Маҳаллий бозорга киритилаётган маҳсулотларнинг сифати қай даражада юқори бўлса, юртимизда қад ростлаётган бинолар ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади.
АОКА анжуманлар залида бўлиб ўтган «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасининг матбуот анжуманида айтилишича, сифатли ва хавфсиз янги турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга жорий қилиш мақсадида қурилиш материалларини ишлаб чиқариш бўйича 2019 йилда 340 та халқаро стандарт қабул қилинди, 2020 йилда 542 та ва 2021 йилга 505 та халқаро стандарт режага мувофиқ қабул қилинади ҳамда бу билан бирга халқаро стандартлар билан уйғунлашув даражаси оширилади.
Қурилиш материалларига инновациялар кириб келади
2019-2020 йилларда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси қошида Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгашига 10 та йўналиш бўйича жами 42 та инновацион лойиҳалар Кенгашда кўриб чиқиш учун тақдим этилган.
— Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган ва ўтказилган танлов натижаларига кўра, умумий молиявий ҳажми 10,6 млрд. сўмлик 8 та инновацион лойиҳа илмий-техникавий кенгашда ижобий баҳоланиб, молиялаштиришга тавсия этилди, — дейди вазирликнинг бошқарма бошлиғи Шуҳрат Отажонов. — Ушбу инновацион лойиҳалар орқали энергия тежамкор, атроф-муҳитга етказиладиган зарарни минималлаштирадиган, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи янги турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга жорий этилмоқда.
Маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнларига илм-фан ютуқлари ва инновацион технологияларни кенг жорий қилишга, айниқса маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёни технологиклигини оширишга, янги лойиҳаларни амалга оширишда энг замонавий инновацион ускуна ва жиҳозлардан фойдаланишга катта эътибор қаратилаётганлиги туфайли 2020 йилда 22 трлн. сўмлик (мисол учун, 2016 йилда 6,8 трлн сўмлик) маҳсулотлар ишлаб чиқариш кутилмоқда ёки 2016 йилга нисбатан ўсиш динамикаси 3,2 бараварни ташкил этган.
Импорт ўрнини босувчи материаллар ҳажми ортмоқда
Хусусан, цемент – 14,5 млн тонна ёки 168 фоиз, қурилиш ойнаси – 23 млн кв м ёки 181 фоиз, керамик плитка – 41,5 млн кв м ёки 4,3 баравар, гипсокартон – 61 млн кв м ёки 2,1 баравар, обой (гулқоғоз) – 2 млн ўрам ёки 89 бараварга ошган.
Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда мамлакатимизда интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича аниқ вазифаларни, жумладан 2021-2022 йилларда экспорт улуши умумий товар айланмасида 60 фоизидан ортиқни ташкил этувчи экспортёр-тадбиркорлик субъектлари учун товар белгиларини бепул рўйхатдан ўтказиб бериш, жойларда барча раҳбар ва мутасаддилар интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш ва у орқали ишлаб чиқариш, шу жумладан қурилиш материаллари саноати соҳаси ривожини илм-фан ютуқлари ва инновацияларни жорий қилиш орқали таъминлаш, миллий брендлар сонини ошириш каби муҳим вазифалар белгилаб берилди.