Табиийки, бундай шароитда ишда ҳам, уйда ҳам кондиционер, вентилятор каби ҳаво ҳароратини мўътадиллаштирувчи техник воситалардан фойдаланамиз. Бу эса, ўз навбатида, электр энергиясига юкламани оширади. Ҳисоб-китобларга кўра, айни иссиқ кунларда электр энергиясига кунлик талаб бир ой аввалги 195 миллион киловатт-соатдан 255 миллион киловатт-соатга етиши мумкин.

Гап аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш, умуман, тизим барқарорлиги, унга талабнинг ортиши ҳақида борар экан, буни фақат об-ҳавонинг кескин исиб ва ёки аксинча, совиб кетиши билан боғлаш нотўғри бўлади. Бинобарин, юртимизда аҳоли сони ортиши, минглаб йирик янги ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилиши ҳисобига сўнгги беш йилда электр энергияси истеъмоли 20 фоизга, жумладан, аҳоли томонидан сарфланиши 31 фоизга ортган. Мамлакатимизда кечаётган шиддатли ислоҳотлар самараси ўлароқ, истеъмол кўрсаткичи йилига 6 фоиздан ўсиб бормоқда.

Талаб ва таклиф номутаносиблиги, жумладан, жорий йил учун 3 миллиард 400 миллион киловатт соат электр танқислиги прогноз қилинаётган қийин бир шароитда, мамлакатимизда “яшил” энергетикани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бу борада мавжуд салоҳиятдан фойдаланишни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилгани қувонарли ҳол, албатта.

Жумладан, Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида иқтисодиётни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳамда “Яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш, ушбу мақсадга эришиш йўлида 2026 йилга келиб электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичини қўшимча 30 миллиард киловат-соатга ошириб, жами 100 миллиард киловат-соатга етказиш, 2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш эвазига йилига қарийб 3 миллиард куб метр табиий газни тежаш вазифаси белгиланган.

Бу борада юртимизнинг аксарият ҳудудларида қайта тикланувчи энергия манбалари – сув, қуёш ва шамол имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, саноат корхоналарини модернизация қилиш орқали энергия сарфини камайтириш, пировардида эса, келажак авлод учун углеводород заҳираларини сақлаб қолиш, экологик вазиятни юмшатишга қаратилган йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

“Томди”дан тома-тома, танқислик тамом бўлур

Навоий вилояти Томди туманида амалга оширилаётган 500 мегаватт қувватли шамол электр станцияси қуриш лойиҳасини бунга мисол сифатида келтириш мумкин.

БААнинг “Masdar” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа доирасида яқинда “Goldwind” компаниясининг (Хитой) биринчи 4,7 мегаваттли турбинаси ўрнатилди.

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, ушбу замонавий қурилманинг баландлиги 97 метр, шамол парракларининг ҳар бири 77 метрни ташкил қилади.

Кези келганида таъкидлаш жоизки, ушбу йирик лойиҳа доирасида мана шундай 111 та шамол турбинаси ўрнатилади. Минтақамиздаги энг йирик шамол электр станцияси бўлиши кутилаётган мазкур станцияда илк қувватлар жорий йил якунида ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Келинг, шу ўринда ушбу лойиҳанинг иқтисодий аҳамияти, станция аҳоли фаровонлиги, иқтисодиёт ривожига қай даражада ҳисса қўшиши мумкинлигига қисқача тўхталиб ўтсак.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, станция тўлиқ ишга туширилгач, йилига 1 миллиард 800 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу, айни пайтдаги электр энергияси танқислигининг ярмидан кўпроғи қопланади, дегани. Лойиҳанинг тўлиқ қувватига эришиш, шунингдек, йилига 540 миллион кубометр табиий газ тежалишига олиб келади, ўз навбатида, атмосферага 720 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади.

Кўриниб турибдики, мана шу биргина лойиҳа нафақат электр танқислигини камайтириш, балки аҳоли фаровонлиги, иқтисодиёт барқарорлиги йўлидаги бошқа масалаларга ҳам ечим бўлади. Бинобарин, лойиҳа доирасида йилига тежалиши кутилаётган 540 миллион кубометр табиий газ қанчадан-қанча юртдошларимиз хонадони ва ижтимоий соҳа объектларига иссиқлик олиб кириши, янгидан-янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишга замин яратиши мумкин бўлади. Атмосферага 720 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олиниши эса бугунги глобал иқлим муаммолари кузатилаётган мураккаб бир шароитда жуда муҳим аҳамиятга эгадир.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, бу – муқобил энергетика йўналишида амалга оширилаётган биргина лойиҳа ва унинг кутилаётган самаралари. Эътиборли жиҳати, юртимизнинг табиий географик жойлашуви ва иқлим шароитидан келиб чиқиб, бундай катта имкониятларни ўзлаштиришга қаратилган йирик лойиҳалар деярли барча ҳудудларда ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Жумладан, 2021 йилда илк бор Навоий вилояти Кармана туманида қуввати 100 мегаваттлик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилган, Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида худди шундай қувватга эга яна бир йирик қуёш фотоэлектр станцияси фойдаланишига топширилган бўлса, айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Жиззах, Бухоро, Тошкент, Навоий, Сурхондарё вилоятларида кўплаб шамол, қуёш ва гидроэлектр станциялари барпо этиляпти.

Эҳтиёждан саккиз карра катта салоҳият

Ўзбекистон “яшил энергетика”ни ривожлантириш борасида жуда катта табиий имкониятга эга. Масалан, гидроэнергетика йўналишини оладиган бўлсак, юртимизда 400 дан ортиқ каттаю кичик дарёлар борлигининг ўзиёқ ушбу йўналишдаги салоҳият даражасидан далолат беради. Бинобарин, уларнинг ўрганилган йиллик гидроэнергетика салоҳияти 27,5 миллиард киловатт соатга баҳолангани ҳолда, айни пайтда унинг 50 фоизга яқинидан фойдаланиб келиняпти.

Агар, мана шу салоҳиятнинг ярмига яқинидан фойдаланиш орқали “Ўзбекгидроэнерго” тизимидаги станцияларнинг йиллик умумий қуввати 2 минг мегаваттдан ошиб, 2 миллиард метр куб табиий газ тежалишига эришилаётганини инобатга олсак, асосий имкониятларни ишга солиш мамлакатимизга жуда катта иқтисодий наф келтиришини англатади.

Қуёш энергиясидан фойдаланиш борасида эса мисли кўрилмаган имкониятларга эгамиз. Хусусан, Ўзбекистонда қуёшли кунлар йилига 300 кундан ортиқни ташкил этади. Бу эса, ўз навбатида, ундан фойдаланиш имкониятларини кескин оширади.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, қуёш электр станциялари Ўзбекистонда жами 600 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Бу мамлакатимизнинг бугунги кундаги электр энергиясига бўлган эҳтиёжидан саккиз баробар кўп, дегани. Умуман олганда, қуёш энергиясидан фойдаланишнинг ялпи салоҳияти барча қайта тикланувчи энергия турлари салоҳиятининг 98,6 фоизини ташкил этади.

Мавжуд салоҳият потенциали, ундан фойдаланиш орқали қўлга киритиладиган натижалар салмоғи яхши, албатта. Бу борада дунёнинг етакчи компаниялари билан ҳамкорликда йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани эса барчамизни хурсанд қилади, Ўзбекистоннинг жадал тараққиёти, келажакка ишончимизни янада мустаҳкамлайди.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари томонидан юртимизда “яшил энергетика”нинг бугунги ҳолати ва ривожланиш йўналишлари бўйича ўтказилган ўрганишга кўра, 2022 йилда Ўзбекистонда қуввати 200 мегаваттга тенг қуёш электр станциялари ёрдамида 411 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Бу, ўз навбатида, 124 миллион метр куб табиий газни тежаш, атмосферага 164 минг тонна зарарли газлар чиқарилишининг олди олиш имконини берган.

Шу даврда қуввати 2 минг 72 мегаваттга тенг гидроэлектр станцияларида 6,48 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 1,94 миллиард метр куб табиий газ тежалишига эришилган. Шунга мос равишда ҳавога 2,71 миллион тонна зарарли газлар чиқарилишининг олди олинган.

Умуман, мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда бўлгани каби қайта тикланувчи энергетика йўналишида ҳам катта марралар мақсад қилинган, юқорида айтиб ўтганимиздек, бу борада йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишдаги ислоҳотларнинг илк самаралари бўй кўрсатаётгани эса алоҳида эътирофга сазовор.

Қуёшли хонадон

Бугунги кунда аҳолини электр энергияси билан барқарор таъминлаш энг устувор вазифалар сирасига киради. Негаки, техника тараққиёти турмуш тарзимизга шу қадар чуқур сингиб кетганки, электрсиз нафақат иш фаолиятимиз, балки рўзғоримизда ҳам маром бузилади, қатор ноқулайликлар пайдо бўла бошлайди, ишимизда эса унум бўлмайди.

Электр тақчиллиги бор жойда табиийки, узилишлар, демакки, ноқулайликлар кузатилиб туради. Ёдингизда бўлса, юртимизда яқин-яқингача бу борадаги тақчиллик муаммоси билан асосан истеъмолчиларга чекловлар киритиш орқали курашилди. Йил сайин ўсиб келган эҳтиёж эса муаммони янада чуқурлаштириб, аҳоли, айниқса, қишлоқ жойларда яшовчи юртдошларимиз турмуш тарзида “электрсиз ҳаёт” кўникмасини шакллантирди.

Бугунги кунга келиб вазият тубдан ўзгарди. Тўғри, айрим жойларда аҳолига электр энергияси 24/7 режимида узлуксиз етказиб берилмаётгандир, лекин таъминот борасидаги ҳолат аввалгисидан “осмон билан ерча” фарқ қилади.

Энг муҳим ва эътиборли жиҳат эса, қуёш панелларидан фойдаланишни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилгани муаммо ечимига қаратилган энг тўғри қарор бўлди.

Жумладан, Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, қуёш панеллари ишлаб чиқарувчилари беш йил давомида барча турдаги солиқлардан озод қилинди.

2020 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахсларга қуёш фотоэлектрик станциялари, қуёш сув иситкичлари, шунингдек, энергия самарадор газ-горелкали қурилмаларни сотиб олиш харажатларининг 30 фоизи миқдорида компенсациялар тақдим этиш белгиланди.

2022 йил сентябрь ойида қуёш энергиясини ривожлантиришни рағбатлантиришнинг янги тизими яратилди, унинг доирасида 2019 йилда қабул қилинган имтиёзлар қайта кўриб чиқилди. Натижада жисмоний шахслар томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларини сотиб олиш учун компенсация миқдори тасдиқланди.

Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш йўналишларидан бири фуқаролар ва корхоналар томонидан уларни сотиб олишни молиявий рағбатлантиришдир. 2022 йил охирида Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармасига ушбу мақсадлар учун 100 миллиард сўм ўтказилди.

