Мурожаатда маълум қилинишича, фуқаро Қарши шаҳри И.Каримов кўчасида “Shovot maxsus bino qurilish” МЧЖ томонидан қурилаётган кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашган савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуасидан иккита савдо дўконини жами 450 миллион сўмга сотиб олиш тўғрисида шартнома расмийлаштирган.

О.Эшқобилов шартномада белгиланган маблағни тегишли тартибда сотувчининг ҳисобрақамига тўлиқ ўтказган. Бироқ мазкур кўп қаватли уй Қарши шаҳри ҳокимининг тегишли қарорига асосан фойдаланишга қабул қилинган бўлса-да, “Shovot maxsus bino qurilish” МЧЖ томонидан шартномада кўрсатилган савдо дўконлари фуқарога топширилмаган.

Ушбу мурожаат федерациянинг Қарши шаҳри ижро этувчи аппарати томонидан ўрганилганда, О.Эшқобиловга берилиши керак бўлган савдо дўконларига банк томонидан ажратилган кредитнинг қайтарилиши кафолати сифатида тақиқ қўйилгани маълум бўлган.

Истеъмолчига етказилган зарарни ундиришни сўраб Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Суд “Shovot maxsus bino qurilish” МЧЖ ҳисобидан истеъмолчи О.Эшқобилов фойдасига 450 миллион сўм ҳамда жарима сифатида 45 миллион сўм — жами 495 миллион сўм компенсация ундириш тўғрисида қарор чиқарди. Шунингдек, “Shovot maxsus bino qurilish” МЧЖ ҳисобидан 19 миллион 800 минг сўм давлат божи ундирилди, дея хабар бермоқда федерация матбуот хизмати.