– Бугун тадбирнинг асосий мақсади ҳам Моделлаштириш маркази ҳақида батафсил маълумот беришга йўналтирилган. Авваллари ҳамма маълумотлар қоғозда бўлган бўлса, ҳозир ҳамма маълумотлар рақамлаштирилди.  Нефть-газ соҳасида юқори даражага эришиш, геологик тадбирларни самарали ташкил этишда айнан шу марказ фаолияти муҳим ўрин эгаллайди. Албатта, тизимга рақамлаштиришнинг жорий қилинганидан кейин ишимиз янада жадаллашди ва самарадорлик юқори бўлди, дейди - “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Беҳзод Усмонов. - Янги конларни  бурғилаш ва  улардан газ ишлаб чиқариш доимий режамиз ҳисобланади. Жорий йилда 123 та янги конлар бўйича ишлаяпмиз.  Мавжуд конларни ҳам капитал таъмирлаш орқали мўлжалга эришиш мақсадида хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Шу билан бирга, газни қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш жараёни ҳам  рақамлаштирилади. Яъни,  бу борада “Е-kon” лойиҳаси жорий қилинмоқда. Бундан кўзланган мақсад ҳар бир коннинг  ҳудудида газ ишлаб чиқаришни онлайн кўриб туриш ва уларда зарур бўлган  ишларни амалга оширишдир, – деди Б.Усмонов.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, соҳамутахассислаирнинг  берган маълумотларига кўра,  Моделлаштириш маркази  томонидан 2019-2023 йиллар мобайнида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги 7200 дан ортиқ қудуқ бўйича 470 мингга яқин геологик ва техник маълумотлар, 1400 дан ортиқ қудуқ бўйича 44 мингта геофизик тадқиқотлар натижалари ва 5476 километр квадрат, 750 та сейсмик маълумотлар рақамлаштирилган.

– Аҳамиятлиси, маълумотларни яхлит тизимда бирлаштириш асосида Ўзбекистон нефть ва газ саноатининг ягона Миллий маълумотлар базаси ташкил қилинди. Миллий маълумотлар базасини лойиҳалаштириш, зарур моддий-техник ресурсларни етказиб бериш, уларни ўрнатиш ва ишга туширишда АҚШнинг “Schlumberger” компанияси билан ҳамкорлик қилинди. Айни пайтда углеводород конларини рақамли 3Д геологик ва гидродинамик моделларини тузиш ва ишлаб чиқаришга босқичма-босқич татбиқ этиш ишлари амалга оширилмоқда. Ер ости геологик маълумотларини рақамлаштириш орқали 122 та коннинг рақамли геологик, 83 та коннинг гидродинамик, 52 та коннинг ер усти тармоқ моделлари, 6 та интеграл, 2 та регионал моделлари ва 4 та коннинг “Techlog” лойиҳалари  ишлаб чиқилди, – деди ушбу марказ  бўлим бошлиғи Анвар Муротов.

Моделлаштиришнинг афзаллиги шундаки, рақамли геологик, гидродинамик ва тармоқ моделларни ишлаб чиқаришга жалб қилиниши натижасида мавжуд рисклар камайтирилишига эришилди. Хусусан, “Қуйи Шарқий Бердақ”, “Қуйи Сургил”, “Шўртан”, “Денгизкўл”, “Алан”, “Тегирмон”, “Қулбешкак”, “Дояхотин” ва кўплаб бошқа конлардаги бурғилаш учун мўлжалланган 150 тадан ортиқ қудуқнинг лойиҳавий жойлашув ўрни қайта кўриб чиқилиб, истиқболи юқори бўлган жойларга ўзгартирилди ва конструкцияси оптимизация қилиниб, ижобий натижага эришилмоқда. Ишлатилаётган конларда геологик риск илгари 40-45 фоиз бўлган бўлса, ҳозирда 5-10 фоизгача камайтирилди. Рақамли трансформация натижасида олинган самара 66,7 миллион долларни ташкил этди.

Пресс-турда марказ томонидан 2023 йилда конларнинг геологик ва гидродинамик моделларидан ташқари уларнинг тармоқ ва регионал моделларини яратиш ҳамда ишлаб чиқаришга интеграция қилиш ишлари амалга оширилиши ҳақида ҳам сўз юритилди. Унга кўра, жорий йилда янги очиладиган барча конларнинг геологик модели, 28 та коннинг гидродинамик модели, 40 та коннинг тармоқ моделлари, шунингдек, Муборак ва Шўртан нефтгаз ҳудудлари бўйича ҳамда Бухоро – Хива региони риф тизимига оид, жами 3та регионал моделлар тузилади.

Пресс-тур доирасида журналистлар,  “O‘ZLITINEFTGAZ” акциядорлик жамияти фаолияти билан ҳам танишишга муваффақ бўлди.  Жамият бошқаруви раиси Улуғбек Назаров “Ўзбекнефтгаз” АЖ конларини рақамлаштириш бўйича “Е-kon” лойиҳасининг мақсади ва ундан кутилаётган натижалар хусусида  маълумот берди.

–  “O‘ZLITINEFTGAZ” АЖ  жамият тасарруфидаги конларни эксплуатация кўрсаткичларини прогноз қилиш воситалари ёрдамида жадал суръатларда углеводород хомашёсини қазиб олиш тизимини тезкор таҳлил қилиш ва бошқариш бўйича дастурий-техник комплекси ишлаб чиқилмоқда. Ишлаб чиқилаётган тизимнинг мақсади ер усти жиҳозлаш тизимлари билан интеграциялашган тарзда табиий газни қазиб олишни тўлиқ ахборотлаштириш ва рақамлаштиришдан иборат. Бу орқали конлардаги қазиб олинган табиий газни йўлдош сувдан ажратиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, ҳар бир қудуқнинг технологик иш режимларини ва умуман, конларни оптималлаштириш бўйича қудуқ унумдорлигининг ҳақиқий қийматларини ҳисобга олишга эришилади. Бугунги кунга қадар “Е-kon” базавий дастурий-техник комплекси, шунингдек, конларни рақамлаштиришнинг ер усти жиҳозлашни тезкор бошқариш тизими (SCADA) ишлаб чиқилган, – деди жамият бошқаруви раиси Улуғбек Назаров. 

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

"Янги Ўзбекистон" мухбири