Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган "Рақамли авлод қизлари-2021" форуми мамлакатимизда қизларнинг ахборот-технологиялари соҳасига қизиқишини ошириш ҳамда иштирокини рағбатлантиришга, таълимни тарғиб қилишга ва етакчилик қобилиятини ривожлантиришга қаратилган.
— Юртбошимиз томонидан иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг турли соҳаларда ўз ўрнига эга бўлиши ҳамда уларни замонавий касбларга йўналтиришга алоҳида этибор қаратилмоқда, — деди Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги раҳбари Ҳилола Умарова. — Ушбу форум ҳам айни шу мақсадни кўзда тутади.
Ушбу лойиҳа эшитишида нуқсони бор қизларга ҳам ўз иқтидорларини намойиш этиш имконини яратди. Қатнашчилар таълим, тиббиёт, туризм соҳаларида маълум ижтимоий муаммо ечимига йўналтирилган лойиҳалар ишлаб чиқишди.
Форумда 1241 нафар қизлар қатнашиш истагини билдириб, улардан 45 нафари 2 босқичли саралаш асосида танлаб олинди. Форумнинг биринчи тақдимоти даун синдромли болаларнинг умумий таълим олишига йўналтирилган "Порла" ижтимоий лойиҳасининг мобил иловаси ҳақида бўлди. Тақдим этилган лойиҳалар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди ва ҳар бир йўналиш бўйича энг долзарб ва инноватив деб топилган лойиҳа иштирокчилари рағбатлантирилди.
Таълим йўналиши бўйича ғолибликни қўлга киритган даун синдромли болаларнинг умумий таълим олишига йўналтирилган "Порла" ижтимоий лойиҳасининг мобил иловаси кўпчиликнинг эътиборини тортди. Тиббиёт йўналиши бўйича тақдим этилган E-Med лойиҳаси ҳам Форумда энг яхши лойиҳалардан бири деб топилди. Ушбу лойиҳа юртимиздаги барча тиббиёт масканлари, тиббий варақалар ва тиббий ташхислар билан боғлиқ барча маълумотларни электрон шаклга ўтказишни таъминлашга қаратилган.
Туризм йўналишида тақдим этилган гидлар топиш, ташрифлар бўйича “Review” ва хизматларнинг аниқ нархлари кўрсатилган маълумотларни жамлашга қаратилган лойиҳа соҳа бўйича мавжуд муаммолар ечимига йўналтирилган.