Кейинги йилларда мамлакатимизда кенг кўламли бунёдкорлик ва қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Республика статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йил 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 42 минг 782 та қурилиш корхонаси фаолият юритмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан 11 фоиз кўп. Жумладан, Хоразм вилоятида 2 минг 10 та эса қурилиш корхонаси мавжуд.

Қурилиш ташкилотлари кўпайиб, бунёдкорлик ишлари жадаллашгани яхши. Бироқ сон ортгани сари сифат камаймаяптими? Чунки қурилиш ишлари, жараён иштирокчиларининг масъулияти ва жавобгарлиги қатъий назоратда бўлиши лозим.

Қурилиш соҳасидаги салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Хоразм вилояти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмасининг махсус ишчи гуруҳи вилоятда мониторинг олиб бормоқда.

Таҳлиллар айрим ҳудудларда қурилиш ишларини амалга ошириш, назоратини ташкил этиш ва шаффофликни таъминлашда тизимли камчилик ва муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Хусусан, Қўшкўпир тумани ал-Беруний кўчаси “Чаманзор” МФЙ ҳудудида жойлашган, “Довуд-ҳумо” МЧЖга қарашли кўп қаватли, аҳоли яшашига мўлжалланган тураржой қурилиш объектида қурилиш-монтаж ишларида камчиликлар аниқланди.

Кўп қаватли аҳоли тураржойи қурилишига туташ ҳудуд аҳоли вакиллари билан жамоатчилик муҳокамаси ўтказиш тамойилларига риоя қилинмаган. Интернет тармоғида онлайн муҳокамалар ўтказиб, жамоатчилик фикри ўрганилмаган.

Мазкур ҳудудда қурилиш объекти тўғрисида QR кодли ва баннерли маълумотлар тўлиқ эмаслиги, ўрнатилган баннерда эса ҳудуд бош режаси ҳам акс этмаган.

Қурилиш ишларини амалга оширишда қатъий амал қилиниши лозим бўлган хавфсизлик қоидалари ҳам қўпол равишда бузилган. Хусусан, қурилиш майдончаси профнастил ва штакетник билан тўлиқ ўралмаган, яъни қурилиш-монтаж ишлари майдончасига бегоналарнинг киришига чеклов ўрнатилмаган.

Кузатувлар юқори кучланишли кабеллар хавфли, очиқ ҳолатда ташлаб қўйилганини кўрсатди. Шунингдек, объектга оид энергетик техник шартлардан бири бўлган алоҳида электр трансформатори ўрнатилмасдан, электр аҳоли истеъмоли учун мўлжалланган тармоқнинг ички устунларидан тортилган.

Сув оқова умумий тармоғига уланиш лойиҳалари ва маиший-коммунал чиқиндиларни вақтинча жойлаш техник-иқтисодий кўрсаткичлари қўшимча ўрганишга муҳтож.

Ал-Беруний Қушкўпир туманининг марказий кўчаларидан биридир. Унинг чеккасида қурилиш ишлари тугалланмаган ва давом этаётган, тижорат фаолияти юритиш учун ажратилган нотурар тоифадаги бинолар ҳам ўрганилди.

Айни контурда ўрганилган 7 та 2-3 қаватли нотурар турдаги биноларнинг барчасида мазкур объектлар юзасидан онлайн интернет режимида маълумот олиш имкони йўқлиги маълум бўлди.

Шаҳарсозлик тартибига кўра, қаторасига қад кўтарган 7 та бино ўртасидаги ёнғин хавфсизлиги оралиқ масофалари талабга умуман жавоб бермайди.

Тўртта қурилиш объекти том қисмининг меъморий-конструктив ечимида қонунчилигимизга зид равишда қуритилган қамиш ва ёғоч тўсинлардан уйғун ҳолатда фойдаланилган. Бу эҳтимолий ёнғин хавфи юқори даражада эканини кўрсатади. Энг ачинарлиси, бинолар ўртасида оралиқ масофа йўқлиги сабаб ёнғин ва фавқулодда ҳолатнинг олдини олиш чора-тадбирлари таъминланмаган.

Шунингдек, айнан шу контур бошида қурилиш-монтаж ишлари тугалланмаган. Қурилиши давом этаётган бинода бир қатор тадбиркорлик субъектлари савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига ўзлари риоя қилмагани етмагандек, истеъмолчиларнинг ҳам ҳаётини хатарга қўйиб, тадбиркорлик фаолиятини аллақачон бошлаб юборгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, “Янги ёп–Файз” МЧЖ ва фуқаро Шоназар Матчановга тегишли туташ ҳудуддаги савдо ва хизмат кўрсатиш биноси ҳамда тиббий диагностика маркази ўртасида олдинги мулкий хуқуқий муносабатлар масаласи ҳал этилмай туриб қурилиш ости ер майдонлари ажратилгани маълум бўлди. Натижада икки қўшни ўртасида низоли холат юзага келиб қолган, дея хабар бермоқда Хоразм вилояти истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси матбуот хизмати.