Бозорда маҳсулот ёки хизмат бўлиб ишладими? Камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва ҳудуд тараққиётига хизмат қилдими?

Агар илм фақат қоғозда қолса, у яхши фикр бўлиши мумкин, аммо ҳали тўлиқ куч эмас. Илм ҳақиқий кучга айланиши учун у тупроқни кўриши, сувни ҳис қилиши, фермер қўлидан ўтиши, хонадон даромади ва бозор эҳтиёжи билан боғланиши керак. Оддий қилиб айтганда, илм лабораторияда туғилади, лекин халқ ҳаётига кирганда яшай бошлайди.

 Бу фақат Ўзбекистон муаммоси эмас!

Бугун дунёда ҳам шу савол долзарб. Ри­вожланган ва ривожланаётган давлатлар илм-фанга катта маблағ сарфлайди, универ­ситет ва илмий марказлар минглаб мақола, патент ва прототиплар яратади. Аммо улар­нинг ҳаммаси ҳам технологияга, иш ўрнига, даромад ёки жамиятда сезиладиган фойдага айланавермайди. Шунинг учун илмни қан­дай қилиб ҳаётга тезроқ ва ишончлироқ олиб кириш мумкин деган савол кўп мамла­катлар учун асосий сиёсий ва илмий масала­га айланмоқда.

Халқаро таҳлилларда бир муҳим хуло­са бор: илмий натижани тижоратлаштириш фақат патент, лицензия ёки стартап дегани эмас. Ҳамкорликдаги тадқиқот, контракт тадқиқот, хўжалик шартномалари, академик маслаҳат, proof-of-concept, яъни ғоянинг амалда ишлашини исботлаш учун берила­диган маблағ, олим ва саноат ўртасидаги ҳа­ракатчан алоқалар, илмий инфратузилмадан

 биргаликда фойдаланиш ва очиқ инновация каби йўналишлар ҳам муҳим. Чунки патент­нинг ўзи етарли эмас, унга ишонадиган, уни ишлатадиган ва бозорга олиб чиқадиган му­ҳит керак.

Қатор давлатлар тажрибаси бир-бирига ўхшаш муаммоларни кўрсатади: интеллек­туал мулк тизими заиф бўлса, proof-of-concept учун маблағ етарли бўлмаса, технология трансфери офислари кучсиз бўлса, олимлар фақат мақола билан баҳоланса, хусусий сек­тор ва реал фойдаланувчи бошиданоқ жалб қилинмаса, ишланма лабораториядан бозорга ўта олмайди. Демак, бу мақолада биз фақат ўз муаммомиз ҳақида эмас, бутун дунё излаёт­ган ечим ҳақида ҳам гапиряпмиз.

Амалда илмнинг йўли кўпинча мана бун­дай кечади: ғоя олимда ёки лабораторияда пайдо бўлади, кичик тажриба ўтказилади, кейин тажриба станциясида синаб кўрила­ди, ҳисобот ёзилади, мақола чиқади, патент олинади. Шундан кейингина натижани фер­мерга, корхона ёки бозорга етказиш масаласи бошланади.

Аммо кўп ҳолларда айнан шу ерда катта муаммо пайдо бўлади. Ишланма тайёр бўл­ган пайтда бозор ўзгарган, иқлим ўзгарган, асосий фойдаланувчи — фермернинг эҳтиё­жи ўзгарган бўлади. Баъзан олим томонидан таклиф қилинаётган янги илмий маҳсулот ўхшаш, кўпинча хорижий таклифларга нис­батан қиммат бўлади. Энг қийини, тармоқда янги маҳсулотни олимдан бошқа тушунади­ган ва самарали ишлатадиган мутахассис­нинг ўзи бўлмаслиги мумкин. Фермер эса табиий савол беради: “Бу менинг еримда иш­лайдими? Менинг сувим, тупроғим, меҳнат шароитим бунга мосми? Таваккал қилсам, фойда кўраманми?”.

