шоурум ташкил этиш имкони берилади.
Савдо уйига махсулотини жойлаган ўзбек экспортчилари жорий йилнинг сентябрь ойи сўнгида ишга туширилиши режалаштирилаётган веб-сайт орқали товарнинг сотилиш жараёнини онлайн кузатиб туриш имконига эга бўладилар.
Маълумот учун, 2021 йилнинг ҳозирги даврига қадар Ўзбекистон экспортчилари уюшмаси ва Ўзбекистон бизнесни ривожлантириш уюшмалари томонидан Афғонистонда 2 та, АҚШ ва Қирғизистонда 1 тадан шу каби савдо уйлари ташкил этилган.