— Президентимиз 20 июль куни архитектура ва қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар натижаларига оид тақдимот билан танишиб, муаммоларнинг ечими борасида эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатларни алоҳида келтириб ўтди. Улардан қуйидагича хулоса чиқариш мумкин:

Аввало, қурилиш нормативларини янгилаш зарур. Айниқса, ижтимоий объектлар — мактабгача таълим, мактаб, соғлиқни сақлаш объектларининг сифатини ошириш ва замонавий кўринишга келтириш бугуннинг долзарб вазифасига айланди.Шу билан биргаликда, ўн олти қаватли ва ундан юқори бўлган биноларни қуришда ҳозирда ресурсларнинг чекланганлигини ҳисобга олиб, уларда газдан фойдаланишга рухсат бериш каби жиҳатларни қурилиш нормаларига киритиш, чет давлатларнинг илғор тажрибаси асосида қуришга эътибор бериш алоҳида таъкидланди.

Тақдимотлар давомида қурилиш соҳасини рақамлаштиришдаги камчиликлар ҳам кўзга ташланди. Бу жараёнда, биринчи галда, қурилиш объектларининг сифатини назорат қилишга эътибор қаратишимиз зарур. Бу борада бир жараён бўйича пойтахтда эксперимент ўтказяпмиз. Яъни,ҳар бир инспекторнинг қўлига планшет берилди. Сифатни назорат қилувчи инспектор қурилиш объектига боради ва жараённи шу қурилма орқали фото ёки видеотасвирга олиб, базага жўнатади. База орқали уни бошқа мутахассислар ҳам кўриб, фикр билдиришлари, шу объектнинг сифатини яхшилаш борасида маслаҳат беришлари мумкин бўлади. Агар бу тизим ўз самарасини берса, бутун республика бўйича оммалаштирилади.

Маълумки, тендер — жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлган тизимлардан бири. Бу жараёнда вақтни икки баробар тежашга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Топшириладиган ҳужжатлар сони 14 тадан 6 тага камайтирилди. Барча босқичларда инсон омили максимал даражада қисқартирилиб, жараён рақамлаштирилди. Бунда рейтинг тизими ишлаб чиқилганини алоҳида таъкидлаш зарур. Яъни, ҳар бир корхонанинг ой давомида бажарган ишлари ҳажми, айланма маблағлари, моддий техник базаси каби муҳим маълумотлар автоматик тарзда рейтинг тизимига келиб тушади. Шу маълумотлар асосида рейтинг шакллантирилади. Пудратчиларнинг рейтингдаги олган баҳолари тендерда ютиш ёки ютмаслигини белгилайди. Бир сўз билан айтганда, тендер жараёнларида инсон омилига барҳам берилиши тизимда шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.