Соҳага энерготежамкор, замонавий илғор техналогияларни жорий этиш, газ таъминоти фаолиятини трансформация қилишга эътибор кучайди.

Бунга Сурхондарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар яққол мисол бўлади.  Гап шундаки, бугунги кунда вилоятда 7 та газ тўлдириш иншооти бўлиб, уларнинг ойлик газ тўлдириш қуввати 7 минг 800 тоннани, газ сақлаш қуввати эса 1 минг 200 тоннани ташкил этади.

Қумқўрғон туманида жойлашган станция мазкур тумандан ташқари Шўрчи тумани аҳолиси учун ҳам хизмат кўрсатади. Станцияда бир кунда 50-60 тонна, бир ойда эса 1000-1200 тонна суюлтирилган газ тўлдирилади. Бу газ баллон ҳисобида 50 мингтани  ташкил этади. Яна бир маълумот. Ўтган 2022 йилда мазкур станция орқали 12 минг 052 тонна суюлтирилган газ истеъмолчиларга етказиб берилган ёки 602 минг 551 дона газ баллон тўлдирилган.

“Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали томонидан “Қумқўрғон-Оқжар” газ тўлдириш станциясида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳолига қулайликлар ҳам яратилмоқда. Мазкур газ тўлдириш иншоотига Шўртан ва Муборак газ корхонасидан темир йўл орқали газ етказиб берилади. Ўз навбатида, бу ерда уни қабул қилиб олиш, жойлаштириш, сақлаш учун етарли шароит ҳам яратилган.

Маълумотларга кўра, Сурхондарё вилоятида 593 минг 486 та газ истеъмолчиси бор. Шундан 591 минг 371 таси аҳоли, 2 минг 115 таси улгуржи истеъмолчилардир. 475 мингдан зиёд аҳоли хонадонлари эса суюлтирилган газ билан таъминланган. 2022-2023 йиллар куз ва қиш мавсумида вилоятдаги газ истеъмолчиларига 38 минг 348 тонна суюлтирилган газ етказиб берилиши режалаштирилган бўлса, 2022 йил ҳолатига кўра, 75 минг 155 тонна, жорий йилнинг  январь ойида 6 минг 172 тонна суюлтирилган газ етказиб берилган.

Шунингдек, газ тўлдириш станциядаги ҳар бир жараён жумладан, газ сақлаш, унинг хавфсизлик чоралари, газ баллон тўлдириш ва баллонлардаги қолдиқларни бўшатиш технологияларини доимий кузатиб турадиган 23 кузатув  камералар назорат қилиб боради.

Айтиш керак, бугун суюлтирилган газ тўловлари ID карталар орқали амалга оширилмоқда. 2022 йилда 475 209 нафарга яқин аҳолига “ID” карта тарқатилди ва 576 мингдан ортиқ маиший газ баллонларга махсус стикер ёпиштирилди.