Ўзбекистон юнон-рум кураши бўйича умумжамоа ҳисобида 5 та медалга сазовор бўлиб, уларнинг 2 таси – кумуш ва 3 таси бронза медаллардир.
63 кг.гача бўлган вазн тоифасида ҳамюртимиз Аброр Атабаев иштирок этиб, бронза медални қўлга киритди. Ушбу вазнда 1- ва 2-ўринлар Беларус (Глеб Макаренко) ва Қозоғистон вакиллари (Мадияр Маулитканов)га насиб этди.
72 кг.гача бўлган вазн тоифасида кечган курашларда ҳам жамоамиз вакили Жамол Жумабоев бронза медалига эгалик қилди. Унинг россиялик (Дмитрий Адамов) ва озарбайжонлик (Курбан Курбанов) рақиблари олтин ва кумуш медалга муносиб кўрилди.
Ҳамюртимиз Муроджон Алимжонов 77 кг.гача бўлган вазн тоифасида кураш олиб бориб, юнон-рум кураши бўйича «Қозон 2021» ўйинларининг кумуш медали соҳибига айланди. Россия (Ислом Алиев) ва Қозоғистон (Расул Жунис) вакиллари олтин ва бронза медалларни қўлга киритишди.
82 кг.гача бўлган вазн тоифасида беллашувга киришган Муҳаммадқодир Расулов ҳам кумуш медалга лойиқ кўрилди. Олтин медаль — Ауэс Гонибов (Россия) ва бронза медаль Орункул уулу Бекзат (Қирғизистон)га насиб этди.
Темурбек Насимов 130 кг.гача бўлган вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритди. Олтин ва кумуш эса Озарбайжон (Сархан Маммадов) ва Беларус (Никита Ковалский) вакилларига насиб этди.
4 сентябрь куни МДҲ давлатлари ўйинларида эркин кураш баҳслари бўлиб ўтади. Бундан ташқари, кечки пайт мусобақаларнинг расмий очилиш маросими ўтказилади.
Юнон-рум кураши беллашувлари якунига кўра, Россия жамоаси — 5 та, Озарбайжон жамоаси — 3 та ва Беларус вакиллари 2 та олтин медални қўлга киритишди. Умумжамоа ҳисобида ушбу спорт тури бўйича 7 мамлакат жамоалари совринларни қўлга киритишди.