Ўзбекистонда қурилиш соҳасини модернизациялаш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:
- қўшимча кичик тизимлар ва маълумотлар базаларини яратиш йўли билан қурилиш соҳасини рақамлаштириш;
- шаҳарсозлик соҳасидаги норматив базани модернизациялаш ва хорижий норматив ҳужжатларни мослаштириш;
- аҳоли пунктларини комплекс ривожлантириш тизимини такомиллаштириш;
- қурилиш соҳасида айрим рухсат бериш тартиботларини соддалаштириш йўли билан «Бизнес юритиш» халқаро индексида «Қурилиш учун рухсатномалар олиш» кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон Республикаси позициясини яхшилаш;
- уй-жой кўчмас мулки қурилишида улуш киритиш асосида уй-жойларни қуриш учун аҳоли маблағларини кенг жалб қилиш орқали ипотека кредити бозорини ва кўп квартирали уйлар қурилишини ривожлантириш;
- қурилиш материалларини ишлаб чиқишга ва объектлар қурилишига инновацион технологияларни татбиқ қилиш;
- инвестиция лойиҳалари иштирокчилари ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларда йириклаштирилган кўрсаткичларга босқичма-босқич ўтиш;
- институционал асоснинг либераллаштирилишини ҳисобга олган ҳолда лицензиялаш принципларини такомиллаштириш, лойиҳа ва пудрат ишлари потенциалини кучайтириш;
- лойиҳанинг смета қисмида давлат экспертизасини бекор қилиш йўли билан экспертиза ишлари тизимини такомиллаштириш;
- давлат, муаллифлик ва техник назоратни нодавлат секторга йўналтириш орқали қурилиш сифатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш;
- акциялар пакетини илғор хорижий инвесторларга реализация қилиш орқали илғор хорижий компаниялари иштирокида замонавий лойиҳа институтларини ташкил қилиш;
- ўқитишнинг замонавий ва инновацион усуллари қўлланишини ҳисобга олган ҳолда қурилиш йўналишидаги кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилиш тизимини такомиллаштириш;
- лойиҳаларни молиялаштиришнинг давлат манбалари ва уларга тенглаштирилган манбалар ҳисобидан амалга оширишда, давлат сегментларининг либераллаштирилганини ҳисобга олган ҳолда, нодавлат буюртмачилар институтини шакллантириш ва мустаҳкамлаш;
- ўтказилаётган фундаментал, қидирув ва амалий илмий тадқиқотлар ва ишланмалар самарадорлигини ошириш орқали қурилиш ва архитектура соҳасида илмий салоҳиятни ривожлантириш;
- қурилиш объектларида қурилиш-монтаж ишларини бажаришда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникасига бўлган талабларни кучайтириш;
- инсон капиталини ривожлантириш, қурилиш органлари ва муассасалари фаолиятини моддий-техник таъминотини яхшилаш, ишчиларни ижтимоий ва моддий рағбатлантиришнинг янги механизмларини яратиш.
Ўзбекистон қурилиш соҳасини модернизациялаш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2020–2025-йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш бўйича қуйидагиларни кўзда тутувчи мақсадли кўрсаткичлар белгиланади:
- «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимининг электрон платформаларининг ишлаши 2025 йилга келиб бутун республика бўйича 100 фоизгача қамраб олинишига эришиш;
- Ўзбекистоннинг геологик, табиий-иқлимий, сейсмологик ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда шаҳарсозлик соҳасида Еврокодлар мослашуви улушини 2025 йилга келиб 50 фоизгача ошириш;
- Давлат шаҳарсозлик кадастри географик ахборот тизими объектлари бўйича маълумотларни, геопортал функциялари кенгайишини ҳисобга олган ҳолда, очиқ фойдаланиш учун эълон қилиниши улушини 2025 йилга келиб 70 фоизгача етказиш;
- «Бизнес юритиш» (Doing Business Index) халқаро индексининг «Қурилиш учун рухсатномалар олиш» (Dealing with Construction Permits) йўналиши бўйича Ўзбекистон позициясининг 2025 йилга келиб жорий 61,7 баллдан 78,2 баллгача яхшилаш;
- илғор хорижий лойиҳа ташкилотларини жалб қилган ҳолда 2025 йилгача 15 та замонавий лойиҳа-қидирув институтларини ташкил қилиш;
- 2025 йилга келиб буюртмачи функцияларини бажарувчи нодавлат ташкилотлар улушини Инвестиция дастурига киритилган объектлар умумий сонининг камида 25 фоизига етказиш;
- 2025 йилга келиб «ҳажмли метод»ни жорий этиш улушини республикадаги қурилиш объектлари умумий сонининг 25 фоизигача етказиш.