Кўпинча бу саволларга аниқ жавоб бўл­майди. Чунки технология ҳақиқий фер­мер майдонида эмас, чекланган тажриба шароитида синалган бўлади. Натижада яхши ишланмалар ҳам токчада тураверади: патент бор, лекин харидор йўқ, мақола бор, лекин фермер ишонмайди, ҳисобот бор, ле­кин бозорга чиқмайди. Бир неча тармоқда раҳбарликдан олган энг муҳим сабоғим шу: илмнинг охирги манзили бошиданоқ белги­ланмаган бўлса, кейин вақт ўтиши билан уни ҳаётга олиб кириш қийинлашиб кетаверади. Демак, ечим ностандарт — астари ағда­рилган, яъни тескаридан бошланган ёнда­шувни талаб қилади.

Қандай йўл таклиф этилади?

Кўп йиллар давомида анъанавий ёндашув ушбу занжирда ишлаб келди: ғоя — илмий грант — лаборатория тадқиқотлари — натижалар таҳлили — мақола ва ҳисо­ботлар — патент ёки прототип — кичик синов ишлаб чиқариш — истеъмолчи ёки тармоқларга тижорий таклиф — ти­жоратлаштириш.

Бу йўлнинг илмий аҳамияти бор, албат­та. Аммо амалий қишлоқ хўжалигида у кў­пинча узун, секин ва хавфли бўлиб қолади. Чунки фермер, хонадон, кластер, корхона ёки бозорнинг ҳақиқий эҳтиёжи жараённинг бо­шида эмас, аксар ҳолларда охирида ҳисобга олинади. Натижада айрим ишланмалар яхши мақола, ҳисобот ёки патентга айланади, ле­кин фермер даласига, хонадон даромадига, бозор маҳсулотига ва иқтисодий самарага етиб боролмайди.

Энди илм йўлини тескаридан бошлаш вақ­ти келди. Яъни олим ўз ишини фақат “менда қандай ғоя бор?” деган саволдан эмас, балки “қайси фермер, қайси хонадон, қайси ҳоким­лик, қайси кластер, қайси кооператив, қайси корхона ёки қайси маҳалла муаммосини ҳал қила оламан?” деган саволдан бошлаши керак.

Янги моделда занжир бошқача — қуйидан юқорига қараб қурилади: ҳозирги ҳаётий муаммо — фермер майдони ёки хонадон платформасини илмий майдон сифатида танлаш — шароитлар ва мавжуд инсон капиталини илмий диагностика қилиш — ечим ғояси — грант жалб қилиш — лабо­ратория ва дала тадқиқотини бир вақтда олиб бориш — бепул ёки имтиёзли техно­логия пакети — реал шароитда синов ва маҳаллий мутахассис тайёрлаш — фермер ва хонадон даромади — атрофдаги хона­дон ва фермерларга кенгайтириб бориш, яъни дастлабки тижоратлаштириш — ил­мий маълумот — мақола, патент ва жорий қилинган майдон тақдимоти — кластер, кооператив, компания, стартап ёки спин- офф орқали кенгайтириш — кенг миқёсда тижоратлаштириш Фарқ шундаки, амалдаги тизимда фер­мер, хонадон ва бозор кўпинча занжирнинг охирида пайдо бўлади. Янги моделда эса улар бошиданоқ жараённинг ичида бўлади. Амалдаги тизимда тижоратлаштириш охир­ги ва энг қийин босқич сифатида кўрилади, олим кўпинча тайёр ишланмасини сотишга уринади ва табиий равишда унга юқори баҳо қўяди. Янги тизимда эса ишланма илмнинг бошидаёқ истеъмолчи-иштирокчига давлат гранти ёрдамида бепул ёки имтиёзли тарзда етиб боради. Демак, биринчи реал синов, би­ринчи даромад, биринчи маҳаллий мутахас­сис ва биринчи ишончли натижа технология билан бир вақтда шаклланади.

Ҳаётий жараёнлар илдиз отиши керак

Шунинг учун бугун қишлоқ хўжалиги­да ноодатий — “тескаридан бошланадиган” янги ёндашув зарур: илмий грант фақат ла­бораториядан эмас, ҳаётий жараёнлар ичида амалга оширилиши керак. Олим лойиҳа ёз­моқчи бўлса, биринчи савол “менинг техно­логиям кимнинг қайси муаммосини ҳал қила­ди?” бўлиши лозим. У қайси хонадонда, қай­си фермер майдонида, қайси маҳаллада, қай­си сув ва тупроқ шароитида синаб кўрилади? Фақат “менинг лабораториям бор”, “менинг тажриба станциям бор”, “менинг мавзум қи­зиқ” деган ёндашув энди етарли эмас.

Олим далага чиқиши, фермер билан гап­лашиши, маҳалланинг тупроғи, суви, меҳ­нати, бозори ва даромад имкониятини ўрга­ниши, атрофдаги инсон капиталини баҳолаб олиши ва шундан кейин лойиҳани реал ша­роитга мослаб ёзиши керак. Бу илмни пастга тушириш эмас, асло. Аксинча, илмни ҳақи­қий кучга айлантиришдир.

Чунки фермер даласи ҳам лаборатория, хонадон томорқаси ҳам тажриба майдони. Чорвачилик хонадони, иссиқхона, боғ, ба­лиқчилик ҳавзаси, уруғчилик майдони — буларнинг барчаси ҳаётнинг ўзидаги юқори технологик ва нисбатан арзон илмий плат­форма бўлиши мумкин. Аччиқ бўлса-да, тан олиш керак: айрим ҳолларда ана шу қуйи бўғиндаги майдонлар технология, ташкилот­чилик ва бозорга яқинлик жиҳатидан илмий институт ва жамоалардан илгарилаб кетган. Биз, олимлар буни кўриб туриб, баъзан кўр­магандек бўламиз. Хўш, ҳамма бирдай мақ­садга етадиган ёндашув борми? Бор, албатта. Бу далага боғланган, томорқадан шаклланган ва бозорга йўналган илмий тадқиқотларнинг янги занжиридир.

Технология энди қоғоздаги хом ғоя эмас

Қишлоқ хўжалигида шаклланаётган “хо­надонбай” ёки фермерга боғланган илмий лойиҳаларнинг энг катта афзаллиги шундаки, у битта давлат сармояси орқали бутун инно­вация занжирига — олим, илмий ташкилот, фермер, хонадон, маҳалла, бозор ва иқтисо­диётга манфаат келтиради.

Бир томондан, олим ва илмий ташкилот грант орқали тадқиқот қилади: иш ҳақи, ла­боратория харажатлари, материаллар, мони­торинг ва илмий кузатув учун зарур маблағ таъминланади. Янги нав, технология, агро­техника, озуқа, вакцина, биопрепарат ёки бошқа ишланма фақат институт станцияси­да эмас, балки бошиданоқ ҳақиқий ҳаётий шароитда — фермер майдонида, хонадон томорқасида, чорвачилик ёки балиқчилик хў­жалигида синаб кўрилади. Шу тариқа ғоя ёки ишланма қоғозда қолиб кетмайди, балки илк босқичданоқ ҳаётий шароитларда текшири­лади, мослашади ва кенгайиш имкониятини топа боради.

Иккинчи томондан, фермер ёки хонадон янги технология хавфини ёлғиз кўтармайди. Бошланғич таваккални давлат гранти ва ил­мий ташкилот ўз зиммасига олади. Чунки ҳар қандай янги технология ҳали ҳамма ишонади­ган даражада кенг исботланмаган бўлади. Уни фермерга “ўзинг таваккал қилиб кўр”, деб бе­риш тўғри эмас. Шунинг учун бу моделда фер­мер ёки хонадон янгиликни бепул ёки имтиёз­ли тарзда олади: уруғ, кўчат, чорва, парранда, балиқ, биопрепарат, витамин, вакцина, озуқа қўшимчаси, тупроқ таҳлили, агрономик ёки ветеринария маслаҳати, парвариш протоколи ва олимнинг доимий кузатуви таклиф этилади.

