Электр энергиясининг ҳар бир кВт соатига 1,57 цент таклифи билан Abu Dhabi Future Energy Company PJSC (Masdar 220 МВт) компанияси Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон,ҳар бир кВт соат электр энергияси учун 1,578 цент таклиф қилиб, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманларидаги қуёш иншоотини қурадиган бўлди. Айтиш, жоиз, бундай нархларда электр энергияси етказиб бериш Марказий Осиёда энг арзон ҳисобланади.
Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг маълумотига кўра, мазкур тендер савдоларида 84 та халқаро компания иштирок этиш истагини билдирган. Шулардан икки босқичли танловдан ўтганидан сўнг 15 та малакали иштирокчилар, шу жумладан, тижорат, техник ва молиявий таклифларини билдирди .2021 йилнинг 16 майига қадар уларни қабул қилиш давомида Самарқанд вилоятида 7 та ва Жиззах вилоятида 8 та лойиҳа таклифи келиб тушди.
Ушбу лойиҳалар Ўзбекистонда умумий қуввати 1 ГВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш дастурининг бир қисми ҳисобланиб, у Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Молия вазирлиги томонидан амалга оширилмоқда. Дастурга Халқаро молия корпорацияси (ХМК) техник ёрдам кўрсатади.
Дастур қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли стратегиянинг асосий таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. 2030 йилга бориб мамлакатда электр энергиясига ўсиб бораётган эҳтиёжни қондириш учун 5 ГВтгача тежамкор ва экологик тоза қуёш энергиясини ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Бугунги кунда Президентимизнинг 2020 йил 14 апрелдаги «Навоий вилоятида қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектрик станцияни қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Кармана туманидаги 268 гектар майдонда қурилиш ишлари олиб бориляпти. Бу юмушлар “Nur Navoi Solar” компанияси томонидан лойиҳалаштирилган бўлиб, у “Masdar” (БАА)нинг юртимиздаги вакили саналади.
Президентимизнинг 2019 йил 27 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, қайта тикланадиган энергетика соҳасидаги лойиҳалар сони тобора ортиб бормоқда. Хусусан, “Masdar” компанияси Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри яқинида иккинчи инвестициявий лойиҳа — йирик шамол электр станциясини қуришни ҳам амалга оширади.
Қайд этиш жоиз, яқинда Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлиги ўртасида Зарафшонда қурилиши бошланган мазкур электр станциянинг лойиҳавий қувватини 500 МВтдан 1,5 ГВтгача ошириш бўйича битим имзолади. Дастлаб 600 миллион АҚШ долларига баҳоланган лойиҳага кенгайтирилганидан сўнг қарийб 1,8 миллиард доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилиши мўлжалланмоқда.
Ташқи савдо ва инвестициялар матбуот хизматининг маълумотига қараганда, лойиҳа қувватининг уч баробарга оширилиши келгусида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган шамол электр энергияси миқдорини 3 ГВтга ва муқобил энергия манбаларининг мамлакат умумий энергия ҳажмидаги улушини 26 фоизга етказиш имконини беради.
Абдурауф ҚОРЖОВОВ