Яқинда пойтахтимизнинг Сергели тумани ҳокимлиги биносида “ягона дарча” тамойили асосида йўлга қўйилган янгича иш шакли айни йўналиш илғор тажрибаларини ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир.
Бу ерда ички ишлар идораларига мурожаат йўллаш учун ўрнатилган смарт-қурилма тизимдаги энг сўнги янгиликлардан бири бўлди. Айни қурилма орқали Сергели туманидан юртимиз ва хориж фуқаролари уч–ўзбек, рус ва инглиз тилида мазкур туман ва Тошкенг шаҳар ички ишлар бошқармалари ёки Ички ишлар вазирлиги навбатчилик қисмларига тўғридан-тўри онлайн мурожаат йўллаши мумкин.
– Қурилма орқали мурожаат йўллаш жуда оддий ва осон, – дейди Тошкент шаҳар Сергели тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходими, лейтенант Сабина Қаҳрамонова. – Фуқаро дастлаб мурожаат тилини, кейин эса у йўлланадиган ички ишлар идорасини танлайди. Бироз ўтиб экранда навбатчилик қисми инспектори кўринади ва унга мурожаат қилинади. Буни қабул қилиб олган соҳа ходими эса масалани бартараф этиш учун тегишли тартибда йўналтиради. Айтайлик, мурожаат Сергели туманидаги биронта маҳаллада содир бўлган жиноий ишга доир бўлса, ўша ҳудуд ички ишлари ходими тезкор хабардор қилинади ва бошқа зарур чоралар кўрилади. Эътиборли жиҳати, бу ерда фуқаро ички ишлар ходимининг иши ва муомала маданиятини баҳолаш имконига ҳам эга бўлади.
Жамоатчилик вакиллари мазкур смарт-қурилма шунчаки ҳисоботлар тайёрлабгина қолмай, муаммоларга реакция билдириш, уларни ечиш вақтини чиндан ҳам қисқартирса, бу – бир неча йиллардан бери айтиб келинаётган «электрон ҳукумат» сари қўйилган дадил қадам бўлишини таъкидлашмоқда.
Маълумот учун, яқинда пойтахтимизнинг Сергели туманида бўлган Президент Шавкат Мирзиёев бундай қурилмаларни одамлар гавжум жойлар ва бозорларга ўрнатиш ҳақида кўрсатма берган эди.
Х. Салимов,
журналист