Айрим ҳолларда хонадон аъзоларидан бири лойиҳага техник ходим сифатида жалб қилиниб, маош олади, янги касб ва кўникма ўрганади. Энг муҳими, олинган ҳосил ва фой­да хонадоннинг ўзида қолади. Масалан, кар­тошка уруғчилигида хонадон ҳосилнинг бир қисмини истеъмол қилади, бир қисмини ке­ласи йил учун уруғликка қолдиради, келишув асосида уруғлик маҳсулотини қайта сотиши ҳам мумкин. Демак, хонадон фақат техноло­гия олмайди, у билим, даромад, касб, ишончли харидор ва тайёр бозор занжирига киради.

Олим ҳам ютади. Чунки тажриба турли тупроқ, сув, иқлим ва бошқарув шароитига эга ҳақиқий майдонларда ўтади. Бу унга ар­зонроқ, ишончлироқ ва бойроқ илмий маъ­лумот беради. Кундалик меҳнат, суғориш, ўғитлаш, парвариш ва майдонни сақлашда фермер ҳамда оила аъзолари иштирок этади. Шу боис, олим тажрибани ҳар куни парва­ришлаш, материални йўқотиб қўймаслик, ташкилий ва коммунал харажатларни кўта­риш каби оғир юмушларнинг катта қисмидан енгиллашади. Тажриба эса доимий кўз-қулоқ бўлган ҳақиқий хўжалик муҳитида давом этади. Натижада илмий тадқиқот арзонлаша­ди, материаллар яхшироқ сақланади, маълу­мотлар эса ҳаётга яқинроқ бўлади.

Давлат ҳам ютади. Чунки бир маблағ би­лан бир вақтнинг ўзида илмий ташкилот қўл­лаб-қувватланади, олим ишлайди, қишлоқ аҳолиси даромадга чиқади, хонадонда янги касб ва кўникма пайдо бўлади, технология тезроқ ҳаётга киради. Бу камбағалликни қис­қартириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, ҳудудий ривожланиш ва қишлоқда бандликни оши­ришга хизмат қилади.

Иқтисодиёт ҳам бундан фойда кўради. Кичик хонадон ёки фермер синовлари кейин­чалик кластер, кооператив, уруғчилик компа­нияси, стартап ёки спин-офф учун ишончли платформага айланади. Чунки технология энди қоғоздаги хом ғоя эмас, балки турли хо­надон ва майдонларда синаб кўрилган, уни тушунадиган одамлари, техник ходимлари, дастлабки бозори ва ишончли натижалари бор амалий ечим сифатида намоён бўлади.

Энг муҳими, олим маънавий жиҳатдан ютади. Чунки ҳар бир ҳақиқий олим ўз ум­рида бир нарсани кўришни истайди: унинг илми одамларга фойда берсин. Бундай мо­делда илм қоғозда эмас, хонадон даромадида, фермер даласида, маҳалла ҳаётида ва жамият тараққиётида кўрина бошлайди. Жамият эса секин-аста илмни ташқаридан келадиган ту­шунарсиз нарса эмас, ўз ҳаёти, меҳнати ва да­ромади билан боғлиқ тирик муҳит сифатида қабул қилади.

Шу ўринда ҳамкасбларимиз томонидан табиий савол туғилиши мумкин: “Олим минг машаққат билан яратган ишланмасидан катта даромад ололмайдими? Грант маблағининг ўзи катта ғояли олимни қониқтирмаслиги мумкин-ку?”. Асло ундай эмас. Янги занжир­нинг кейинги босқичи — кенг миқёсда тижо­ратлаштиришда олим ва унинг жамоаси учун катта даромад имконияти сақланади. Агар ишланма катта ишлаб чиқарувчига манфаат берса, роялти, лицензия, шартнома ёки ҳам­корлик орқали олимнинг улуши ҳам бўлади. Қизиғи шундаки, олим билан бирга ишлаган қуйи бўғин иштирокчиси — фермер ёки хона­дон олимнинг катта даромадга тезроқ етишига йўл очади. Агар олим уларни фақат “тажриба объекти” эмас, балки жараён ҳамкори ва на­тижа занжирининг тўлақонли иштирокчиси сифатида эътироф этса, занжир бошидан охи­ригача барчага манфаат келтиради.

Бошланғич амалиёт нимани кўрсатмоқда?

Бу ёндашув Ўзбекистонда амалиётга ки­риб бормоқда. Ҳудудларда “хонадонбай” усулда қишлоқ хўжалиги экинларини етиш­тириш орқали юқори даромадга эришиш бў­йича дастлабки лойиҳалар амалга оширилди. Масалан, 2024 йилда 13 та илмий лойиҳа 130 та хонадонда бажарилди, умумий қийма­ти 5,8 миллиард сўм атрофида бўлди. Саб­завотчилик, боғдорчилик, шоличилик, по­лизчилик, дон-дуккакчилик ва механизация йўналишларида илмий ташкилотлар масъул этиб белгиланди.

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида картошкачилик бўйича амалий натижа оддий ва тушунарли мисол бўлди. Томорқа эгалари­га маҳаллий “Ўзбекистон қизили” ва “Тош­кент эртагиси” картошка навлари берилди. Хонадонлар ўз томорқасида экиб, олимлар маслаҳати билан парвариш қилди. Натижада бир хонадондан ўртача 2 тоннадан ортиқ кар­тошка олинди, бир қисми кейинги йил учун уруғликка қолдирилди.

Бошқа мисол — 3 сотих томорқада экин тури, нав, экиш муддати ва ҳосил пишиш даври тўғри танланса, бир мавсумда 2-3 мар­та маҳсулот етиштириш мумкин. Ромен са­лати, салат барги, помидор, бодринг, ширин қалампир, саримсоқ каби экинлар кетма-кет жойлаштирилганда кичик майдон ҳам катта даромад манбаига айланади. Чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва интенсив боғ­дорчиликда ҳам шу мантиқ ишлайди: маҳ­сулот беришнинг ўзи етарли эмас, унга илм, хизмат, бозор ва қайта сотиб олиш занжири боғланиши керак.

Янги моделда фермер ёки хонадон, яъни дастлабки истеъмолчи фақат “қабул қилув­чи” эмас. У илмнинг ҳаммуаллифига ай­ланади. Олим усул, протокол ва таҳлилни, фермер ер, меҳнат, кундалик кузатув ва ма­ҳаллий тажрибани беради. Хонадон аъзоси технологияни қўли билан бажаради. Олим натижани ўлчайди. Фермер даромадни кў­ради. Маҳалла бошқа хонадонларга намуна бўлади. Компания эса технологияга ишона бошлайди ва пировардида ишланмани сотиб олиши, кенгайтириши ёки бозорга олиб чи­қиши мумкин. Шунда олим ҳам, дастлабки истеъмолчи ҳам, кейинги бизнес занжири ҳам фойда кўради.

Ишончсиз технология сотилмайди. Ишончсиз патент лицензияланмайди. Ишончсиз тавсия фермерга етмайди. Аммо фермер ўз қўшнисининг томорқасида нати­жани кўрса, олим маслаҳати билан ҳосил ошганини билса, хонадон даромад олганини кўрса, ишонч пайдо бўлади. Илмнинг тижо­рат кучи ана шу ишончдан бошланади.

Ҳар қандай янги технологиянинг энг қи­йин даври — бошланғич давр. Бу пайтда у ҳали кичик, хавфли ва тўлиқ исботланмаган бўлади. Компаниялар дарҳол пул тикишдан қўрқади, кластер ёки кооператив “катта май­донда ишлайдими?” деб иккиланади, фермер эса “зарар кўрмайманми?” деб ўйлайди. Шу­нинг учун давлат гранти айнан шу хавфли босқичда кўприк бўлиши керак.

Грант технологияни хонадон ёки фермер майдонида кичик, аммо ҳақиқий шароитда синаб кўради. Натижа чиқса, кейин компания келади, кластер қизиқади, кооператив сотиб олади, уруғчилик корхонаси кўпайтиради, стартап ёки спин-офф технологияни бозорга олиб чиқади. Бу босқичда технология энди “қоғоздаги тавсия” эмас, балки одамлар қў­лидан ўтган, даромад берган, ишонч қозонган амалий ечимга айланади.

Илмий мақола ҳам йўқолмайди. Ким­дир савол бериши мумкин: олимлар далага, хонадон ва фермерга кўпроқ чиқса, илмий мақола, патент, фунда­ментал изланиш нима бўлади? Аксин­ча, улар кучаяди. Чунки хонадонбай ёки фермерга боғланган тадқиқотлар олимга ҳақиқий маълумот беради: тур­лича тупроқ, сув, иқлим, бошқарув ша­роитида технология қандай ишлаганини кўрсатади. Бундай маълумот асосида ма­қола ҳам кучлироқ бўлади, патент ҳам ҳаёт­дан ажралмайди. Унинг ортида реал хонадон, даромад, тупроқ ва реал фермер тажрибаси туради.

Олимлар учун долзарб вазифа

Илмий ҳамжамият, профессорлар, акаде­миклар, лаборатория раҳбарлари ва институт директорлари бугун бир муҳим ҳақиқатни тан олиши керак: амалий қишлоқ хўжалиги илми фақат лабораториядан бошланиб, кейин ҳаёт­га бориши билан чекланмаслиги керак. Ай­ниқса, фермер, хонадон, ҳокимлик, кластер, кооператив, корхона ёки ҳудуд эҳтиёжи билан боғлиқ тадқиқотларда илмнинг йўли бошида­ноқ ҳаётий муаммо билан боғланиши лозим.

Илмнинг янги мантиғи шундай: аввал ҳаётдаги муаммо, кейин илмий ечим. Аввал фермер даласи, хонадон эҳтиёжи ва бозор та­лаби, кейин лаборатория, грант, технология, мақола ва патент. Бундай ёндашувда мақола ҳам, патент ҳам, тавсия ҳам йўқолмайди. Ак­синча, улар қоғоздаги назарий натижа эмас, ҳақиқий шароитда синаб кўрилган, фермер ва хонадон даромади билан тасдиқланган, бозорга яқин илмий маҳсулотга айланади.

Бу профессор, академик, лаборатория раҳ­бари ёки институт директорига ҳам янги ва­зифа юклайди. Энди олим фақат грант кутиб ўтирмаслиги керак. Агар институтда кучли лаборатория, тажрибали олимлар, ёш тадқи­қотчилар, магистрлар, аспирантлар ва жаҳон адабиётига кириш имконияти бўлса, бу катта бойлик. Аммо бу бойлик фақат ички ҳисобот, диссертация ёки мақола эмас, ҳудуд, сектор, фермер, хонадон ва иқтисодиёт учун ҳам иш­лаши керак.

Олимлар ҳокимликка бориб: “Тумандаги сув, тупроқ, экин, логистика, чорвачилик ёки қайта ишлаш муаммосини таҳлил қиламиз ва ечимлар пакетини таклиф этамиз”, дейиши мумкин. Кластерга бориб: “Ҳосилдорлик, тола сифати, сув сарфи, касаллик, уруғлик ёки агротехнология муаммосини диагности­ка қиламиз, илмий асосланган харита туза­миз, ходимларингизни ўқитамиз”, деса бўла­ди. Кооператив, фермер ёки маҳаллага бориб: “Сизнинг шароитингизда қайси технология ишлайди, қайси харажат ўзини оқлайди, қай­си маҳсулот бозорга чиқади — шуни бирга ҳисоблаймиз”, деса тўғри бўлади.

Шундай қилиб, “илм йўлини тескари­дан бошлаш” фақат грант бериш тартибини эмас, олимнинг фикрлаш тарзини ҳам ўзгар­тиради. Илгари савол “ғоямни қаерда синаб кўраман?” бўлган бўлса, энди савол “қайси ҳаётий муаммога илмий ечим бераман?” бў­лиши керак. Ана шунда илм қоғоздан ҳаёт­га, лабораториядан иқтисодиётга, мақоладан инсон манфаатига, патентдан маҳсулотга ва грантдан амалий натижага тезроқ етиб бо­ради.

Академик консалтинг: вақти келган йўналиш

Мана шу ёндашув академик консалтинг­нинг ҳам табиий бошланишидир. Консал­тинг деганда кўпчилик хусусий фирмаларни тасаввур қилади. Лекин дунёда академик консалтинг ҳам муҳим йўналишга айланмоқ­да. Университет ва илмий институт олимлари ўз билимини давлат, бизнес ва жамият муам­моларини ҳал қилишга йўналтиради.

Бу йўналишнинг афзаллиги шундаки, у стартапдан ҳам тезроқ бошланиши, патент лицензиясидан ҳам соддароқ бўлиши мумкин. Ҳокимлик тўғри қарор қабул қилади, компа­ния хато харажатдан сақланади, фермер илмий ечим олади, институт эса лабораторияси ва ёш олимлари учун қўшимча даромад топади.

Лекин академик консалтинг тасодифий ва норасмий ҳолатда қолмаслиги керак. Унга ҳуқуқий асос, намунавий шартнома, тезкор тасдиқ, хизмат нархини белгилаш, даромадни институт ва олимлар ўртасида адолатли тақ­симлаш, масъулият ва сифат назорати тизими лозим. Олим ўз институти орқали ишласин, институт олимини ҳимоя қилсин, ҳудуд ва бизнес эса ишончли илмий хизмат олсин.

Қишлоқ хўжалигида бу, айниқса, муҳим. Чунки бу соҳада тупроқ, сув, генетика, вете­ринария, иқтисодиёт, логистика, қайта иш­лаш, экспорт, рақамлаштириш, техника, эко­логия ва озиқ-овқат хавфсизлиги бир-бирига боғланган. Бундай муаммога оддий маслаҳат эмас, илмий асосланган комплекс ечим керак.

Давр талаби

Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясини қайта ташкил этиш ғояси айнан шу янги давр талаби билан боғлиқ. Буни фақат эски ака­демияни қайта тиклаш деб тушунмаслик ке­рак. Янги академия фақат мақола ва ҳисобот тайёрлайдиган муассаса эмас, балки илмни фермер даласига, хонадон даромадига, ҳоким қарорларига, кластер технологиясига, бозор маҳсулотига ва халқ дастурхонига етказади­ган миллий ақл маркази бўлиши керак.

Унинг вазифаси бешта йўналишда кўри­ниши мумкин: илмдан хонадонга, илмдан фермерга, илмдан бозорга, илмдан сиёсатга, илмдан жамиятга. Яъни янги нав, кўчат, чор­ва, парранда, балиқ, биопрепарат ва агротех­ника хонадон ва фермер даражасида синаб кўрилади, синовдан ўтган маҳсулот ёки тех­нология компания, кластер, кооператив, стар­тап ёки спин-офф орқали масштаблашади, ҳокимлик ва вазирликлар эса илмий таҳлилга таяниб қарор қабул қилади.

Агар илмни ҳаётга яқинлаштирмоқчи бўлсак, грантларни баҳолаш мезони ўзгари­ши керак. Лойиҳа аризасида фақат “мақсад”, “вазифа”, “илмий янгилик”, “кутилаётган ма­қола” бўлиши етарли эмас.

Унда қуйидаги саволларга ҳам аниқ жа­воб бўлиши керак: қайси хонадон ёки фермер майдонида ишланади? Қайси ҳудуд, тупроқ ва сув шароити танланган? Хонадон нима олади — уруғ, кўчат, биопрепарат, вакцина, консультация, таҳлил ёки ўқувми? Оила аъзо­си техник ходим сифатида жалб қилинадими? Маҳсулотни қайта сотиб олиш ёки бозорга чиқариш механизми борми? Қайси компания, кластер ёки кооператив кейин масштаблаш­тириши мумкин? Натижа ҳосил, даромад, сув тежамкорлиги, иш ўрни, маҳсулот сифати ва фермер ишончи орқали қандай баҳоланади? Мана шундай саволлар жавоби илмий лойи­ҳани қоғоздан ҳаётга олиб чиқади.

Ҳар бир секторга қўллаш мумкин бўлган ёндашув

Бу модель фақат картошка, сабзавот ёки пахта учун эмас. Уруғчиликда янги навлар фермер майдонида синаб кўрилади, ма­ҳаллий уруғчилик занжири шаклланади. Чорвачиликда зотдор қорамол, қўй, парранда ва қуён хонадонда илм асосида кўпайтири­лади. Ветеринарияда вакцина, диагностика ва профилактика пакети маҳаллада синаб кў­рилади. Балиқчиликда кичик ҳавзаларда ин­тенсив балиқ етиштириш модели ишланади. Сабзавотчиликда 2-3 марта ҳосил олиш схе­маси жорий қилинади. Боғдорчиликда интен­сив боғ, томчилатиб суғориш ва қатор ораси экинлари даромад манбаи бўлади.

