Таъкидлаш жоизки мамлакатимизда гидроэнергетикани ривожлантириш учун табиий шароитга эга жойлар кўп. Бу имкониятдан самарали фойдаланиб, энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш иқтисодиётимизнинг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди.

Қайд этиш керакки, сўнгги йилларда мамлакатимизда электр энергияси тармоғини ривожлантириш, барқарор ва узлуксиз электр энергиясини ишлаб чиқариш, хусусан, гидроэнергетика соҳасида янги ГЭСларни ишга тушириш, мавжудларини модернизация қилиш борасида “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жамиятда Инвестиция дастури доирасидаги истиқболли лойиҳаларини амалга ошириш борасида ишлар тизимли йўлга қўйилган бўлиб, режалаштирилган фаолият йиллар кесимида босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, 2021 йилда 16 та лойиҳа, 2022 йилда 15 та, 2023 йилда 18 та лойиҳа ишга туширилиши режалаштирилган. 

2020 йилда “Ўзбекгидроэнерго” 6 та янги қурилиш ва модернизация лойиҳалари фойдаланишга топширилиши режалаштирилган бўлиб, мазкур лойиҳаларнинг умумий қуввати 118,3 МВтни ташкил этади. Бу эса, қўшимча 543 миллон кВт/соат электр энергиясини ишлаб чиқарилишга замин яратади.

Жамиятнинг жорий йилда тасдиқлаган 23 та инвестициявий лойиҳаларни ўз ичига олган,  ишлаб чиқариш қуввати 325,5 МВт бўлган, умумий қиймати 3 616,1 миллиард сўмлик “Лойиҳа офислари”  дастури доирасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2 майдаги қарори билан 2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури белгиланди. Ўша йили 18 майдаги фармонга мувофиқ,  “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти ташкил этилди. Соҳада ягона техник сиёсатни амалга ошириш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ўзлаштириш, мавжуд гидроэлектр станцияларни замонавий технологиялар асосида қайта жиҳозлаш ва янги қувватларни ташкил этишга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб берилди.

– 1982 йилда бошланган, йилига 500 миллион метр куб сув йиғилиши мўлжалланган сув омбори тўғони баландлиги 187 метр, – дейди  “Тўполанг” сув омбори бошлиғи Рустам Ботиров.  –  Сув омборида ўтган йили 420 миллион куб метр оби ҳаёт йиғилган бўлса, бу йил 435 миллион метр куб бўлиши кутилмоқда.

Тўпаланг гидроэлектр станцияси ҳам модернизация қилинди. Бу ерда ҳар бири 15 мегаватт бўлган иккита агрегат ишлаб турган эди. Президентимиз топшириғига мувофиқ, аввалига Тўпаланг сув омбори тўғони 20 метрга кўтарилди. Натижада унинг сиғими 380 миллион куб метрдан 500 миллионга етказилди. Айни пайтда жами қуввати 145 мегаваттли яна иккита агрегат ўрнатиш бўйича иш олиб борилмоқда.