Юртимизда Орол денгизининг қуриши оқибатлари таъсирини минималлаштириш чоралари кўрилиб, охирги 4 йил ичида ўрмон барпо этиш ҳажми республикада 10-15 баробар ошди. Орол денгизининг қуриган тубида 2019 йилда 501 минг гектар, 2020 йилда 728 минг гектарда, 2021 йилда эса 458 минг гектар майдонга ўрмон барпо этилди.
Бундан ташқари Нукус, Хива, Урганч ва Бухоро шаҳарлари атрофида қум ҳаракатларини олдини олиш, қум бўронларини салбий таъсирини бартараф этиш мақсадида 30 километр масофада «Яшил белбоғ» ташкил этилди.
— Орол денгизининг қуриган тубида ва Оролбўйи минтақасида содир бўлаётган экологик ҳолатни яхшилаш бўйича халқаро ташкилотлар (ПРООН, UNEP, FAO, ВБ, ГEФ, EИБ ), ҳамда Туркия, Хитой и Исроил давлатлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган, — дейди Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти директори Абдушукур Хамзаев. — Улар билан ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати ЮНEСКО ва БМТ Тараққиёт дастурининг мақсадли жамғармаси кўмагида «Оролбўйида барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш орқали инсон хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммоларини ҳал этиш» қўшма лойиҳаси амалга оширилиб, мазкур лойиҳа доирасида 2020 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир давлат ўрмон хўжалигига 312,2 минг доллар миқдорида 17 дона техника ва механизмлар етказиб берилди.
Таъкидлаш жоиз, Орол денгизи ҳавзаси жанубидаги ерларни тиклаш бўйича техник иқтисодий асос лойиҳаси тайёрланиб, Европа Инвестицион Банкидан Коракалпоғистон Республикаси учун 35 миллион евро кредит ва грант маблағларини ажратиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикасида 17,5 минг гектар деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш назарда тутилган. Бу, албатта, катта натижа беради.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан БМТ бош ассамблеяси 2021 йил 18 майдаги 75 сессиясида «Оролбўйи ҳудудини – экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди» деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюциясини қабул қилди. Бундай мақом биринчи маротаба Оролбўйи минтақасига берилди. Бунинг эътиборга лойиқ томони шундаки Оролбўйи минтақаси бўйича экологик, иқтисодий, ижтимоий ва демографик йўналишлардаги ҳар қайдай лойиҳалар, таклифлар ва ташаббуслар қўллаб қувватланишини билдирди.
Феруза Жўраева.