Ҳар бир давлат ва жамиятнинг фаровон ҳаёт кечириши, аввало, кучли иқтисодиёт орқали таъминланади. Унинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи саналмиш бизнес эса ҳар қачонгидан-да эътибор талаб қилинадиган соҳадир. Дарҳақиқат, тадбиркорлик учун етарлича тараққиёт пойдеворлари мавжуд бўлган ҳар бир давлатда ушбу соҳа гуллаб-яшнаши табиий ҳол. Қолаверса, бу борада халқда ишонч ва қизиқиш ҳисси юзага келади. Юртимизда бу борада ташланган дастлабки қадамлар натижаси яна ва яна ривожланишга ундамоқда. Рақамлаштириш жараёнининг асосий иштирокчи тармоқларидан ҳисобланган иқтисодиёт, шу жумладан, тадбиркорлик соҳасида бугунги кунга келиб салмоқли ишлар амалга оширилди.
Хўш, рақамли иқтисодиёт, яъни рақамли маркетинг нима ва у қандай юзага келган, ундан инсоният қандай истиқбол кутади? Технология ўсишда ва ривожланишда давом этар экан, рақамли маркетинг ҳам шу зайлда ривожланади деб тахмин қилиш мумкин. Рақамли маркетинг рақамли иқтисодиётнинг ривожи, рақамли иқтисодиёт эса бугунги дунё давлатларининг тараққиёти учун асосий “драйвер” вазифасини бажаради.
Ҳозирги кунда деярли барча дунё халқлари рақамли технологиялардан бевосита ёки билвосита фойдаланмоқда. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу кўрсаткич кейинги бир неча йил ичида жуда катта суръатларда ошди. Веб кичик ва ўрта бизнес учун чексиз имкониятларни тақдим этди, жумладан, рақамли реклама бутун реклама ҳаракатларининг муҳим қисмига айланди.
Рақамли маркетинг — бу рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда маҳсулот ёки хизматларнинг маркетинги, асосан, интернетда, шу жумладан, мобил қурилмалар, реклама ва бошқа ҳар қандай рақамли воситалар шулар жумласидандир.
1990 ва 2000 йиллардан буён рақамли маркетингнинг ривожланиши брендлар ва корхоналарнинг маркетинг учун технологиядан фойдаланиш усулларини ўзгартирди. Рақамли платформалар маркетинг режалари ва кундалик ҳаётга тобора кўпроқ киритилаётгани ва одамлар жисмоний дўконларга ташриф буюриш ўрнига рақамли қурилмалардан фойдаланишлари сабабли, рақамли маркетинг компаниялари кенг тарқалди. Хусусан, юртимизда ҳам шу каби интернет бозорлар, рақамли сервислар ишга тушганига гувоҳ бўлишимиз мумкин, жумладан, Express.uz, Zoodmall.uz, Yandex taxi.uz, My taxi.uz ва шу кабилар.
Форбес расмий реклама электрон манбасига кўра, интеграциялашган глобал маркетингга эътибор кучаяди, истеъмолчиларга бир хил мавзунинг турли томонлари бўйича электрон почта каби бир нечта контент манбалари ўртасида алоқа ўрнатиш имкони ортади, компанияларнинг маълумот ва чуқур таҳлиллардан фойдаланиши ошиб кетади.
Ҳозирда, рақамли иқтисодиёт ривожининг замонавий босқичида, Ўзбекистон унинг шаклланиш даври ва ривожланишининг юқори динамикаси билан характерланади. Мавжуд жаҳон тенденцияларини эътиборга олиб, Ўзбекистон учун жамият ҳаётининг барча соҳаларида АКТни жадал қўллаш, шунингдек рақамли технологияларнинг умумий ривожланиши инновацияларни ҳаракатлантирувчи кучига айланади ҳамда жаҳон иқтисодиётига интеграция ва уйғунлашиш имконини беради. Кўпгина давлатлардаги каби, ушбу илмий тадқиқотлар республикамиз учун долзарб ҳисобланади. Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт ривожланишининг ўзига хос томонлари унинг шаклланишини ўрганиш ва таҳлил қилиш, шунингдек, корхоналарда замонавий АКТ татбиқ қилишнинг асосий муаммоларини аниқлаш, рақамли иқтисодиёт шаклланиши шароитида корхона фаолиятини ташкил қилишни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
Муваффақиятга эришиш учун эртанги кундаги рақамли маркетинг компаниялари ушбу келажакдаги муаммоларни ҳал қилиш ва саноатнинг олдинги сафларида қолиш учун таълим ва кўникмаларга эга ишчи кучига муҳтож бўлади.
Рақамли маркетинг электрон қурилма ёки интернетдан фойдаланадиган барча маркетинг ҳаракатларини ўз ичига олади. Корхоналар жорий ва бўлажак мижозлар билан боғланиш учун қидирув тизимлари, ижтимоий медиа, электрон почта ва бошқа веб-сайтлар каби рақамли каналлардан фойдаланади.
Рақамли макетинг бизга анъанавий усуллардан кўра кўпроқ аудиторияга эришишга ёрдам беради ва маҳсулот ёки хизматимизни сотиб олиш эҳтимоли юқори бўлган истиқболга йўналтиради. Бундан ташқари, у анъанавий рекламага қараганда кўпинча тежамлироқ бўлиб, муваффақиятни ҳар куни сарҳисоб қилиш ва ўзимиз хоҳлаган усулда ҳаракатлантириш имконини беради.
Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, рақамлаштиришнинг юқори суръатда ўсиб бориши яқин келажакда ҳақиқатда улкан ўзгариш ҳамда ижобий натижаларга олиб келади. Айниқса, иқтисодиётга бўлган таъсири ҳамда ўзгариши сезиларли даражада бўлиши ва бу кутилган келажакнинг ўзига хос мусбат ҳосиласини юзага келтиради. Ушбу йўналишни қўллаб-қувватлашимиз ҳамда жараённинг бевосита иштирокчиси ёки қайсидир маънода унга катализатор бўлишимиз керак.
Саёҳат АҲРОРОВА,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси