Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз Мурожаатномасида бошқа соҳалар қатори таълим тизимини ислоҳ қилиш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, давлатимиз раҳбари “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда янги Уйғониш даври пойдеворини шакллантиришни мақсад қилиб қўйганмиз ва шу мақсадда янги Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Улуғбек, Навоий ва Бобурларни тарбиялаш учун муҳит ва шароит яратишимиз керак. Ушбу тарихий жараёнда энг муҳим омиллар, миллий ғоямизнинг ажралмас қисми таълим ва тарбия, фан ва инновацияларни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришдир”, деди. Бу борада олдимиз турган қатор муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Коронавирус пандемияси мамлакатимизда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва соҳада мутахассислар малакасини ошириш, тизимда моддий-техник базани ислоҳ қилиш ҳар қачонгидан-да долзарблигини кўрсатди. Айнан шу нуқтаи назардан 2021 йил Ўзбекистонда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг бу йилги Мурожаатномаси ҳам фан, таълим, инновация соҳасидаги ташаббусларга бой бўлди. Жумладан, ёш авлодга боғча, мактаб ва олий таълим муассасасида сифатли таълим-тарбия бериш, ёшларни замонавий билим ва тажрибалар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган инсонлар этиб вояга етказиш, ўғил-қизларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, умумий қилиб айтганда, ёшларнинг ҳаётда муносиб ўрин топиши учун кўмак берадиган яхлит ва узлуксиз тизим яратиш вазифаси белгиланди. Хусусан, олий таълим муассасалари ва таълим тизимининг қуйи бўғинлари ўртасидаги узвийликни кучайтириш мақсадида 65 та академик лицей олий ўқув юртлари тасарруфига ўтказилади. Шунингдек, 187 та техникум ҳам ўз йўналиши бўйича турдош олий ўқув муассасаси ва тармоқ корхоналарига бириктирилади.
Бундан ташқари, Президентимиз педагоглар ҳозирги вақтда эскича усулда ҳар беш йилда малака ошираётганини танқид қилиб, бундан буён “ҳаёт давомида ўқиш” тамойили асосида уларнинг малакасини узлуксиз ошириб бориш зарурлигини таъкидлади. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан сўнгги икки йилда малака ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича таълим муассасаларида ўтказилган аттестация ва ўрганишлар натижаси ҳам ушбу тизимни замонавий талаблардан, илғор хорижий тажрибалардан келиб чиққан ҳолда тубдан ислоҳ қилиш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, Жанубий Корея, Сингапур ва Финляндияда педагоглар ҳар йили, Францияда ҳар икки, Хитойда ҳар уч йилда малака оширади. Жанубий Кореяда педагоглар бир йилда ўртача 108 соат, Сингапурда 100–150 соат малака ошириши белгиланган.
Мамлакатимизда ҳам ўқитувчиларнинг доимий малака ошириши учун қулай имконият яратиб бериш, малака ошириш жараёнини “ҳаёт давомида ўқиш” тамойили асосида узлуксиз малака оширишни кўзда тутувчи тизимга айлантириш, малака ошириш жараёнига кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этиш, ҳар бир ходимнинг малака ошириш жараёнини мониторинг қилиш ва шахсий ҳисобини юритиш имкониятини таъминловчи “Узлуксиз касбий таълим” махсус электрон платформасини ишга тушириш бўйича режалар белгиланган.
Ушбу вазифа ижросини таъминлаш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси турли бюрократик тўсиқлар ва эскича ёндашувлар сабаб ўқитувчиларни қийнаб келаётган ушбу жараёнларни шаффоф ва қулай кўринишда ташкил этиш бўйича ўз олдига муҳим вазифалар қўйди.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари ўқитувчиларга педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлигидан келиб чиқиб тоифа бериш мезонларини ҳам қайта кўриб чиқиш лозимлигини таъкидлади.
Педагогларга малака тоифалари бериш жараёни соддалаштирилади. Коррупция, бюрократия ва қоғозбозликдан холи, ўқитувчилар учун қулай ва шаффоф тизим жорий этилади.
2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб, педагог ходимларни аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаси бериш бўйича ҳужжатларни қабул қилиш Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг расмий веб-сайтидаги махсус портал орқали амалга оширилади. Шунингдек, тоифа бериш тартиби соддалаштирилиб, педагогик маҳорат ва психологик тайёргарликка қараб йил давомида баҳолаш имконини берувчи икки босқичли тизимга ўтилади.
Мурожаатномада таълим тизимимиз учун яна бир муҳим масала — илғор хорижий тажриба асосида Миллий ўқув дастурини жорий этиш зарурлиги ҳам таъкидланди. Президентимиз топшириғига асосан, мазкур йўналишда Финляндия тажрибасини ўрганиш ва унинг ютуқларини жорий этиш бўйича ҳам тизимли ишлар бажарилмоқда. Зеро, айнан ушбу мамлакатда болага ортиқча юклама бермай, сифатли таълимга эришилмоқда.
Мавжуд ўқув дастурларини такомиллаштириш, улар ўртасидаги узвийликни таъминлаш, ўқитувчи ва домлалар учун методик қўлланмаларни илғор халқаро дастурларга мослаштириш бўйича олимлар ва соҳа мутахассисларидан иборат катта гуруҳ фаолият олиб бормоқда. Мамлакатимиз узлуксиз таълим тизимининг барча бўғини сифатли таълим берилишини истар эканмиз, Президентимиз томонидан белгиланган ушбу топшириқларни бажариш учун барча имкониятлар ишга солишимиз даркор.
Бир сўз билан айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва халқимизга Мурожаатномаси биз учун келгуси йилда амалга оширадиган ишларимизда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Улуғбек ТОШКЕНБОЕВ,
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи