—  Унинг афзалликлари жуда кўп экан. Кундузи умуман электр энергияси сотиб олмаймиз, қуёш панеллари ишлаб чиқарган токдан фойдаланамиз. Кечаси эса давлатдан арзон баҳода, яъни 295 сўмдан электр энергияси оламиз. Кундуз куни ишлаб чиқараётган электр энергиямизни эса давлатга 1000 сўмдан сотамиз, — дейди Ўктам ака.

   Беруний туманида жорий йилнинг июль ойи ҳолатига фотоэлектр манбалар ўрнатилиши натижасида 57 та хонадон “яшил энергия” билан таъминланди. Йил охиригача бундай хонадонлар сонини 395 тага етказиш режалаштирилган.

—  Туманимизда  2023 йилнинг биринчи ярмида 41 фуқаро билан қуёш панеллари ўрнатиш бўйича шартнома тузган эдик. Ҳозир улар ўзларидан ортган 22 минг кВт/соат электр энергиясини туман электр тармоқларига сотишмоқда, — дейди туман электр таъминоти бўлими бошлиғи Мансур Ўрозалиев. — Яна 18 та тадбиркор ҳам шартнома асосида давлатга 19800 кВт/соат электр энергияси етказиб беришди. Юртимизда қуёшли кунлар кўплиги муқобил энергиядан фойдаланишда катта табиий имкониятдир.

Қорақалпоғистонда жорий йилда жами 1 минг 227 та ижтимоий соҳа объекти ва давлат ташкилотида қуёш панеллари ўрнатиш белгиланган бўлиб, бу режа ярим йилда 46,3 фоиз бажарилди. Ҳозирги вақтда бу объектларга жами қуввати 5 минг 713 кВт/соатга тенг бўлган қуёш панеллари ўрнатилиб, ишга туширилди.

Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ҳам айни пайтда тўлиқ “яшил энергия”дан фойдаланилмоқда. Объектда жами 115 кВт/соат қувватга эга қуёш панеллари, шунингдек, қўшимча равишда 200 литр сув иситадиган гелиоколлектор ҳам ўрнатилган. Эътиборлиси, институт ҳудудидаги йўлларни ёритувчи 20 та кўча чироғи ҳам қуёш панелидан қувват олмоқда.

Нукус шаҳридаги Республика кўп тармоқли тиббиёт марказида 250 кВт/соат қувватга эга қуёш панелларини ўрнатиш ишлари якунланди. Бу объектда бундан буён электр энергиясига бўлган эҳтиёж фотоэлектр манбалар ҳисобидан қопланади. Жамоа ўз истеъмолидан ортган электр энергиясини давлатга сотишни режалаштирмоқда. Йиллик сарфланадиган энергиянинг миқдори 658 минг 300 кВт/соатга тенг бўлган бу объектга қуёш панеллари орқали ўртача 720 минг кВт энергия етказиб берилади.

Ижтимоий ва турар жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамда иқтисодий тармоқларда қайта тикланувчи энергия манбаларини оммавий жорий этиш юртимизда энергия ресурсларига кун сайин ортиб бораётган эҳтиёжни қоплаб, энергия етишмовчилигининг олдини олишга хизмат қилади.

Қорақалпоғистонда муқобил энергияга эҳтиёжни қоплаш мақсадида 2030 йилгача барча ижтимоий ва давлат идоралари ҳамда 17 минг хонадонда 55 МВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилади.

Республикада шамол энергияси ишлаб чиқариш имкониятлари ҳам чексиз. Сабаби, табиий иқлим шароити шунга мос келади. Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилинган Оролбўйи минтақасида бошланган “яшил энергия” ишлаб чиқариш лойиҳалари сони ҳам кўпайиб бормоқда.

 “Қуёшли хонадон” дастури асосида бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон бўйича 4125 та уйга қуёш панеллари ўрнатилди. Жойларда жорий йилда 34218 кВт қайта тикланувчи энергия манбалари ишга туширилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, 320 та хонадонда 320 кВт қуёш панеллари ҳамда 99 та хонадонда қуввати 19,8 минг литрли қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилади.

Қораўзак туманида бугунги кунда 80 та объект ва аҳоли хонадонида қуёш панеллари ўрнатилган. Улар орасида Гулжаҳон Сеитова хонадони ҳам бор. Унинг томида айти пайтда 1 кВт қувватга эга қуёш панели ишлаб турибди.

 — Қуёш панеллари электр энергияси учун сарфланадиган маблағларимизни иқтисод қилишга ёрдам бермоқда, — дейди Гулжаҳон опа. — Биз каби ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун бу жуда зарур, албатта.

Айни вақтда Қораўзак туманида қуввати 100 МВт шамол электр станциясини қуриш лойиҳаси ҳам режалаштирилган.

Мамлакатимиздаги йирик электр марказларида ҳам ўз этиёжини қондириш ва табиий ресурсларни иқтисод қилиш, муҳими, атроф-муҳит мусоффалигини сақлаш мақсадида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш оммалашмоқда. Тахиатош иссиқлик электр станциясида яқинда 1 МВт қувватга эга фотоэлектр станция ишга туширилди.

— Фотоэлектр станцияда монокристалл типдаги 1500 дан ортиқ қуёш панели ўрнатилган,  — дейди  Тахиатош иссиқлик электр станцияси бўлим бошлиғи Юнус Бобожонов. — Ушбу станция ишга туширилиши билан қўшимча 1,8 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Бунинг натижасида суткасига 7000 кВт/соат электр энергияси ва йилига 400 минг куб табиий газ иқтисод қилинади.

 Бундан ташқари, 380 дан ортиқ қуёш панелли кўча ёритгичи, 260 дона ҳаракат датчиги биноларга ўрнатилиб, 253,2 минг кВт электр энергияси иқтисод қилинишига эришилди. Жами сиғими 2800 литрга тенг қуёш сув иситгичлари ўрнатиш ҳисобига корхонадаги мавжуд ювиниш хоналари 100 фоиз қуёш сув иситгичларига ўтказилди.

 Қорақалпоғистонда жорий йил якунига қадар ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида 12,3 МВт қуёш панеллари ва 26 минг литр сув иситиш ускуналари ўрнатиш режалаштирилган.

 Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

Янги Ўзбекистон мухбири