Семизликни даволашнинг бундай экспериментал усули Жанубий Австралия университети олимлари томонидан таклиф қилинди ва бу ҳақдаги мақола  Pharmaceutics журналида чоп этилди.

Бундай “қум терапияси” аллақачон ҳайвонларда муваффақиятли синовдан ўтган – семиз сичқонларнинг овқатига кремний зарралари қўшилиши кемирувчиларнинг вазнини йўқотишига ёрдам берди. Бундан ташқари, шифобахш қумни озиқ-овқат қўшимчаси сифатида қабул қилган семиз одамлар билан клиник синов ўтказилди. Синов бундай даволанишнинг мутлақ хавфсизлигини кўрсатди.

Бироқ, ҳозиргача олимлар “қум терапияси”нинг таъсири нимага асосланганлигини тўлиқ аниқлай олишмади. Ушбу масалани тушуниш учун тадқиқотчилар ёғли ва шакарли овқатларни истеъмол қиладиган одамнинг овқат ҳазм қилиш тизимига ўхшаш “ин витро” шароитларини ҳосил қилишди.

Маълум бўлишича, кремнезем зарралар ёғлар ва углеводларни фаол равишда ўзлаштиради, уларнинг ичак деворлари орқали қонга сингиб кетишига тўсқинлик қилади, шунингдек овқат ҳазм қилиш ферментларининг фаоллигини сўндиради. Тажрибалар шуни кўрсатдики, ўлчами 6-10 нанометр бўлган заррачалар бу борада энг мақбул экани аниқланди.

Олимларнинг фикрича, дунёнинг ривожланган мамлакатларида авж олган семизлик эпидемияси ушбу касаллик билан курашишнинг янги самарали ва хавфсиз усулларини излашга ундамоқда. “Қум терапияси” ушбу талабларга жавоб беради, чунки у ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмайди, у бошқа органлар ва тизимларнинг ишига таъсир қилмайди.

Келажакда тадқиқотчилар ушбу усулнинг одамларда самарадорлигини баҳолашга мўлжалланган клиник синовларни ўтказишни режалаштирмоқда. Синовлар давомида иштирокчилар қум зарралари қўшилган қўшимчани қабул қилгач, қанча вазн йўқотиши текшириб кўрилади.