Шу ўринда, судлар фаолиятида ҳам замонавий технологияларни кенг жорий этилиши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун судларга мурожаат қилишларини эркинлаштириш, одил судловга эришишни ошириш ва судлар фаолиятида ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш имконини бермоқда.

Бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш ҳамда судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида жорий йилнинг 21 августида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларнинг юритилишини босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказиш судлар фаолиятини рақамлаштиришнинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Фармон билан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини ошириб бориш, суд ҳужжатларидан нусха олиш, суд ишлари билан танишиш, аризанинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилигини аниқлаш, сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш имкониятини яратиш, шунингдек, суд томонидан тақиқланган манба ва контентларнинг электрон реестрини юритиш кўзда тутилди.

“Рақамли суд” концепциясини амалга ошириш доирасида судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатлар шакллантирилади, мурожаатлар судга электрон шаклда юборилади, ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмайди ва суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этади, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади, суд харажатлари электрон шаклда ҳисобланади ва тўланади, шунингдек, ижро варақалари автоматик равишда ижрога юборилади, сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланади.

Бугунги кунда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан “Адолат” ахборот тизими ишга туширилган бўлиб, мазкур тизим орқали судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, улар юзасидан олиб борилган процессуал ҳаракатлар ва уларнинг натижалари ҳақида хабардор қилиш, суд ҳужжатларини электрон шаклда олиш ҳамда судларнинг интерактив хизматларидан фойдаланиш мумкин.

“Адолат” ахборот тизими иқтисодий, фуқаролик ва маъмурий низолар доирасида судларга электрон мурожаат киритишда соддалаштирилган ва фуқаро ҳамда юридик шахслар учун бугунги кундаги керакли тизим ҳисобланади. Мазкур тизим орқали, жиноят ишлари бўйича судларга ҳам фуқаролар томонидан ариза, илтимоснома ва шикоятлар киритиш мумкин.

Бизнингча, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, “Адолат” ахборот тизими орқали судлар томонидан ижро варақаларини автоматик равишда ижрога юборилиши фуқаро ва тадбиркорлар учун ортиқча оворагарчиликларни, бюрократияни олдини олишга ҳамда ундирув ҳаракатларини тезроқ амалга оширишга ёрдам беради.

Айни вақтда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан фаолияти йўлга қўйилган электрон тўлов тизими соддалаштирган ҳолда “Адолат” ахборот тизимининг ўзида, яъни судларга даъво аризаларини киритиш жараёнида автоматик тўлов қилиш имкониятини яратилиши мақсадга мувофиқ.

Фармондан келиб чиқиб, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имкониятини яратилиши одил судловга эришишдаги муҳим қадам бўлиб, судларга келгусида қабул қилган қарорлари юзасидан шикоят ва эътирозлар бўлишини олдини олади.

Шунингек, Президент Фармонида судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш юзасидан устувор вазифалар белгиланди.

Сунъий интеллект судлар фаолиятининг қуйидаги йўналишларида фойдаланиш кўрсатиб ўтилди, хусусан сунъий интеллект ёрдамида суд харажатларини ҳисоблаш, суд муҳокамасининг тахминий натижаси ва сарфланадиган харажатларни шакллантириш, суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрлаш, виртуал маслаҳатчини яратиш кабилар.

Ушбу йўналишларда сунъий интеллект имкониятларидан тўғри ва тўлиқ фойдаланиш нафақат фуқаро ва тадбиркорлар учун, шу билан бирга суд тизими ходимлари учун ҳам ўзининг самарасини бериши табиий. Жумладан, бугунги кунда иқтисодий ва фуқаролик судларидаги иш ҳажмининг кщплиги, судларда кўрилаётган ишларнинг меъёридан ортиқ юкламаси судья ёрдамчилари учун суд мажлиси баённомаларини ёзишда ўзига хос қийинчиликлар туғдирмоқда.

Фармон ижроси асосида сунъий интеллектнинг жорий этилиши орқали суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида тайёрланиши ўз навбатида судларда иш ҳажми ва юкламанинг камайишига, суд тизими ходимларининг иш унумдорлиги ошишига ёрдам беради.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, нафақат судлар фаолиятини рақамлаштириш, одил судловда замонавий ахборот технологиялардан кенг фойдаланиш ўз навбатида халқимизга ўз муаммоларини судлар орқали очиқ, ошкора ва тезкор ҳал қилишлари учун оддий ва содда тизим яратилишидаги муҳим қадамдир.

 

                                                                                                          Дилдора Базарова,

Тошкент давлат юридик университети

профессори