Янги жиҳат шундаки, биз илмни тижорат­лаштиришни фақат патент ёки стартапдан эмас, хонадон, маҳалла ва фермер майдони­дан бошлашни таклиф этяпмиз. Бу моделда грант бир вақтнинг ўзида олимни ҳам, хона­донни ҳам, технология синовини ҳам, камба­ғалликни қисқартиришни ҳам, кейинги бо­зорга чиқишни ҳам қўллаб-қувватлайди. Бу Ўзбекистон учун амалий, бошқа давлатлар учун эса ўрганишга арзийдиган тажриба бў­лиши мумкин.

Хулоса

Биз кўп йиллар илмни юқоридан пастга туширишга ўргандик: институтдан станция­га, станциядан фермерга, фермердан бозорга. Энди эса муаммо хонадондан, фермердан, маҳалладан ва ҳудуддан бошланиши, олим шу муаммони ечиши, натижа бозорга чиқи­ши, кейин сиёсат ва миллий дастурга айлани­ши керак.

Илм хонадонга кирса, ҳисобот эмас, да­ромадга айланади. Илм фермер даласига кирса, назария эмас, ишончга айланади. Илм бозорга кирса, маҳсулот ва хизматга айланади. Илм ҳоким қарорига кирса, тўғри сиёсатга айланади. Илм жамиятга кирса, та­раққиёт бўлади.

Бугун Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ана шу янги йўлга қадам қўймоқда. Президен­тимиз раҳбарлигида илм-фанни қўллаб-қув­ватлаш, фермер ва деҳқонга эркинлик бериш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, уруғчиликни ривожлантириш, қайта ишлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш, инновация экотизимини шакллантириш, энг муҳими, инсон манфаатини марказга қўйиш бўйича ислоҳотлар шу йўналишга мустаҳкам асос яратмоқда.

Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси­ни қайта ташкил этиш ташаббуси ҳам ана шу ислоҳотлар руҳига мос келади. Давла­тимиз раҳбари илмий ҳамжамиятлар, янги академиклар ва соҳадаги илмий институт­ларни ана шу янги занжир доирасида кў­риш, ҳар бир академик ва илмий жамоанинг хонадонда, маҳаллада, туманда ва вилоятда амалий модели бўлиши зарурлигини алоҳи­да таъкидлаб келмоқда. Бошқача айтганда, янги даврда академия илмий институтларни фақат грант кутадиган ёки ҳисобот топши­радиган муассаса эмас, балки ҳудудларга маслаҳат берадиган, фермерга технология етказадиган, хонадон даромадини ошира­диган, бозорга маҳсулот чиқарадиган ва миллий озиқ-овқат хавфсизлигига хизмат қиладиган амалий ақл марказига айланти­риши зарур.

Энди олимлар, профессорлар, институт­лар ва грант берувчи ташкилотлар ўз саволи­ни ўзгартириши лозим. Савол фақат “қанча мақола чиқади?” эмас, балки “бу илм ким­нинг ҳаётини енгиллаштиради?”, “қанча па­тент олинади?” эмас, балки “бу технология қайси фермерга даромад беради?”, “лойиҳа қаерда бажарилади?” эмас, балки “у қайси хонадонда, қайси далада, қайси маҳаллада ҳаётга киради?” бўлиши керак.

Шунда илмий грант харажат эмас, ин­вестицияга, академия ҳисобот маркази эмас, миллий ақл марказига айланади. Олим масла­ҳатчи, яратувчи ва тараққиёт шериги бўлади. Фермер эса фақат истеъмолчи эмас, илмнинг ҳаммуаллифига айланади. Энг муҳими, халқ илмнинг натижасини қоғозда эмас, ўз дала­сида, хонадони даромадида, дастурхонида кўради.

Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,

қишлоқ хўжалиги вазири,

академик