Тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Авазбек Ўринбоев ва Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаров иштирок этди.

Тумандаги қарийб 25 йилдан буён фойдаланилмай турган Қува ун заводи корхонаси биноси хусусий тадбиркор томонидан электрон аукцион савдоларида сотиб олиниб, умумий лойиҳа қиймати 15 млрд. 200 млн. сўм миқдорида инвестиция жалб этилиб, ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилди.

Корхонага халқаро молия кредит линияларининг 650 минг доллар миқдоридаги кредит маблағлари ҳисобига Туркиядан ун маҳсулотларини қайта ишловчи замонавий дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилди.

Корхона йиллик 40 минг тонна донни қайта ишлаш қуватига эга бўлиб, бу 8 млрд. 800 млн. сўм даромад ёки бюджетга қўшимча 1 млрд. 320 млн. сўм маблағ деганидир.

Бундан ташқари, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида туманда ушбу корхона томонидан “кластер” усулида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришнинг илғор усуллари жорий этилганлиги сабабли туманда фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган бошоқли дон маҳсулотларининг ҳосилдорлиги 10-15 центнер миқдорида оширилишига эришилди.

Корхонанинг ишга туширилиши натижасида 150 нафар, кластер томонидан 50 нафар, жами 200 нафар янги иш ўринлари яратилди.

Расулжон КАМОЛОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири