Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, СЭОМ тизимида меҳнат қилаётган кўп минг сонли тиббиёт соҳаси ходимлари, вилоят жамоатчилиги бу ҳолатдан ниҳоятда муатассир бўлдик. 

Мазкур видеоёзувдаги воқелик – раҳбар, тиббиёт соҳаси вакили учун шармандали ҳол. Ҳар қанақасига олганда ҳам ўз ходимларига бундай муомала кўрсатаётган раҳбарни умуман оқлаб, тушуниб бўлмайди.

Мана шундай воқелик айнан Тошкент вилоятида содир бўлгани, орамизда шундай раҳбарларнинг борлиги – барчамизни янада ҳушёр торттирди. Президент ҳар бир чиқишида, ҳар бир сўзида раҳбарларни халқ билан мулоқотда адолатли, ҳалол, маданиятли бўлишга даъват этиб, қатъий топшириқ бериб турганда, афсуски, вилоят ташкилотида раҳбарлик курсисида ўтирган кимса барчамизнинг бу борадаги умумий меҳнатимизни кенг жамоатчилик олдида ҳавога совурандек бўлди, назаримда. Қолаверса, пандемия вақтида туну кун ишлаётган СЭОМ, кенг маънода, тиббиёт соҳаси ходимларини мулзам қилди.

Узоқ йиллар давомида тиббиёт соҳаси ва давлат бошқарувида масъул вазифаларда ишлаб келаётган инсон сифатида, бу ҳолатга қандай баҳо бериш, изоҳ ёзишга лолман. Очиғини айтганда, фаолиятим давомида бундай ёқимсиз манзарага илк марта дуч келаяпман. 

Айни дамда тизимда фидокорона меҳнат қилган не-не заҳматкаш устозларим, дўстларим ёдимга тушаяпти. Шу маънода, унинг бу муомаласи бизнинг вилоятда ишлаётан неча-неча қалби пок, маданиятли, олийжаноб раҳбарлар, тиббиёт фидойиларига нисбатан ҳам ҳурматсизликдир. 

Ҳурматли вилоятимиз тиббиёт ходимлари! Бугунги синовли кунларда сизнинг меҳнатларингизни бутун халқимиз, давлатимиз раҳбари, эътироф этиб, ҳамжиҳат билан қўллаб-қувватлаб турганда, биз - Тошкент вилояти жамоатчилиги ҳам бу вазиятда сизлар билан ҳамфикр, якдил эканимизни билдирамиз

Сайёра Файзиева,

Маънавият ва маърифат маркази Тошкент

вилояти кенгаши раҳбари,

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати – Ижтимоий-маданий

ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссия раиси