1 октябрдан бошлаб фуқаролар қайта тикланувчи энергия манбаларини 3 йил давомида фоизсиз тўлаш орқали сотиб олишлари мумкин бўлди. Ушбу норма Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқарилган фотоэлектр панеллар, шамол генераторлари ва қуёш сув иситгичларига тааллуқлидир. Агар харидор қурилманинг тўлиқ нархини ва уни ўрнатишни дарҳол тўласа, у якуний нархдан чегирма шаклида компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бу каби рағбат ва имтиёзлар ўз навбатида, қуёш панелларидан фойдаланишни оммалаштиришга кенг йўл очяпти. Буни Фарғона вилоятида айни йўналишдаги ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Жумладан, Тошлоқ туманидаги “Ҳамрак” маҳалла фуқаролар йиғинида қуёш панелларидан фойдаланиш оммалашмоқда. Аҳоли беминнат дастёрнинг ўзига хос қулайлик ва имкониятларидан мамнун. Сабаби, қуёш панеллари ёрдамида олинган электр энергияси аввало, оила эҳтиёжини қоплаяпти, қолган қисмини сотиш имконияти эса кредитни сўндиришда қўл келмоқда.

– Уйимизга 5 киловатт-соат қувватга эга қуёш панеллари ўрнатганимизга кўп бўлгани йўқ, – дейди шу маҳаллада яшовчи Юрсинали Мўминов. – Ҳар ойда ўрта ҳисобда 500–600 киловаттдан ортиқ электр энергия сарфлаймиз. Куз-қиш мавсумида эса истеъмол миқдори табиий равишда ортади. Янги қурилма туфайли электр энергияси билан боғлиқ сарф-харажатларимиз кескин тежалди. Эндиликда нафақат ўз эҳтиёжимизни қоплаймиз, балки ортиғини давлатга сотиш имкониятига ҳам эгамиз. Асосийси, чироқ ўчиб қолиши билан боғлиқ муаммолар барҳам топди. Бизга ҳавас қилиб, қуёш панеллари ўрнатиш истагида бўлган маҳалладошларим ушбу қурилманинг ишлаш жараёни, қулайликлари  билан яқиндан танишмоқда.

Таҳлилларга кўра, хонадонида 5 киловаттли қуёш панеллари ўрнатган оила, ўз эҳтиёжидан ортган 20 киловаттгача энергияни сотиш имкониятига эга. Бу рақамлар календарь кунига бўлиб чиқилса, кутилаётган фойда миқдорини чамалаб олиш қийин эмас. Бундан ташқари, қуёш панеллари ўрнатган хонадонларга ҳеч қандай қўшимча электр ҳисоблагичлар ўрнатилмайди. Аввалдан ўрнатилган “ақлли” ҳисоблагичлар сотилаётган ва давлат томонидан олинган электр энергиясини  ҳисоблаш имконини беради.

Тошлоқ тумани истеъмолчиларига жорий йил учун 250,6 миллион киловатт-соат электр энергияси талаб этилади. Амалда эса, қарийб 237 миллион киловатт-соат электр энергияси етказиб берилиши прогноз қилинмоқда. Демак, 13,7 миллион киловатт-соатлик танқислик мавжуд. Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида 266 та бинога 2,5 мегаваттли қуёш панеллари ҳамда 1 минг 900 литрлик гелиоколлекторлар ўрнатиляпти.

– Электр энергиясидан фойдаланиш ҳажми йилдан-йилга ортиб бораётган бир пайтда муқобил энергиядан фойдаланиш оммалашаётган қувонарли, албатта, – дейди Тошлоқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Камолиддин Умаров. – Айни пайтда аҳоли билан мулоқотларимизда қуёш панелларидан фойдаланишнинг қулайликлари, бу борада мавжуд имтиёз ва имкониятлар ҳақида маълумотлар беряпмиз. Шу кунга қадар турли объектларга 545 киловаттлик қуёш панеллари, 8 та сув иситиш қурилмаси ўрнатилди. Бунинг учун аҳолига тижорат банклари томонидан 16 фуқарога 260 миллион сўм кредит ажратилди. Айни пайтда яна кўплаб юртдошларимизга қуёш панеллари хариди учун кредит ҳужжатлари тайёрланмоқда.

“Қуёшли хонадон” лойиҳаси доирасида 78 хонадонга 206 киловаттлик қуёш панеллари ўрнатилди. Электр энергияси билан боғлиқ танқисликни қоплаш мақсадида барча ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идоралари,  тадбиркорлик субъектларининг қуёш панеллари ўрнатиш, энергиятежамкор жиҳозлардан фойдаланиш борасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш чоралари кўрилмоқда.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Фарғона вилоятида 3 минг 703 та хонадонга 20 мегаватт, тадбиркорлик субъектларининг бино ва иншоотларига 22,8 мегаватт, ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларига эса қуввати 10,5 мегаватт бўлган қуёш панелларини ўрнатиш режалаштирилган.

– Шу кунга қадар 1 минг 774 хонадонга қуввати 3,2 мегаватт, тадбиркорлик субъектлари томонидан эса 3,5 мегаватт бўлган қуёш панеллари ўрнатилди. Шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида 8,5 мегаваттлик ана шундай қурилмалар фойдаланишга киритилди, – дейди Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси матбуот котиби Абдуваҳоб Турдиев. – Умумий қуввати 50 киловаттгача бўлган қуёш панелларини ўрнатган жисмоний шахсларга ўз истеъмолидан орттириб ягона тизимга узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига давлат бюджетидан 1000 сўмдан субсидия ажратилиши белгиланган. Қуёш панеллари ўрнатган истеъмолчилар бу борада онлайн равишда худудий электр тармоқлари корхоналари билан шартномалар тузмоқда.

“Қуёшли хонадон” дастури орқали келиб тушаётган мурожаатлар мутахассислар томонидан ўз вақтида ўрганилиб, қуёш панелларидан фойдаланиш талаблари, мавжуд имтиёз ва имкониятлар юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Тараққиёт стратегиясида белгилаб қўйилганидек, 2026 йилга бориб мамлакатимизда қуёш ва шамол электр станциялари қуввати 8 минг мегаваттгача, гидроэлектр станциялари қуввати эса 2 минг 920 мегаваттгача оширилади. Натижада ишлаб чиқарилаётган ялпи электр энергиясида қайта тикланадиган энергия улуши 25 фоизга етади, 3 миллиард метр куб табиий газ тежалади ва бу орқали 1 миллион хонадонни 1 йил давомида газ билан таъминлаш имкони яратилади. Тежаб қолинган бу миқдордаги табиий газдан эса, 15 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш мумкин, бошқача айтганда, бу бугунги кунда мамлакатимизда жисмоний истеъмолчиларнинг 98 фоизини бир йил давомида электр энергия билан таъминлаш учун етарли бўлади.

Шу билан бирга, 2023–2030 йилларда мамлакатимизда 11 та йирик, 9 та ўртача ва 8 та кичик ва микро гидроэлектр станция қурилиши режалаштирилган. Янги ГЭСларни ишга тушириш ҳисобига эса йилига 5,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади ва 1,74 миллиард метр куб табиий газ тежалишига эришилади.

Ўзбекистоннинг “яшил энергетика” борасида амалга ошираётган бу каби йирик ва ҳаётбахш лойиҳалари ва айни йўналишга доир яқин ва узоқ истиқболга мўлжаллаган катта мақсадлари таҳсинга сазовор. Негаки, давлатнинг қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш борасида амалга ошираётган сиёсати, биринчи навбатда, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини электр энергияси билан барқарор таъминлашга хизмат қилса, иккинчи томондан, табиий углеводород захираларини тежаш орқали саноатнинг бошқа тармоқларини жадал ривожлантиришга замин ҳозирлайди.

Учинчидан эса, атмосферага зарарли газлар чиқарилишининг олдини олиш ҳисобига иқлим ўзгаришлари, ўз навбатида, ушбу ҳолат келтириб чиқараётган қурғоқчилик, чанг-тўзон кўтарилиши, сув танқислиги каби қатор муаммолар оқибатини юмшатишга имконият яратилади.

Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ,

Расулжон КАМОЛОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбирлари